Оқ уйда Ўзбекистон президенти ва АҚШ президентининг музокаралари бўлиб ўтди
-
Оқ уйда Ўзбекистон президенти ва АҚШ президентининг музокаралари бўлиб ўтди
Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон президенти дастлаб Оқ уйнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.
Сўнг Овал хонада етакчилар музокара ўтказдилар. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил сентябрь ойида Нью-йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, “С5+1” форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Мирзиёев шунингдек, Доналд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг ўткир халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида қўшаётган шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Дональд Трамп шу кунларда Ўзбекистон етакчиси АҚШ ҳукумати вакиллари, йирик компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан самарали учрашув ва музокаралар ўтказганини олқишлади.
Ўзбекистон ва АҚШ президентлари қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг институционал механизмларини яратиш ва такомиллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари АҚШ етакчисини ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.