Нур томон йӯл-734
734-қисм." Луқмон " муборак сураси 12-13-ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Луқмон " муборак сураси 12-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَلَقَدْ آتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّـهِ ۚ وَمَن يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ ۖ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ اللَّـهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ ﴿١٢﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деб ҳикматни бердик. («Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда. У кишининг исмларига »ҳаким« лақаби қўшилиб зикр қилиниши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни Пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, Ҳазрати Луқмон Пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки Пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг Пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.) ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.) (12)
Бу ояти карима ва бундан кейинги бир неча оятларда Луқмоннинг фарзандига насиҳати ҳақида ҳикоя қилинади. Қуръони каримнинг муборак оятлари ва диний манбаларнинг гувоҳлик беришича, Луқмон пайғамбар бӯлмай, балки парҳезкор, эзгу амаллар соҳиби бӯлган киши эди. Шу сабабли Аллоҳ таъоло унга ҳикмат ато этди. Ҳикмат Илоҳий маърифат соясида вужудга келадиган басират бӯлиб, унинг асари кишининг сӯзи ва амалида балқиб туради.
Тилни тийиш, қорин ва шаҳватни жиловлаш, омонатдорлик, ёмон ишлардан ӯзни узоқ тутиш, тавозеъ каби хислатлар кишида ҳикматнинг пайдо бӯлиши заминаларидир.
Албатта, ҳикмат мақоми фақатгина Луқмонга хос мақом эмас. Диний таълимотга кӯра ӯзининг сӯзи ва амалида содиқ ва холис бӯлган ҳар бир мӯмин кишига Аллоҳ бу буюк неъматни ато айлаши мумкин.
Луқмоннинг насиҳатларини Аллоҳ таъоло Қуръони каримда тӯғридан-тӯғри баён қилиши мумкин эди. Аммо ҳикматнинг ҳақиқий маъносини бизга билдириш, ҳамда элни тӯғри йӯлга ҳидоят қилиш ҳакимларнинг вазифаси эканлигини англатиш учун буларни Луқмоннинг ӯғлига насиҳатлари тарзида келтирди.
Луқмоннинг фарзандига насиҳатлари икки мавридни ӯз ичига олади. Бири оилавий ва ижтимоий муносабатларда чуқур ӯйлаб гапириш, иккинчиси ҳаётда Аллоҳнинг кӯрсатмаларидан чекинмаслик. Бу нарсалар ҳикматнинг маъноси бӯлиб, ана шу икки хислатга эга бӯлган ва элни ҳам шу нарсага даъват қиладиган киши ҳақиқий ҳакимдир.
Табиийки, бу поғонага кӯтарилган ва бундай улуғ неъматни қӯлга киритган киши чексиз миннатдорчилик ва шукроналар айтиши керак. Неъмат учун ҳақиқий шукрона қилиш эса ҳар бир неъматдан ӯз ӯрнида фойдаланишдир. Бунда неъматнинг фойдаси инсоннинг ӯзига қайтиб, унинг маънавий такомилига сабаб бӯлади.
Илоҳий неъматлардан ноӯрин фойдаланиш эса, ҳатто инсон тилида Аллоҳга шукрона айтаётган бӯлсада, унга куфрон келтиришдир.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Парҳезкорлик, поклик ва эзгуликка амал қилган оддий инсонлар ҳам Аллоҳнинг лутфу марҳаматига ноил бӯлиб, ҳикматни қӯлга киритишлари мумкин.
- Инсон амалларининг фойда-зарари унинг ӯзига қайтади. Илоҳий неъматларга шукрона қилиш ёхуд куфрон келтиришнинг ҳам фойда-зиёни Аллоҳга эмас, инсоннинг ӯзига қайтади.
Энди «Луқмон" муборак сураси 13-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّـهِ ۖ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ ﴿١٣﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир». (13)
Луқмоннинг фарзандига илк тавсияси ақида ва амалдаги ширкдан узоқ юришдир. Бутпарастлик, Қуёш, ой ва юлдузларга ҳатто ҳайвонларга сиғиниш тарих давомида турли қавмлар орасида одатга айланган эди. Одамлар жаҳолат ва нодонлик юзасидан жонсиз ёхуд жонли ашё ва жониворлар тақдиримизга таъсир эта олади, деб ӯйлашарди. Шу сабабли уларга илоҳийлик хислатларини хос деб ӯйлаб сиғинишарди.
Аллоҳнинг ягоналигига эътиқод қиладиган кӯпгина мӯминлар ҳам амалда Аллоҳдан ӯзгага сажда қилишмасада, аммо мушриклика йӯл қӯйишади. Улар бойлик ва қудратнинг бандасига айланишган ва бу орзуларига эришиш учун ҳар қандай гуноҳ ишни ҳам бажаришдан тап тортишмайди.
Ширкнинг жирканч оқибатларини яхши билган Луқмони ҳаким фарзандига насиҳатларини бошлашидан олдин уни Аллоҳга ҳар турда ширк келтиришдан эҳтиёт бӯлишга даъват қилиб, ширкни улкан зулм деб атайди. Аввалига инсоннинг ӯзига, сӯнгра Аллоҳнинг элчилари ва Аллоҳнинг динига зиён етказувчи зулм.
Бу ояти каримада фарзанд тарбияси, уларга тӯғри ақдани ӯргатишда ота-онанинг вазифаси баён этилади. Бу ӯринда баён услуби ҳам ӯта муҳимдир. Маъвиза қилиш буйруқ оҳангида ҳукм ила гапиришдан кӯра таъсирлидир. Бундай услубни фарзандлар яхши қабул қилишади. Насиҳат чоғи фарзандим, болам, ӯғлим ёхуд азиз ӯғлим каби муҳаббатли сӯзлардан фойдаланиш нур устига аъло нур бӯлади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Барча инсонлар насиҳатга эҳтиёж сезишади.Ривоятларда келтирилишича, баъзида имом Али алайҳиссалом ёронларига буюрардилар: “Менга насиҳат қилинг, зеро эшитиш билишдан кӯра таъсирлидир”
- Хатоларга йӯл қӯймаслик учун фарзанд тарбияси услубини улуғлар ва ҳакимлардан ӯрганишимиз лозим.
- Фарзанд ота-онанинг насиҳатига эҳтиёж сезади. Фарзанд тарбиясидаги энг яхши услублардан бири боланинг шахсиятини эҳтиром қилиш, у билан меҳр-муҳаббат ва самимият ила суҳбатлашишдир.