декабр 17, 2016 15:58 Asia/Tashkent

Носир Хусрав ҳаёти ва ижоди

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугун   буюк шоир ва адиб  Носир Хусравнинг  ҳаёти ва ижоди борасидаги охирги қисмини ҳукмингизга ҳавола этамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги сўҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Носир Хусравнинг насрий асарлари орасида «Сафарнома» номли нодир китоби алоҳида ажралиб туради. «Сафарнома» Носир Хисравнинг ғарбий ўлкаларга саёҳат қилган етти йиллик (1045-1052) даврда кўрган- кечирганлари баёнини ўз ичига олади. Асар бизгача жуда кам қўлёзма нусхаларда сақланиб қолган. Улардан энг қадимийси милодий 1691 йилда, яъни муаллиф вафотидан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтгач кўчирилган. «Сафарнома»да муаллифнинг таржимаи ҳолига оид кўпгина маълумотлар мавжуд.

Шоир ушбу насрий китобида ўзининг ғарбий ўлкаларга қилган ва етти йил (1045-1052) давом этган ажойиб ва ғаройиб саёҳати хотираларини тасвирлаган. Носир Хисрав ўзи саёҳат қилиб ўтган Эрон, Арманистон,
Озарбайжон, Сурия, Мисир, Арабистон, Ироқ диёрларидаги Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфаҳон ва бошқа бир қатор шаҳар ва вилоятларнинг ўша даврдаги манзараларини жонли ва қизиқарли тарзда китобхон кўз ўнгида гавдалантиради.

Асар ғарбий ўлкаларга қилинган саёҳат хотираларидан иборат бўлсада, ундан Носир Хисравнинг олдин Ҳиндистон мамлакати ва турклар диёрида ҳам бўлганлиги англашилади. Носир Хисрав ўз асарида Мовароуннаҳр ва Хуросондан анча олисдаги Миср ва Ҳижоз ўлкалари тавсифига кенг ўрин ажратади. Муаллиф айниқса, зиёратгоҳ жойлар, табаррук қадамжолар ҳақида маълумотлар келтиришга катта эътибор берган. «Сафарнома» асари инглиз, француз, рус, урду, араб, турк, олмон тилларига таржима қилиниб, баъзи мамлакатларда бир неча бор нашр этилган. Мовароуннаҳр ва унга ёндош ҳудудларда Носир Хисравнинг шеърий ва насрий асарлари асрлар давомда қўлёзма нусхаларда ўқиб келинган.

Уни нафақат катта шоир, балки йирик файласуф олим сифатида ҳам эътироф этишган. «Сафарнома» асари ўзбек тилига Ғулом Карим томонидан таржима қилинган. «Сафарнома»даги ҳаж зиёратига тааллуқли лавҳалар Омонулла Бўриев томонидан таржима қилиниб, муфассал изоҳлар билан алоҳида китобча ҳолида нашр этилган.

Носир Хисрав 1088 йилда Юмғон қишлоғида вафот этади. Унинг мақбараси ҳозирги шимолий Афғонистондаги Кўкча дарёсининг ўнг қирғоғида, тоғ тепасида жойлашган Ҳазрати Саййид қишлоғи яқинидадир.

Эслатиб ўтамиз, Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра, дарий ва араб тилларда яратган. Мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), «Рўшноинома» ва «Саодатнома» маснавийлари, «Зод ул-мусофирин», «Важҳи дин», «Хон-ул-ихвон», «Бўстон ул-уқул», «Далил ут-мутаҳаййирин», «Жомеъ ул-ҳикматайн», «Рисола дар жавоби 99 саволи фалсафи», «Кушойиш ва раҳойиш» каби кўплаб шеърий ва насрий асарлари мавжуддир.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Носир Хусравнинг  “Саодатнома” асаридан “Дўстлик ва вафо ҳақида”ги  гўзал шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Душман охир бошга келтирар бало,

Дўстлик шевасини айлама барпо.

Кишига соғлом иш дўстлик қилишдир,

Вафо кўргизмак асли  катта ишдир.

Кишини ранжитиб, сўрама узр,

Кишини ранжитиш энг катта қуср.

Жафо йўлин тутма. Итдек вафодор

Бўлгилу бўрига қўшилма зинҳор.

Кишини ранжитмоқ осон ниҳоят,

Кўнглини овламоқ мушкилдир ғоят.

Қилолмасанг биров дардига даво,

Бўлмагил сен бало устига бало.

Камбағал кўксига ниш урма зинҳор,

Малҳам қўёлмасанг нима қасдинг бор.

Сени одам туққан, одам бўл сен ҳам,

Деву жин бўлмагил, одам бўл, одам.

Во ажаб, булбулнинг нимаси ёмон, дерсиз?! Ёқимли сайраб кўнгилларни хушнуд этади, хониши дилга ҳузур бағишлайди, гулга бурканган боғда ўзини қай даражада эркин тутишини кўрганмисиз, чаққонлигига ҳавасингиз келади. У бошқаларни ўзига маҳлиё этишда ана шундай сеҳр кучига эга. Хўп, вафодорликда-чи?! Носир Хисрав дейди:

Вафода ўхшама булбулга асло,

Ҳар он ул ўзга гул бошида шайдо.

Ана кўрдингизми, у вафода тайинсиз. Қайси гул уни мафтун қилса оғиб кетаверади. Носир Хисрав вафосиз инсонларни булбулга ўхшатишининг боиси шундан. Инсонни кўпроқ мансаб, мартаба, шуҳрат, бойлик, эҳтиёж, нафс деган гуллар, яъни ҳаётий имкониятлар оҳанграбодек ўзига тортади. Шундай пайт­да одамнинг ичидаги Ханнос деган шайтон жонланиб, вафо йўлига ғов бўлади. Оқибатда инсон инсоф, диёнат, ҳалоллик, поклик, тўғрилик, камтарлик ва шукроналикни унутиб, шайтоннинг васвасаси билан эҳтиёжга эрк бериб юборади-да, эзгуликка чорлайдиган барча дўстларидан йироқлашиб қолади. Энди у Ханносдан бошқа ҳеч кимни тингламай қўяди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.