Миллиардер Алишер Усмонов АРСЕНАЛдаги ҳиссаларини сотади
(last modified Tue, 07 Aug 2018 17:54:22 GMT )
август 07, 2018 22:54 Asia/Tashkent
  • Миллиардер Алишер Усмонов АРСЕНАЛдаги ҳиссаларини сотади

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Лондоннинг "Арсенал" клубидаги ҳиссаларини сотишга қарор қилди. Уларни клубнинг 67 фоизлик акциялари эгаси америкалик бизнесмен Стэн Кронке сотиб олиши мумкин.

Акцияларни сотиб олиш ҳақидаги эълон 7 август куни Лондон биржасида эълон қилинди. Усмоновнинг ҳиссаларини олгач Кронке KSE UK Inc ширкати орқали клубнинг ягона соҳибига айланиши мумкин.

KSE хабарида айтилишича, компания "Арсенал"нинг муомалада бўлган барча акцияларини сотиб олишни мўлжаллаган. Клуб 2 миллиард 400 долларга баҳоланади.

Усмонов Red and White Securities ширкати орқали клубнинг 18 минг 600 ёки 30 фоиз акциясига эгалик қилади. Тадбиркор уларнинг ҳар бирига 29,4 минг фунт ёки умумий ҳисобда 550 миллион фунт олиши мумкин.

"Биз жаноб Усмоновнинг "Арсенал" клубига садоқатини қадрлаймиз", дейилади KSE хабарида.

Ширкат "Арсенал" Англия премьер лигаси, Чемпионлар лигаси ва клуб иштирок этиши мумкин бўлган бошқа турнирларда ғалаба қозонишга умид билдирган.

Кронкенинг таклифи клубда кўп йиллардан бери давом этиб келаётган акционерлар можаросига барҳам бериши мумкин.

Усмонов клубнинг акцияларини илк маротаба 2007 йили сотиб олганди, бироқ шундан бери клубнинг директорлар кенгашига киролмасдан келмоқда.

У "Арсенал"нинг молиявий сиёсатини бир неча маротаба танқид қилган. Унга кўра, жамоага етарли сармоя киритилмаяпти.

2012 йили Усмонов клубнинг бошқаруви, хусусан етакчи ўйинчи Робин ван Персини "Манчестер Юнайтед" клубига сотиб юборилишини кескин қоралаб очиқ хат билан чиққан эди.

Олти йил олдин Forbes нашрига берган интервьюсида Усмонов клубдаги ҳиссаларини оширишни кўзлаётганини айтганди.

"Мен ишқибозман, мен ўзимидаги ҳиссаларни қачонлардир сотиб юборишни ўйламаяпман. Чунки мен бу клубни дунёдаги энг зўри деб биламан", деганди ўшанда тадбиркор.

2018 йилнинг ноябр ойида The Financial Times Усмонов Кронке билан келишувга эришмаганини ёзди. Бу вақт давомида у ўйинчиларни сотиб олишга молиявий ёрдам бериши мумкинлигини бир неча маротаба билдирди. Шу билан бирга акцияларнинг асосий қисмини сотиб олишга ҳам уринди. Бироқ ҳар сафар рад жавобини олди.

Натижада клубнинг стратегиясига таъсир ўтказа олмайдиган ролдан норози тадбиркор акцияларни сотишга қарор қилди.

"Кронке исталган суммага акцияларни сотишдан воз кечиши Усмоновни қаттиқ ранжитди. Энди у шунчаки кетишни истаяпти", деганди ўшанда FTнинг суҳбатдоши.

KSE ҳам бир неча маротаба Усмоновнинг акцияларини сотиб олишга ҳаракат қилган. Бироқ ҳар сафар рад жавобини олган.

The Sunday Times Усмоновни Британиянинг бадавлат одамлари қаторига қўшади. Бизнесмен рўйхатда саккизинчи ўринни эгаллаган. Унинг бойлиги £10,556 млрд ($14,29 млрд). ташкил қилади.

Ёрлиқ