июл 28, 2016 14:26 Asia/Tashkent

Теҳрон университетининг марказий кутубхонаси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

 ”Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги туркум  эшиттиришнинг янги сони  билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Ёдингизда бўлса, олдинги эшиттиришимизда  Теҳрон университети бугунги кунда 38 та университет шаҳарчалари  ва факултетга, 30та тадқиқот марказлари, 43та олий илмий марказлари ҳамда 16 бўлимдан иборат  фан ва технологиялар  парклари ва электроникани ўқитиш марказига  эга эканлиги борасида сизга маълумот берган эдик.

Берилган статистик маълумотларга кўра, милодий 2015 йилда  Теҳрон университети факултетларида  таҳсил олаётган талабаларнинг сони  43538 нафарни ташкил этган.Ушбу талабаларнинг кўплари муҳандислик ва механика, қурилиш соҳаси, меъморчилик, электр соҳаси, шунингдек, ветеринария, менежерлик, форс тили ва адабиёти, ҳуқуқ каби факултетларда таҳсил олишмоқда.

Ҳозирги кунда Теҳрон унверситети Эрон ва Ўрта Шарқ олий ўқув юртлари ва таълим бериш марказлари  орасида юқори мавқега эгадир. Ўзининг қадимийлиги ва устунлиги, тажрибали устозларнинг таълим беришлари, мумтоз талабаларнинг таълим олишаётгани каби бошқа  хусусиятлар Теҳрон университетининг аҳамиятини оширган. Бунга илова, Теҳрон университетининг берадиган диплом ва бошқа ҳужжатлари мамлакат ичкарисида ва ташқарисида  ҳам қадрлидир. Ушбу олийгоҳнинг битирган мутахассислар  ижро этувчи органлар, саноат ширкатлари, турли идора ва муассасаларда  фаолият кўрсатишаётгани ҳамда ушбу университетда кўплаб кутубхона, лабаратория, факултет,  мустақил ва қўшма илмий марказларга эга бўлгани ҳам Теҳрон университетининг эътибори ва аҳамиятини оширган.

Теҳрон университетининг аҳамияти ва илмий даражаси хорижий талабаларни ҳам ўзига жалб этган. Ҳозирги вақтда дунёнинг 50 мамлакатидан  540 нафардан иборат хорижий талабалар Теҳрон университетининг факултетларида таҳсил олишмоқда. Форс тили ва адабиёти, сиёсий фанлар, халқаро алоқалар, география ва шаҳарларни дастурлаш, меъморлик муҳандислиги каби факултетлар хорижий талабаларни кўпроқ қизиқтирган.

Чет элдан келиб , Теҳрон университеттда таҳсил олаётган талабаларнинг  аксариятини Эронга қўшни бўлган ва Европа ҳамда Америка мамлакатлари  вакиллари, жумладан Англия, Франция, Россия, Украина, Ирландия,  Африка мамлакатларидан Миср, Судан,Синегал, Мали  ва бошқа юртлардан келган талабалар ташкил этишади.

Теҳрон университетининг муҳим бўлимларидан бири унинг марказий кутубхонаси ва ҳужжатлар марказидир. Мазкур марказлар Эроннинг энг йирик кутубхона мажмуасини ташкил этади. Ушбу мажмуа илмий, техникавий, адабий  каби  турли соҳаларга оид бой ва  кенг қамровли манбалардан иборатдир.

Бу кутубхона ҳар бир факултетнинг илмий ва таълим бериш  ихтисосининг талаби асосида ташкил этилган кутубхоналар қаторида кўпроқ тадқиқот ва изланишлар олиб бориш фаолиятларига ихтисослаштирилган ҳамда исломшунослик, эроншунослик ва шарқшунослик тадқиқот ишларига оид асарларни  тўплашга  қаратилган.
Теҳрон университети марказий кутубхонасининг ядроси милодий 1949 йилда ушбу университет ўқитувчиси Саййид Муҳаммад Мишкот  томонидан 1329 жилддан иборат ёзма нусхаларнинг совға этилиши билан шаклланди. Аммо кутубхонанинг ҳозирги биноси милодий 1971 йилда қурилган ва 1974 йилда китоб шаклида бўлмаган ҳамда мамлакат ичкарисидан ва ташқарисидан турли ташкилотлар, вазирликлар,  университетлар, маданий анжуманлар ва марказлар томонидан совға этилган илмий  ҳужжат ва маълумотларни тўплаш ва сақлаш учун ушбу кутубхонанинг ҳужжатлар маркази ташкил этилади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда  “Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги  эшиттиришнинг янги  сонини  тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайтлари uzbek.irib.ir ва ParsToday.com орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Кутубхона биносининг масоҳати 22 минг квадрат метрдан кўпроқ майдонни ташкил этади ва тўққиз қаватдан иборатдир. Мазкур бинонинг икки қаввати мурожаат этувчилар ва уларнинг зарур бўлган ишларига ихтисослаштирилган, бешинчи қават китоблар, матбуот ва илмий  ҳужжатлар  хазинасидир. Теҳрон марказий кутубхонаси ва ҳужжатлар марказига оид берилган охирги статистик маълумотларга кўра, мазкур марказларда бир миллиондан ортиқ илмий ҳужжатлар, чоп этилган китоблар, турли даврларга тааллуқли  нашрлар, қўлёзмалар нусхалари, микрофилмлар, суратга туширилган нусхалар, тарихий ҳужжат ва расмлар, тошбосма китоблар, диплом ишлари, илмий даражаларга оид ҳужжатлар, харита ва дарслик китоблари, электроник  манбалар сақланади.  

Ҳар куни ушбу кутубхонага Теҳрон университети ва бошқа олий ўқув юртлари ва илмий марказлардан бўлган талабалар ҳамда Эрон ва хорижий мамлакатлардан  бўлган тадқиқотчилардан иборат 4500 нафардан кўпроқ киши мурожаат қилишади.

 Теҳрон университетининг марказий кутубхонаси, шунингдек, патология,  зарар кўрган ҳужжатлар, қўлёзма ва чоп этилган китобларни таъмирлаш бўлими, илмий даражалар ҳужжатлари, ахборот технологиялари, кўзи ожизлар  бўлими, қўлёзмалар нусхалари ва турли даврларга тегишли нашрларни ўз ичига олган.

Патология ҳамда ҳужжатлар, қўлёзма ва чоп этилган китобларни таъмирлаш бўлими уч қисмдан, яъни ихтисослаштирилган лабаратория, таъмирлаш устахонаси ва саҳифалаш корхонасидан  иборат. Ушбу бўлимнинг асосий вазифаси зарар кўрган ёзма ва чоп этилган манбалар  мезонини ўрганиш ва  аниқлашдир. Зарар кўрган китоб ва бошқа илмий манбаларни қайтадан таъмирлаш ва саҳифаларини тиклаш ушбу бўлимнинг бошқа вазифаларидан ҳисобланади.

Диплом ишлари ва шунга ўхшаш  ҳужжатлар Теҳрон марказий кутубхонаси ва ҳужжатлар марказининг бошқа муҳим  бўлимларидан ҳисобланади. Ушбу бўлимнинг вазифаси китоб шаклида бўлмаган илмий ҳужжатлар, хариталар ва дарслик киобларини  тўплаш, уларни қайтадан  тайёрлаш ҳамда Теҳрон университети факултетлари ва улар қошидаги илмий марказларни  битирган кишиларнинг диплом ва илмий ишларини йиғишдан иборатдир. Ҳозирги кунда 70 мингдан кўпроқ диплом ишлари ва 40 мингдан ортиқ ҳужжатлар  марказий  кутубхонанинг ушбу бўлимида сақланмоқда.

Теҳрон университети марказий кутубхонасининг кўзи ожизлар бўлимида кўриш қобилияти ёмон бўлган ва кўзи ожизларга ёрдам кўрсатилади. Ушбу бўлим ҳам  турли илғор технологиялар билан жиҳозланган.

Мазкур марказий кутубхонанинг қўлёзмалар бўлимида қўлёзма китоблари, тарихий ҳужжатлар ва суратлар, тошбосма китоблар ва айрим ноёб китоблар, тартибга солиниб, эҳтиёт билан сақланиб, баъзида қайтадан чоп этилади.

Қадрли тингловчилар, " Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг  навбатдаги     сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таоло паноҳида қолинг.

Ёрлиқ