БМТ Мьянмада мусулмонлар қатлиом қилинганини маълум қилди
Мьянма ҳарбийлари қатлиом мақсадида мусулмон рохинжа халқини оммавий равишда қирган ва зўрлаган. Бу ҳақда БМТ терговчиларининг маърузасида маълум қилинди, деб хабар берди Reuters.
Ҳужжатда қайд этилишича, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги фуқаролик ҳукумати камсонли халққа нисбатан нафрат тарғибот қилинишига рухсат берган, ҳужжатларни йўқ қилган ва рохинжаларни ҳарбийларнинг уларга қарши жиноятларидан ҳимоя қила олмаган. Ҳукумат шу тарзда ёвузликларга ўз ҳиссасини қўшган.
Оғир жиноятларни ташкил этганлик учун бош қўмондон ва беш генерал қонун олдида жавоб беришлари даркор.
БМТнинг Мьянмадаги жиноят аломатларини аниқлаш бўйича мустақил халқаро миссияси маълумотларига кўра, армиянинг рохинжаларга нисбатан ҳаракатлари ҳақиқий таҳдидга номутаносиб бўлган. Ракхайн штатидаги жиноятлар ва уларнинг содир этилиш услублари хусусияти ва жиддийлиги жиҳатидан қатлиом ўтказиш мақсади билан бир хил, деб ҳисоблашмоқда экспертлар. Маърузада юқори даражадаги мансабдорларни жавобгарликка тортиш учун далиллар етарли эканлиги таъкидланган.
Ракхайн штатидаги вазият 2017 йил 25 августда кескинлашганди. "Аракан рохинжаларни қутқариш армияси" жангарилари 30та полиция пунктига ҳужум уюштирганидан сўнг Мьянма ҳукумати ҳудудда ҳарбий операция бошлади. Тўқнашувларда 400дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Олти юз мингдан ортиқ тинч аҳоли ўз уйларини тарк этди ва Бангладеш билан чегарадош туманларга йўл олди.
Рохинжалар этник мусулмон бенгаллар бўлиб, XIX—XX асрларда британиялик мустамлакачилар томонидан Мьянманинг Аракан штатига кўчириб келтирилган. Сони 1,5 миллиондан ошадиган рохинжалар Ракхайн штати аҳолисининг катта қисмини ташкил этишади, аммо уларнинг озчилик қисми Мьянма фуқаролигига эга.