Ҳаётий муаммолар калиди
Уйқу жисмоний ва ҳиссий қувватларнинг маълум вақт ором олишидир. Ухлаш сабабли аъзолар турли чиқиндилардан тозаланади, ҳужайралар янгиланади. Ҳар бир нарсанинг одоби бўлганидек, уйқунинг ҳам одоби бор. Ухламоқчи бўлган одам энг олдин Аллоҳ таоло буюрган яхши ва эзгу амалларга куч тўплашни ният қилади.
Уйқу жисмоний ва ҳиссий қувватларнинг маълум вақт ором олишидир. Ухлаш сабабли аъзолар турли чиқиндилардан тозаланади, ҳужайралар янгиланади. Ҳар бир нарсанинг одоби бўлганидек, уйқунинг ҳам одоби бор. Ухламоқчи бўлган одам энг олдин Аллоҳ таоло буюрган яхши ва эзгу амалларга куч тўплашни ният қилади.
Ётиш олдидан дарвоза-эшиклар беркитилади, сув идишлари ва озиқ-овқатлар усти ёпиб қўйилади, чироқлар ва ёниб турган олов бўлса, ўчирилади. Таҳорат олиб, тишларни мисвок ёки тиш чўткасида тозалаб, сўнг уйқуга ётилади. Ҳадисда: «Қўлларида овқат юқи билан ётиб, ухлаган одамга бирор касаллик етса, ўзидан кўрсин», дейилган.
Киши тўшакка ётаётганида кўрпани ва уйқу кийимларини қоқиб ташлаши керак. Ухлашдан олдин ўқиш тавсия этилган оят ва дуоларни такрорлаб, ўзига дам солиб ётиш хотиржамлик бағишлайди. Бир уйда ёлғиз ухламаслик, ётганида қиблага ёки муқаддас китоблар турган томонга оёқ узатмаслик керак.
Кўп ухлаш соғлиққа зарар, юзни сарғайтиради ва кишини ланж, ҳафсаласиз қилиб қўяди. Бир кеча-кундузда беш соатдан саккиз соатгача ухлаш етарли. Чунки донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашни ҳам ёмон санашган.
Умримизнинг учдан бир қисми ухлаш билан ўтади. Уйқу инсонга бир тарафдан яхши дам олиб, навбатдаги кун фаол ишлашига ёрдам берса, иккинчи томондан у вақтнинг кушандаси ҳамдир. Кўпчилик уйқуга тўйиш учун кўп ухлаш керак, деб ўйлайди. Аслида уйқуга тўйиш учун меъёрида ва асосийси, тўғри ухлашнинг ўзи кифоя.
Аксинча, кўп ухлаш кейинчалик юрак хасталигининг сабабчиси бўлиши мумкин. Чунки инсон ухлаганида маълум вақт ўтгандан сўнг юракни уриши бир неча мартага қисқариши аниқланган.
Инсон овқатланишдан куч олсада, ўша кучнинг тахминан учдан бир қисмини уларни ҳазм қилишга сарфлайди. Уйқу пайтида ошқозон ва ичакларнинг овқатни ҳазм қилиш билан банд бўлиши, ҳудди жанг вақтида қўмондонинг ухлаб ётганидек гап. Бу жараёнда на овқат тўғри ҳазм бўлади, на инсон танаси яхши дам олади.
Шу сабаб уйқуга кетишдан олдин ошқозон қанча бўш бўлса, унга енгил таомлар кирса, инсон танаси уйқудан тез тўяди. Шундай ухлаш лозимки, танангиздаги ҳар бир аъзо, сиз билан баравар ухлаб, дам олиб уйғонсин.
Қадрли тингловчилар! Сиз “Ҳаётий мауммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан тинглаяпсиз. Дастуримиз матн таржимаси ва садосини parstoday.com/uz сайтида кӯра оласиз. Эшиттиришимиз давомида ҳам биз билан бирга бӯлинг.
Уйқу ўрнининг юмшоқлиги бир қават кўрпача даражасида бўлиши керак. Ёстиқ эса кўп ҳам баланд ва юмшоқ бўлмаслиги лозим.
Шундай ётиш лозимки, инсоннинг умуртқа поғонаси бирор тарафга эгилмасин, тўғри турсин. Чунки умуртқанинг бўйин қисмидан бош мия, кўкрак қисмидан юрак ва ўпка ҳамда бел қисмидан эса буйрак ва жигарнинг фаолиятини таъминлайдиган асаб толалари ўтган.
Асаб толалари қисилса, организмдаги аъзолар дам олмайди.
Ётишдан олдин ва уйғонганда енгил, секинлик билан, фақат 15 дақиқадан кам бўлмаган вақт мобайнида бадантарбия қилиш лозим. Ёки тоза ҳавода сайр қилиш, эрталаб туриб югуриш ҳам кони фойда.
Бош миянинг яхши дам олиши учун кўз ва қулоқ атрофини уқалаб туриш яхши ухлаб, дам олишни таъминлайди.
Умр ҳаммага бир марта берилади, бу қимматли умримизни беҳуда ухлаш учун сарфламасдан, унинг баракали бўлишини таъминлайлик. Бу қоидаларга амал қилиш, ўз вақтида ётиб-туриш, нафақат уйқуга, балки соғлигингизни асрашга ҳам катта ёрдам беради.