апрел 20, 2017 11:42 Asia/Tashkent

727-қисм.« Рум " муборак сураси 39-42-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  « Рум " муборак сураси 39-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَمَا آتَيْتُم مِّن رِّبًا لِّيَرْبُوَ فِي أَمْوَالِ النَّاسِ فَلَا يَرْبُو عِندَ اللَّـهِ ۖ وَمَا آتَيْتُم مِّن زَكَاةٍ تُرِيدُونَ وَجْهَ اللَّـهِ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الْمُضْعِفُونَ ﴿٣٩﴾

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин, деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир. («Рибо» ўзбек тилида «судхўрлик» деб юритилади. Рибо бир одам иккинчисига маълум муддатга маълум миқдор пулни устига фоиз қўйиб қайтариш шарти ила беришидир. Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилган, ҳаром нарса қанча кўп бўлса ҳам, зиёда бўлмайди. Шунингдек, рибода савоб ҳам йўқ. Балки гуноҳ бор. «Закот» сўзи ўзбек тилида «покиза» ва «зиёда» маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закоти берилган мол покизаланади ва Аллоҳ берган барака ила зиёда ҳам бўлади.) (39)

 Ӯтган суҳбатимизда шарҳлаган охирги оятимиз эҳтиёжманд кишиларга инфоқ, яъни хайр-саховат қилиш ҳақида эди.Аммо бу ояти каримада Аллоҳ учун ва Аллоҳ учун бӯлмаган инфоқ  ӯзаро муқояса қилиниб, буюрилади: бошқаларга берган нарсангиз бирор-бир ғаразсиз, фақат Аллоҳнинг ризоси учун бӯлса, Аллоҳ унинг савобини бир неча баравар қилиб қайтаради. Аммо сизнинг одамларга етказадиган кӯмакларингиз холис Аллоҳ учун бӯлмай, ундан бошқа бирор-бир шахсий ғараз кӯзланган бӯлса,   бу инфоқнинг Аллоҳ наздида савоби йӯқ.

Бировга фойдаси билан қайтариб олиш ниятида бошқаларга қарз берган киши одамларнинг эҳтиёжини чиқарган ҳисобланади. Аммо нияти фақат ӯзининг молини кӯпайтириш бӯлгани учун Аллоҳнинг наздида савобга эга бӯлмайди.

  Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Бировларга қарз бериш ёхуд инфоқ қилишда инфоқ қилувчининг нияти муҳимдир, маблағнинг кам-кӯплиги эмас.
  2. Аммалларимизга қадр-қиймат бағишлайдиган нарса холис Аллоҳ учун бажарилишидир. Аллоҳ учун бажарилмаган ишлар арзимас ишлардир.
  3. Дунё бир гуруҳ шу дунёдаёқ фойдасини кӯриш учун одамлар билан муомала қиладиган, бошқа бир гуруҳ эса охиратдаги фойдани кӯзлаб Аллоҳ билан муомала қиладиган бозордир.

Энди  «Рум" муборак сураси  40-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

اللَّـهُ الَّذِي خَلَقَكُمْ ثُمَّ رَزَقَكُمْ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يُحْيِيكُمْ ۖ هَلْ مِن شُرَكَائِكُم مَّن يَفْعَلُ مِن ذَٰلِكُم مِّن شَيْءٍ ۚ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَىٰ عَمَّا يُشْرِكُونَ ﴿٤٠﴾

Бу ояти  карима   қуйидагича таржима қилинган:

Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир. Сизнинг (Аллоҳга келтирган) шерикларингиздан, ким ана шуларингиздан бирортасини қила олади?! У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва олий бўлди. (40)

Бу ояти каримада Аллоҳнинг борлиқ ҳаётидаги мислсиз мавқеъига ишора қилиниб, буюрилади: сизнинг яратилишингиз, ҳаётлик давомида ризқ-рӯзингиз, ӯлим ва қиёмат кунидаги иккинчи маротаба тирилишингиз бари-бари ягона Аллоҳнинг ихтиёридадир. Нега сиз айрим ашё ёхуд шахсларни Аллоҳга шерик деб ӯйлайсиз? Ӯйлаб кӯринг, улар сизга тегишли бӯлган бундай ишларда бирор-бир таъсир ӯтказишдан ожиздирлар. Мушриклар ана шу ҳақда андиша юритишса, улар сиғинган нарсалари уларнинг ҳаёти, ӯлими ва ризқ-рузларига умуман таъсир қилолмаслигини, фақатгина ота-боболари йӯлини давом эттириш учун бу жонсиз жисмларга сиғинаётганларини  англаб етишади.

  Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Бизнинг ӯтмиш, бугун ва келажагимиз, ризқ-рӯзимиз Аллоҳнинг илкидадир. Шундай экан фақатгина Аллоҳнинг бандаси бӯлишимиз, бошқаларни Ул ягона зоти покка шерик қилмаслигимиз лозим.
  2. Асбоб, восита ва табиий қонунлар Аллоҳ томонидан яратилган. Илоҳий бӯлмаган қудратлар ҳатто энг кичик бир мавжудотни ҳам яратишга ожизлик қилишади.

Энди  «Рум" муборак сураси  41-42-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُم بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ ﴿٤١﴾ قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِن قَبْلُ ۚ كَانَ أَكْثَرُهُم مُّشْرِكِينَ ﴿٤٢﴾

Бу ояти  карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликдаю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки улар қайтсалар. (Одамлардаги бузуқ эътиқод ва тасаввурлардан фисқу фасод келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, қуруқликдаю денгизда бузғунчилик устун келишига сабаб бўлади. Одамлар қилган гуноҳлар ва фисқу фасод ўзларининг бошларига бало-офат келтиради. Бу мусибатлар уларга танбеҳ бўлиши, залолатдан ҳидоятга, нотўғри йўлдан қайтишларига сабаб бўлиши керак.) (41)Сен: «Ер юзида сайр қилинглар. Олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар. Уларнинг кўплари мушрик бўлган эдилар», деб айт. (42)

 Мушриклар ақидаларининг нотӯғрилиги ҳақидаги олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: инсоният жамиятида фисқ-фасод ва ахлоқий таназзулнинг вужудга келиши кишиларнинг ишонч-эътиқодлари билан чамбарчас боғлиқ. Барча муаммоларнинг асосий илдизи Аллоҳга куфр ё ширк келтириш, ёхуд уни унутишдир. Қилаётган ишида Аллоҳни эсламаган киши гуноҳ содир этишдан парво қилмайди. Бундай шахс ӯзи, оила аъзолари ва ӯзи яшаётган жамиятни ғайриахлоқий амалларидан келиб чиқадиган бало-қазоларга гирифтор этади. Бу бало қазолардан айримлари, шу дунёда, одамлар ҳаётида содир бӯлади, айримлари эса охират куни гунаҳкорларни дӯзахга гирифтор қилади.

Қуръони карим мусулмонларга ӯтган қавмлар саргузашти ҳамда бугунги айрим қавмларнинг гуноҳ ва фисқ-фасод оқибатида вужудга келган таназзул ҳолатидан хулоса чиқариш тавсиясини беради. Бу мушоҳадалар натижасида киши айрим қавмлар амалга оширган  ёвуз амаллари учун эҳтимол, ғафлатдан уйғониб, гуноҳдан қӯл тортишар, деган андишада шу дунёдаёқ Аллоҳнинг қаҳр-ғазабига учраши мумкинлигини англаб олади.

Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида бир пайтлари бойлик ва қудрати билан оламни тасхир этган, аммо зулм-ситам, зодагонлик ва исроф туфайли барҳам топган улкан тамаддунларнинг харобалари сақланиб қолган.

Қизиғи шундаким, Қуръони карим ширкнинг таназзул ва ҳалокактнинг асоси эканлигини таъкидлаш учун уни барча гуноҳ ва фисқ-фасоднинг илдизи деб атайди.Аҳли башарнинг бахт-саодат ва хотиржамлиги илдизи эса тавҳид ва ягона Аллоҳга бандалик қилишдан иборат.  

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Инсонларнинг ёвуз амаллари табиат низомига таъсир кӯрсатиб, табиий офатларнинг руй беришига сабаб бӯлади.
  2. Тоза ва озода атроф-муҳит хоҳ қуруқликда бӯлсин, хоҳ сувда инсонларга Аллоҳ томонидан берилган омонатдир.
  3. Ислом ибратга сабаб бӯладиган  сайр-саёҳатларни қӯллаб-қувватлайди.
  4. Аксарият одамлари фисқ-фасодга берилган жамият Аллоҳнинг ғазабига учрайди. Шу сабабли  бундай жойдан ҳижрат қилмоқ лозим.