Январ 01, 2017 13:45 Asia/Tashkent

712-қисм.“Анкабут” муборак сураси 36-40--ояти карималарининг шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  “Анкабут” муборак сураси  36-37--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَإِلَىٰ مَدْيَنَ أَخَاهُمْ شُعَيْبًا فَقَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّـهَ وَارْجُوا الْيَوْمَ الْآخِرَ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ ﴿٣٦﴾ فَكَذَّبُوهُ فَأَخَذَتْهُمُ الرَّجْفَةُ فَأَصْبَحُوا فِي دَارِهِمْ جَاثِمِينَ ﴿٣٧﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, охират кунидан умидвор бўлинг ва ер юзида бузғунчилик ила ҳаракат қилиб юрманг», деди. (Шуайб алайҳиссалом ҳам, Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидан чиққан араблардандирлар.) (36) Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар. (Мадян аҳлининг қай тарзда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тафсилоти бошқа сураларда ўтди. Аввал уларга қаттиқ ва даҳшатли овоз келиб, қалбларини ёриб юборди. Кейин кучли зилзила бўлиб, уларни тутдек тўкиб қўйди. Ҳаммалари турган жойларида чўккалаб қолиб, ҳалок бўлдилар. Бу ҳалокат уларнинг иймон йўлига юрмаганликларининг жазоси эди.) (37)

 Ӯтган суҳбатимизда Лут қавми  саргузаштини ҳикоя қилган эдик. Бу ояти карималарда ҳазрат Шуъайб рисолатига ишора қилиниб, буюрилади: бу пайғамбар ҳам бошқа Илоҳий пайғамбарлар каби одамларни ягона Аллоҳ сари даъват қилар ва қиёмат кунига ишонишга чақириб буюрар эди: Аллоҳга итоатсизлик ва гуноҳ қилиш ер юзида инқироз ва фисқ-фасодга сабаб бӯлади, жамиятда зулм ва адолатсизлик орта боради.

Афсуски, ӯтмишдаги кӯпгина қавмлар сингари ҳазрат Шуъайб қавми ҳам унинг пайғамбарлигини инкор қилишди. Оғаларча куйиниб қилган даъватларига эътибор қаратишмади. Қуръони карим буюради: охир-оқибат бу саркаш қавм шу дунёдаёқ Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бӯлди. Даҳшатли зилзила натижасида уларнинг барчаси ҳалок бӯлдилар.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг ягоналиги ва қиёматнинг ҳақлигига чақириш барча Илоҳий анбиёлар даъватининг асосидир.
  2. Пайғамбарлар одамлар билан дӯст-биродар сифатида муомала қилишган. Улар ӯзларини халқ оммасидан устун қӯйишмаган.
  3. Фақат гуноҳ қилиш шу дунёдаёқ Илоҳий азобнинг келишига сабаб бӯлмаслиги мумкин. Аммо Ҳаққа ӯчакишиб, гуноҳ қилишни жӯрттага давом эттириш Алоҳнинг ғазабига сабаб бӯлади.

 

Энди “Анкабут” муборак сураси 38-ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَعَادًا وَثَمُودَ وَقَد تَّبَيَّنَ لَكُم مِّن مَّسَاكِنِهِمْ ۖ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ أَعْمَالَهُمْ فَصَدَّهُمْ عَنِ السَّبِيلِ وَكَانُوا مُسْتَبْصِرِينَ ﴿٣٨﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Ва Од ва Самудни (ҳам ҳалок этдик). Батаҳқиқ, бу сизга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар кўриб-билиб тургувчи эдилар. (38)

 Бу ояти каримада ҳазрат Ҳуд ва Солиҳ каби пайғамбарларнинг уммати бӯлган Од ва Самуд қавмларининг бошидан кечирган воқеалар баён этилади. Саргузаштлари Қуръони каримнинг бошқа оятларида ҳам келган бу икки қавм пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди ва билиб турган ҳолда уларнинг кӯрсатмаларига қарши чиқишди.

Қуръон Макка аҳлига қарата буюради: бу икки қавм ҳам Аллоҳнинг қаҳрига учради. Макканинг шимол ва жанубида, Шом ва Яман йӯлида улар шаҳарларининг вайроналари бор ва сиз ӯз сафарларингиз чоғи уларни кӯргансиз, аммо ибрат олмайсиз.

Оятнинг давомида бу қавмларнинг Илоҳий азобга гирифтор бӯлиш сабабини уларнинг дунё зийнатлари билан одамларни чалғитадиган шайтонга эргашиш деб атайди. Ҳақни танишнинг ақл, ботиний фитрат, пайғамбарлар даъвати каби воситалари муҳайё бӯлганига қарамасдан улар ҳақ йӯлдан адашишди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ӯтган қавмларнинг авлодларга ибрат бӯлишга арзигулик ёдгорликлари асраб-авайланиши керак.
  2. Шайтоннинг иши ёвузликларни жилвалантириб кӯрсатишдир. Инсон ӯз ақли ва фитрати асосида ёмон деб билган нарсани шайтон гӯзал ва дилтортар қилиб кӯрсатади. Манманлик, ӯзига бино қӯйиш ҳамда бойлик ва қудрат билан фахрланиш ҳисларини шайтон инсон кӯзига чиройли қилиб жилвалантиради.

 

Суҳбатимиз сӯнгида “Анкабут” муборак сураси39-40--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَقَارُونَ وَفِرْعَوْنَ وَهَامَانَ ۖ وَلَقَدْ جَاءَهُم مُّوسَىٰ بِالْبَيِّنَاتِ فَاسْتَكْبَرُوا فِي الْأَرْضِ وَمَا كَانُوا سَابِقِينَ ﴿٣٩﴾ فَكُلًّا أَخَذْنَا بِذَنبِهِ ۖ فَمِنْهُم مَّنْ أَرْسَلْنَا عَلَيْهِ حَاصِبًا وَمِنْهُم مَّنْ أَخَذَتْهُ الصَّيْحَةُ وَمِنْهُم مَّنْ خَسَفْنَا بِهِ الْأَرْضَ وَمِنْهُم مَّنْ أَغْرَقْنَا ۚ وَمَا كَانَ اللَّـهُ لِيَظْلِمَهُمْ وَلَـٰكِن كَانُوا أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ ﴿٤٠﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни (ҳам ҳалок қилдик). Батаҳқиқ, Мусо уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирди. Бас, улар ер юзида мутакаббирлик қилдилар ва қочиб қутулгувчи бўлмадилар. (39) Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга ютдирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар. (40)

Олдинги оятларда ӯтмишдаги айрим қавмларнинг саргузашти ҳикоя қилингач, бу ояти карималарда тарихда яшаб ӯтган Қорун, Фиръавн ва Ҳомон кабикибр-ғурурга берилган кишилар ишининг оқибатига ишора қилади. Мол-дунёси ошиб-тошиб кетган Қорун кибр-ғурурга муккасидан кетди. Қудрат ва салтанат Фиръавнни туғён ва саркашликнинг чӯққисига чиқарди. Ҳомон ҳам Фиръавннинг вазири бӯлиб, унинг барча жиноятларига шерик эди.

Ҳазрат Мусо алайҳиссалом бу уч нафарга насиҳат қилиб, уларни ҳақ йӯлга ҳидоят қилди. Аммо улар Ҳаққа таслим бӯлмай, ӯзларинингйӯлида давом этдилар. Мусо алайҳиссаломдек Аллоҳнинг улуғ пайғамбарини ёлғончига чиқаришди. Бу туғёнга кетган кишилар ҳатто Аллоҳга қаршилик қила оламиз, деб ӯйлашарди.

Аммо Аллоҳнинг иродаси билан ер Қорунни ютди. Сув эса Фиръавн ва Ҳомонни ғарқ айлади. Ояти карималарнинг давомида Аллоҳнинг ердаги азобларига тӯхталган. Бундай Илоҳий азоблар ҳақида бошқа оятларда ҳам тафсилотлар мавжуд. Од қавмининг бошига етти кеча-кундуз қум ва тош парчалари тӯфони ёғилди. Самуд қавми чақмоқ ва зилзила билан ҳалок қилинди. Айрим кишиларни ер ютди, ёхуд сувда ғарқ бӯлишди. Буларнинг барчаси уларга Аллоҳнинг ердаги азоби эди.

 

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Кибр-ғурур ва манманликнинг оқибати ҳалокатдир. Қудрат, бойлик ва имкониятлар ёвуз шахсни ҳалокатдан сақлаб қололмайди.
  2. Аллоҳнинг қудрати барча қудратлардан устундир. Аллоҳга қаршилик қиламан, дейиш жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
  3. Аллоҳнинг азоби бир хил эмас. У ёвуз кимсаларни ӯзи истаган шаклда азоблаши мумкин.
  4. Ҳар бир кишининг қисмати унинг амалларига чамбарчас боғлиқдир.

 

Ёрлиқ