феврал 28, 2017 10:04 Asia/Tashkent

720-қисм.« Рум " муборак сураси 9-13-ояти карималарининг шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  « Рум " муборак сураси 9-10-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз

أَوَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ ۚ كَانُوا أَشَدَّ مِنْهُمْ قُوَّةً وَأَثَارُوا الْأَرْضَ وَعَمَرُوهَا أَكْثَرَ مِمَّا عَمَرُوهَا وَجَاءَتْهُمْ رُسُلُهُم بِالْبَيِّنَاتِ ۖ فَمَا كَانَ اللَّـهُ لِيَظْلِمَهُمْ وَلَـٰكِن كَانُوا أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ ﴿٩﴾ ثُمَّ كَانَ عَاقِبَةَ الَّذِينَ أَسَاءُوا السُّوأَىٰ أَن كَذَّبُوا بِآيَاتِ اللَّـهِ وَكَانُوا بِهَا يَسْتَهْزِئُونَ ﴿١٠﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин (оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар. (Аввалги кофирлар ободончилик масаласида ҳам ҳозирги кофирлардан устун эдилар. Улар ерга кўпроқ ишлов берганлар. Деҳқончиликни жуда ҳам ривожлантирганлар. Шунингдек, ердан турли маъданларни чиқариш ва бошқа имроний-ободончилик ишларини тараққий эттирганлар. Ушбу оятлар нозил бўлаётган давр кофирларидан кўра кўпроқ обод қилганлар.) (9) Сўнгра ёмонлик қилганларнинг оқибати Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганлари ва уларни истеҳзо қилганлари учун ёмон бўлди. (10)

Ӯтган дастуримизда Аллоҳ таъоло ер ва осмоннинг яратилиши ҳақида тафаккур юритмайдиган кишиларни койиб,  улардан борлиқ низомининг беҳудага эмас балки Ҳақ асосида яратилганлигини англаш учун яратилиш низоми ҳақида андиша юритишларини талаб қилади, деб айтган эдик.

Бу ояти карималарда буюрилади: Ӯтганларнинг саргузаштидан нега ибрат олмайсиз? Нега бошқа жойларга сафар қилган чоғи ӯтган қавмлардан қолган харобаларга таважжуҳ қилмайсиз, нега улардан ибрат олмайсиз? У қавмлар бой-бадавлат кишилар эди. Аммо Ҳақни инкор қилиш ва ёвуз ишларни одатга айлантириш оқибатида ҳалок бӯлишди. Улардан фақатгина харобалар ёдгорлик қолди.

Бу ҳалокат уларнинг ӯзларига қилган зулмлари натижаси эди. Зеро, ислом таълимотида ӯзига ҳам, бошқаларга ҳам зулм қилиш жоиз эмас. Инсонпарварлик  таълимотида “Инсон бошқаларга зарари етмаган ҳар қандай ишни бажаришга ҳақли” дейилади. Аммо ислом таълимотида киши ӯзгалар у ёқда турсин ҳатто ӯзига ҳам зарар етказишга ҳақли эмас. Ӯзига зарар етказишнинг чӯққиси эса ақл ва виждонни оёқ ости қилиш, инсон ӯзининг ақл ва виждони билан идрок этадиган ҳақиқатларни инкор қилишдир.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Ӯтган қавмларнинг тарихи билан танишиш ва уларнинг саргузаштидан ибрат олиш учун тарихий маконларга сафар қилиш қуръони каримда таъкидлангандир.
  2. Тарихий жараёнлар маълум қоида ва усуллар асосида кечади. Шу сабабли ӯтмишдан келажак учун зарурий сабоқлар олиш мумкин.
  3. Халқларнинг  бахт-саодати фақатгина ташқи қудрат, ободончилик ва ривожланиш асосида таъминланмайди. Ҳақиқий бахт-саодатнинг пойдевори Аллоҳга иймон келтириш ва Илоҳий пайғамбарларга эргашишдир.
  4. Гуноҳларга эътиборсизлик ва гуноҳ қилишда давом этиш инсонни оқибатсиз қилиб қӯяди. Бундай одам Ҳақни мазах ва масхара қиладиган бӯлиб қолади.

Энди  «Рум" муборак сураси  11-13-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

اللَّـهُ يَبْدَأُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ ثُمَّ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ ﴿١١﴾ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ يُبْلِسُ الْمُجْرِمُونَ ﴿١٢﴾ وَلَمْ يَكُن لَّهُم مِّن شُرَكَائِهِمْ شُفَعَاءُ وَكَانُوا بِشُرَكَائِهِمْ كَافِرِينَ ﴿١٣﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ махлуқотни йўқдан бор қилади, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтиради, сўнгра Унга қайтарилурсиз. (11) Қиёмат қоим бўлган кунда жиноятчилар ноумид бўлурлар. (12) Уларга (Аллоҳга келтирган) шерикларидан шафоатчилар бўлмади ва улар шерикларига куфр келтиргувчи бўлдилар. (13)

 Қуръони карим оятларига кӯра ӯлим инсоннинг бу оламдаги ҳаётининг охири, қабр эса бошқа оламнинг даричасидир. Худди туғилиш инсон учун она қорнидаги ҳаётининг поёни ва бу оламга келишининг даричаси бӯлгани каби.

Ояти карималарда буюрилади: Бу оламдаги туғилиш ва ӯлимларинг ӯзларингга боғлиқ эмас. Сиз Аллоҳнинг хоҳиши билан дунёга келгансиз ва Унинг иродаси билан дунёдан риҳлат қиласиз. Нариги оламдаги ҳаётингиз ҳам сизга боғлиқ эмас, зеро, истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам у ерда ҳозир бӯласиз. Шундай экан, бунда охират куни пушаймон қилмайдиган ишларни қилинг. Дунёнинг мол-матоҳига кӯнгил қӯйманг. Сизга қиёмат куни шафоат қилувчи бӯлиб кӯринганларнинг ӯзлари у дунёда ёрдамга муҳтождирлар.

Ҳа, бутларни қиёмат кунидаги шафоатчилари деб билган мушриклар охиратда бу жонсиз ва руҳсиз ашёларнинг ҳеч нарсага арзимасликларини англаб етишади. Улар дунёда пайғамбарларга шунчалик душманлик қилишганким, кӯнгилларида Аллоҳнинг раҳматига нисбатан умид учқунлари ҳам сӯниб бӯлган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Борлиқ низоми Аллоҳдан бошланиб яна Унга қайтгусидир. Бу нарсани кӯрмасликка олиш инсоннинг келажакдаги афсус-надоматига сабаб бӯлади.
  2. Гуноҳкорларнинг дунёдаги шод-хандон ҳаётига алданмаслик керак, зеро, уларнинг қиёматдаги ҳаёти жуда аянчлидир.
  3. Қиёмат куни асоссиз дунёвий муҳаббатлар гина-кудуррат ва нафратга айланади. Хаёлий шафоатчилар эса инкор этиладилар.