Владимир Путин тўртинчи бор Россия президенти лавозимини эгаллади
-
Владимир Путин тўртинчи бор Россия президенти лавозимини эгаллади
Россия президенти этиб сайланган Владимир Путин Катта Кремль саройидаги инаугурация маросимида қасамёд келтирди
Путин ўнг қўлини РФ Конституциясига қўйиб, қасамёд матнини қайтарган. Президентлик қасамёдининг ўттиз учта сўзи, худди давлат раҳбари мақоми каби, Конституциянинг тўртинчи бўлимида белгилаб қўйилган: "Россия Федерацияси президенти вазифасини бажаришда инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳурмат ва муҳофаза қилиш, Россия Федерацияси Конституциясига риоя этиш ва ҳимоя қилиш, давлат суверенитети ва мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда яхлитлигини ҳимоя қилиш, халққа ҳалол хизмат қилишга қасамёд қиламан".
Унинг тўртинчи бор давлат раҳбари лавозимини эгаллаши. Олдинги икки муддат 4 йилдан иборат бўлган эди. Энди у иккинчи бор 6 йиллик муддатга Россия президенти вазифасини бажаришга киришди. Унинг ваколатлари 2024 йил 7 майгача давом этади.
Инаугурация Катта Кремль саройида бўлиб ўтди, унга беш мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Путин россияликларга мурожаат билан ҳам чиққан.
Унинг таъкидлашича, "халқ ва Россия олдидаги жуда катта масъулиятини тушунади" ва “мамлакат келажаги тинч ҳамда фаровон бўлиши учун барча ишни” қилади.
Президент “инсонлар ва Ватанга хизмат қилишни” ўз ҳаёти мақсади деб атаган. Унинг қайд этишича, "Россия қудратли бўлади, одамлар эса яхшироқ яшай бошлайди". У россияликларга сайловларда ўз номзодини қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорлик ҳам билдирган.