Британия элчихонасининг 23 нафар дипломатик ходимларининг Россия ҳудудидан чиқариб юборилиши
(last modified Sun, 18 Mar 2018 09:31:06 GMT )
март 18, 2018 14:31 Asia/Tashkent

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британия элчихонасининг 23 нафар дипломатик ходимидан Россия ҳудудини бир ҳафта муддат ичида тарк этишни талаб қилди.

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз " Британия элчихонасининг 23 нафар дипломатик ходимларининг Россия ҳудудидан чиқариб юборилиши”га доир мавзуга бағишланади.    

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британия элчихонасининг 23 нафар дипломатик ходимидан Россия ҳудудини бир ҳафта муддат ичида тарк этишни талаб қилди. Москва британиялик 23 нафар дипломатни персона нон грата деб эълон қилди. Улар бир ҳафта ичида Россиядан чиқиб кетишлари шарт. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.17 март шанба куни Россия ТИВга Британиянинг Москвадаги элчиси чақиртирилган ва унга Британия томонининг иғвогарона ҳаракатлари ҳамда Сергей Скрипалнинг заҳарланишида асоссиз айбловларига жавоб чоралари кўрилиши ҳақидаги нота топширилди. Россия ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, бундай чоралар Британия томонининг провокацион ҳаракатлари ҳамда Британиянинг Солсбери шаҳрида 4 март куни Россия Разведка бош бошқармасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль заҳарланиши туфайли Россия Федерациясига қўйилган асоссиз айбловлар туфайли қабул қилинган. Бундан ташқари, Россия Санкт-Петербургда Британия бош консулхонаси очилиши ҳақидаги розилигини қайтариб олади. Санкт-Петербургда Британиянинг бош консуллиги ўз ишини тўхтатади. Шунингдек, мақоми тартибга солинмаганлиги боис Британия кенгашининг фаолияти ҳам тўхтатилади.

      Вазирлик агарда Британия томони Россияга нисбатан нодўстона тарздаги ҳаракатларини давом эттирадиган бўлса, Россия томони яна бошқа жавоб чоралари қўллаши мумкинлигини билдирди. Кремль Россия Сергей Скрипалнинг заҳарланишига алоқадор эканини рад этди. Москванинг позицияси яхши маълум, Москва позицияси дипломатик каналлар орқали Лондонга етказилди, у Москва Британияда рўй берган ҳодисага ҳеч қандай алоқага эга эмаслигига асосланган», - дея маълум қилди Кремл матбуот котиби. Унга кўра, бу мавзу «Кремль масаласи эмас», сабаби Скрипаль Британия махсус хизматларидан бирига ишлаган ҳамда Британия ҳудудида заҳарланган. Аввалроқ Британия бош вазири Тереза Мэй Солсберида Россия разведка бошқармасининг собиқ полковниги Сергей Скрипал ва унинг қизи заҳарлангани сабабли мамлакатдан Россиянинг 23 нафар дипломати чиқариб юборилишини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Солсберидаги воқеага "катта эҳтимол билан" Россия алоқадор. Россиянинг Лондондаги элчиси мазкур вазиятни изоҳлар экан, россиялик дипломатлар Британияни 20 март куни тарк этишлари керак.

    Британия ва Россия муносабатлари кейинги ўн йилликлардаги энг қуйи нуқта томон тушиб бормоқда. «Сергей Скрипаль иши» туфайли расмий Лондон 14 март куни 23 нафар россиялик дипломат мамлакатдан чиқариб юборилиши ва Россия билан барча икки томонлама алоқалар музлатилишини маълум қилди. Москва томони бу юришни Россияга қарши асоссиз ҳаракатлар деб атади ва қарши жавоб бўлиши маълум қилинди. 4 март куни Англиянинг жанубидаги Солсбери шаҳарчасида Россия Разведка Бош бошқармаси собиқ полковниги, Россияда 2006 йили Британия фойдасига жосуслик қилиб, хиёнатда айбланган ва 13 йилга озодликдан маҳрум этилган, 2010 йилда маҳбуслар алмашинуви доирасида Британияга топширилган Сергей Скрипаль ҳаётига суиқасд қилинди. У билан бирга ёнидаги қизи Юлия ҳам заҳарланди. Уларни кома ҳолатида топишди. Сергей Скрипаль - ҳарбий разведкачи, 1999 йилгача Россия Разведка бош бошқармаси ходими бўлган, шу йили истеъфога чиққач, Россия Қуролли кучларининг захирадаги полковниги. У 2006 йилда Россияда давлатга хиёнат қилганлик учун жазога ҳукм қилинган, бироқ Россия ва АҚШнинг ўн нафар фуқаросини алмашиш бўйича операция доирасида 2010 йилда афв этилиб, Британияга келган ва мазкур мамлакатдан бошпана ҳуқуқини олган эди.

      Британия ҳукумати Сергей Скрипал ва унинг қизи собиқ иттифоқ даврида, россияликлар томонидан ишлаб чиқарилган асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганини айтмоқда. Асаб тизимини фалажлантирувчи «Новичок» моддалари Совет иттифоқида ўтган асрнинг 70-йиллари ва 80-йилларда ишлаб чиқарилган. У дунёда энг кучли кимёвий қуроллардан бири ҳисобланади. У билан заҳарланган киши вафот этиши ёки бир умрга ногирон бўлиб қолиши муқаррар. "Новичок" газининг 2 грами 500 кишини ўлдириши мумкин. Айни дамда, халқаро шартномаларга мувофиқ, Россия ўз ҳудудида ушбу газнинг барча захираларини йўқ қилган. 12 март куни Британия Россиядан бу борада изоҳ сўради ва бу модда Британия ерида пайдо бўлиб қолганига тушунтириш бериш учун бир кун муҳлат берди. Россия Федерацияси ҳукумати эса бу жиноятга алоқадорлигини инкор этди ва ультиматумни жавобсиз қолдириб, иш бўйича расмий ахборот тақдим этишни талаб қилди. Британия бош вазири Тереза Мэй 14 март куни 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилиши ва шу йили Россияда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати очилиш маросимида Британиянинг олий даражадаги амалдорлар ва қирол хонадони аъзоларидан иборат расмий делегацияси иштирок этмаслигини, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Лондонга кутилаётган ташрифи бекор қилиниши эълон қилди. Британия Вена конвенциясига асосланган ҳолда 23 нафар россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборади. Улар махфий хизматларнинг махфий жосуслари бўлиши мумкинлиги айтилди.

     Британия мудофаа вазири Москванинг Британиядан бўлган дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича жавоб чоралари ҳақидаги ваъдасини изоҳлади ва унга овозни ўчиришни маслаҳат берди. Биз қиладиган нарса – Россия бизнинг хатти-ҳаракатларимизга қандай жавоб беришини кўриш. Россия Солсберида уюштирган ҳолат, бу шафқатсиз ва ярамас акт. Биз бунга жавоб қайтардик. Ростини айтсак, Россия четга чиқиши ва овозини ўчириши керак, - дея маълум қилди     Британия мудофаа вазири. Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳам Солсберида Россия Разведка бошқармасининг собиқ полковниги Сергей Скрипални заҳарланишида катта эҳтимол билан Москва турганини таъкидлади. Скрипал иши бўйича НАТО бош котиби ҳам аралашди. НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг Британия ТИВ раҳбари Борис Жонсон билан суҳбат чоғида маълум қилишича, Британиянинг ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль заҳарланишида Россия изи бор эканига оид хавотирларини тўла қўллаб-қувватлайди.

       Британия Ташқи ишлар вазирлиги Британия Скрипаль иши доирасида БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари шошилинч йиғилишини чақиришини маълум қилган эди. Британия БМТ ХКда Россиянинг Скрипаль иши бўйича ташаббусини блоклади. Россия томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашининг 14 март кунги йиғилишида таклиф этилган, кенгашнинг матбуот учун қисқа ва фактологик баёноти лойиҳаси Британия вакиллари томонидан блоклаб қўйилди. У Британияда юз берган ва катта можарога олиб келган кимёвий ҳодисани маданиятли тарзда, тезкор суриштирувдан ўтказишга чақириши керак эди ҳамда бу Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти стандартларига мувофиқ амалга оширилиши лозим эди. Бироқ, у қўпол равишда, сиёсий сабаблар билан блоклаб қўйилди.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ