Россия давлати Сурияга С-300 зенит-ракета мажмуасини етказиб беради
Россия давлати яқин кунларда Суриянинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучларини С-300 мудофаа тизими билан жиҳозлашини расман эълон қилди.
"Рошотудей" хабарига кўра, бугун Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакат президенти Владимир Путин дастурига ишора қилар экан, биринчи навбатда келаси икки ҳафта ичида С-300 мудофаа тизими Сурияга топширилади, иккинчи босқичда эса Суриядаги ҳаво кучларини назорат қилиш маркази Россиянинг автоматик контрол системаси билан жиҳозланади деб қўшимча қилди.
Шойгу шунингдек, учинчи босқичда Ўрта ер денгизига яқин Сурия минтақалари ҳужумларга қарши кураш электроник системалардан фойдалана бошлайди деб таъкидлади.
Айтиш керакки, С-300 зенит-ракета мажмуаси 250 километр масофадаги ҳар қандай ҳаво ҳужумлари ва таҳдидларини аниқлаши билан бир вақтда бир нечта ҳужумларнинг олдини олиш қудратига эгадир.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу С-300 мудофаа тизими ўта юқори даражадаги суръат ва хавфсизликни таъминлаш имконияти билан Суриянинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини бутунлай ўзгартиради, деб эълон этди.
17 сентябрь куни Исроил қирувчи самолётларини олдиндан огоҳлантирмаган ҳолда, Сурия ҳудудига уюштирган ҳужуми оқибатида Россиянинг Ил-20 разведкачи самолёти ҳалокатга учраганди. Бу ҳодиса ортидан Россия давлати ҳам Сурияга С-300 зенит-ракета комплексини етказиб бериш қарорига келди. 15 нафар россиялик ҳарбийлар қурбон бўлган ушбу фожеада Россия қўмондонлиги Исроилни расман айбдор деб эълон қилди.