НАТО бош котибининг Афғонистонда ушбу ташкилот ҳарбий кучлари сонини янада оширишга қаратилган баёноти
(last modified Thu, 15 Feb 2018 07:34:50 GMT )
феврал 15, 2018 12:34 Asia/Tashkent

Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти - НАТО бош котиби ушбу ташкилотнинг Афғонистондаги ҳарбий кучлари контингентини янада кўпайтирилишини таъкидлади.

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "НАТО бош котибининг Афғонистонда ушбу ташкилот ҳарбий кучлари сонини янада оширишга қаратилган баёноти”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

        Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти - НАТО бош котиби ушбу ташкилотнинг Афғонистондаги ҳарбий кучлари контингентини янада кўпайтирилишини таъкидлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ўз чиқишида шундай маълум қилдики, НАТО кучларининг Афғонистондаги ҳарбий кучлари сонини янада ошириш масаласи эҳтиёждан келиб чиқмоқда. Унга кўра, НАТО ҳарбийларининг Афғонистондаги сонини кўпайтириш НАТОнинг ушбу мамлакатдаги хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбуриятлари доирасида амалга ошади. Охирги ҳафталарда Афғонистоннинг турли шаҳарларида жумладан Кобул шаҳрида қонли террорчилик ҳужумлари содир этилди ва ушбу ҳужумлар ортидан юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳаётдан кўз юмди ва оғир тан жароҳати олишди. Шундан сўнг хорижлик ҳарбий кучлар кўламини янада кенгайтириш мавзуси муҳокама қилина бошланди. Айни пайтда, Афғонистонда 15 минг нафардан зиёд америкалик ҳарбийлар жойлашиб олган ва ушбу кучлар билан бирга НАТОнинг уч минг нафар ҳарбийлари ҳам жой олган. Америка қўшма штатларининг ҳарбийлари терроризмга қарши кураш баҳонасида НАТОга аъзо бўлган бошқа мамлакатлар ҳамроҳлигида 2001 йилда Афғонистонга кириб олди.

      Лекин ушбу АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари ҳозирга қадар ноҳарбий бўлган тинч аҳолини ўлдириш ва Афғонистон инфратузилмасини вайрон қилиб ер билан яксон қилишдан бошқа ҳеч қандай ижобий натижаларга эришгани йўқ. Шунингдек, ушбу юртда тинчлик ўрнатилиши ўрнига аксинча нотинчликлар янада авж олди ва кун сайин қон тўкишга қаратилган ҳаракатлар кенгайиб кетмоқда. НАТО бош котибининг Афғонистонда НАТО ҳарбий кучлари сонини янада ошириш ҳақида билдирган баёнотидан олдин ҳам, АҚШ ва НАТО расмийларининг сўнги йилларда шу каби мавзуларни кўтариб чиққанлари ортидан, Афғонистонда уларнинг баёнотларига қарши кескин қаршиликлар юзага келди. Хорижлик ҳарбий кучларнинг 15 йилдан кўпроқ вақт давомида Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишлари ва муваффақиятсизликка юз тутишлари сабабли, Афғонистон халқида ва партияларида, ҳаракатларида ҳамда расмийлар даражасида Америка ва НАТО ҳарбий кучлари кўламини янада оширишга бўлган қарашлари ва нуқтаи назарлари кескин салбий ўзгарди. Афғонистон жамиятининг ушбу мулоҳазалари шуни англатмоқдаки, хорижлик ҳарбийларнинг Афғонистонда кўпайиши толибон гуруҳи ҳаракатларининг ва зўравонликларнинг янада шиддатли тус олишига сабаб бўлади.

      Афғонистонда сиёсий масалалар бўйича эксперт Аҳмад Саъидийга кўра, хорижлик ҳарбийлар сонини ошириш, ушбу мамлакатда уруш ва қон тўкилишларнинг янада кўпайишига туртки беради ва ушбу юртда тинчлик ва сулҳ ўрнатилишига ҳеч қандай ёрдам кўрсатмайди. Афғонистон давлати ва халқи Ғарбнинг Афғонистон қуролли кучларига ҳарбий таълим ўргатиш ва маслаҳат бериш каби чораларни кўришда кўмак қилишни истаганларидан кейин, Америка қўшма штатлари ва НАТО ўз ҳарбий кучларини Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш ҳақида қарор қабул қилган эди. АҚШ президенти Барак Абама фаолиятининг охирги йилларида ва АҚШнинг ҳозирги президенти Доналд Трампнинг даврида Афғонистон юртида хорижлик кучларнинг сонини оширишга қаратилган баҳслар шуни кўрсатмоқдаки, Оқ уйнинг Афғонистон урушини тугатиб ўз ҳарбийларини олиб чиқиш доирасидаги режалари барбод бўлган. НАТО ва Американинг Афғонистон бўйича сиёсатларининг натижаси шуни яққол намоён этдики, улар Афғонистонда боши берк кўчага кириб қолишган ва зўравонликлар ҳамда нотинчликлар уларни ушбу юртдан чиқиб кетишлари учун катта тўсқинлик қилади. Америка томонидан Афғонистонни ишғол этган йилларнинг бошида, Афғонистонда 150 минг нафардан зиёд хорижлик кучлар ушбу юртга кириб жойлашиб олишган эди. Лекин ўша пайтларда ҳам, АҚШ ва НАТО Афғонистонда зўравонлик ва терроризмга қарши курашда таъсирли ва сезиларли ҳеч қандай чораларни кўра олишмади.

      Шунинг учун, Афғонистондаги хорижлик кучлар сонини янада кўпайтиришга қаратилган баёнотларга Афғонистон юртидаги турли табақалар ва доиралар томонидан кескин қаршилик кўрсатилмоқда, бундан ташқари Ғарбнинг тадқиқот марказлари ҳам АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонга янги ҳарбий кучларни сафарбар қилишга қаратилган режаларини кескин танқид қилишмоқда. Негаки, Америка ва НАТО ушбу сиёсатларида муваффақиятсизликка учраган эди. Лекин ушбу барбод бўлган сиёсатларини яна такрорлашмоқда. Ҳозирги шароитда, Афғонистон давлати ва халқининг Америка ва НАТОдан асосий талаби ва сўрови уларнинг мажбуриятларидан келиб чиқиб, террорчиларнинг таҳдидларига қарши кураш олиб бориш мақсадида, Афғонистон армияси ва полициясини қурол-яроқ билан таъминлаш ва уларга ҳарбий таълим беришда ёрдам кўрсатиш холос. Афғонистон исломий жамияти партиясининг ижроия раиси Ато Муҳаммад Нурнинг айтишича, дунё ҳамжамияти Афғон кучларини ҳарбий техникалар ва қуроллар билан таъминлаш айниқса, армиянинг ҳаво кучларини мустаҳкамлашга нисбатан эътиборсизликлар ортидан, Афғон хавфсизлик кучлари илгаригидек кучсиз ва заиф бўлиб қолмоқда. Натижада эса, Афғонистон хавфсизлик кучлари хорижлик кучларга таяниб қоладиган вазиятда қолмоқда. Америка ва НАТО Афғонистонда хавфсизлик бўҳрони масаласида боши берк кўчадан чиқиб кетиши учун, ҳарбий кучлар контингентини ошириш ўрнига Афғонистон давлатига хавфсизликни бошқариш имкониятини бутунлай ўзига топшириши керак ва ушбу мамлакатнинг мудофаа қудратини янада кучайтириш учун ўз мажбуриятларига амал қилиши лозим.   

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ