Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати
ИШИДнинг Ироқ ва Суриядаги фаолиятлари
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“ Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Суҳбат поёнигача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Бағдодий “Ал-Қоида” гуруҳига йиллар давомида аъзо бўлишидан ва ушбу террорчи гуруҳининг етакчилари билан бирга жанг қилганидан кейин милодий 2010 йилда Ироқда “Исломий давлат” аталмиш гуруҳнинг раҳбари бўлади. Бағдодий бир йилдан кейин Сурияда бошланган инқироздан фойдаланиб, қўл остида бўлган террорчиларни Сурияга юбориб, Шом юртида ҳукмронлик қилиш орзусини рўёбга чиқариш учун биринчи қадамларини қўяди.
Ушбу йўлда унинг муовини Абу Муҳаммад Жавлоний “Ал-Қоида” террорчи гуруҳининг йўналишларидан илҳом олган ҳолда Сурияда “Жабҳа аннусра” номли жинояткор гуруҳини ташкил этади. Ушбу гуруҳ ва бошлиғи Жавлонийнинг нуфузи Сурияда ошганидан кейин у Бағдоддаги гуруҳ билан гуруҳини бирлаштириб, Ироқ ва Шом исломий давлатини ташкил этиш таклифига қаршилик қилади ҳамда Бағдодий гуруҳи билан унинг гуруҳи ўртасида бир неча маротаба қонли тўқнашувлар юзага келади.
ИШИД террорчи гуруҳи молиявий манбалардан баҳраманд бўлган ҳолда ўзининг иқтидорини оширади. Ушбу гуруҳга яқин бўлган манбаларнинг маълум қилишларича, қора бозорда Сурия нефтини сотиш Бағдодий чўнтагига миллионлаб долларларни олиб келарди. ИШИД Мўсул шаҳрига кириб борганидан кейин Ироқ армиясига тегишли кўплаб қурол-яроқ анборларини қўлга киритади. ИШИД гуруҳи аъзолари Ғарб ва араб мамлакатларининг молиявий ва ҳарбий тажҳизотлар билан таъминлаш асосида бўладиган ҳимоялари остида узоқ вақтгача ушбу гуруҳ мавжудлигини сақлаш имкони борлигини ҳам эслатиб ўтишган эди.
Мазкур террорчи гуруҳ салафий, ваҳҳобий ва баъсий кучлардан ташкил топган ҳамда уни айрим Ғарб ва араб давлатлари яширинча ва ошкор тарзда ҳимоя қилиб келишмоқда. ИШИД террорчи гуруҳини Ироққа Америка ва Англиянинг номуборак ҳарбий ҳужумлари натижаси ўлароқ ташкил топган гуруҳ деб аташ мумкин. Ушбу террорчи гуруҳ Америкага қарши курашиш шиори ҳамда ёлғон диний тарғиботлар ва ўзини мазлум этиб кўрсатиш орқали Америка ишғолгар кучлари ўрнига Ироқда расман Ироқ ва Шом исломий давлати номи билан ўзига ўзи қонунийлик бахш этади.
Ироқдан Америка ҳарбий кучлари чиққанидан ҳамда Сурияда сиёсий инқироз ва нотинчликлар бошланганидан кейин ИШИД террорчи гуруҳининг фаолияти Сурияда ҳам кенгаяди. Сурия президенти Башор Асад ҳукуматига қарши ИШИД террорчи гуруҳининг назари Америка, Исроил ва Саудия Арабистонига яқин бўлгани боис ушбу террорчи гуруҳ ва мамлакатлар ўртасида алоқаларнинг янги босқичи бошланади.
ИШИД такфирий гуруҳи аввалида Сурия аҳолисининг суннат аҳлидан бўлганларнинг ҳақларини ҳимоя этиш шиори билан Сурия ҳукуматига қарши жангга киради. Бироқ Сурия армиясидан кетма-кет мағлуб бўлганидан кейин Ироқда кенг қамровли ҳужумларни бошлайди ва мазкур мамлакатнинг муҳим бўлган айрим шаҳар ва минтақаларини қўлга киритади.
ИШИД террорчи гуруҳи ўзи назарда тутган исломий халофатни ва исломий шариатни жорий этишни ўзининг асосий мақсади эълон қилган. Аммо ушбу гуруҳ Ислом номи билан энг жирканч жиноятларни содир этмоқда. Улар ҳар куни янги жиноятларни содир этиб, ўзларининг энг паст ва разил эканликларини кўрсатишмоқда. ИШИД террорчи гуруҳи ҳарбий тўқнашувларда ҳатто болалар ва ўсмирлардан ҳам худукушлик амалиётлари учун фойдаланади ва ўзининг сиёсатларини амалда татбиқ этиш учун инсоний бўлмаган ишларга қўл урмоқда.
Ҳозир эса ваҳдатга оид таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбатини биргаликда тинглаймиз.Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда " Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати” унвонли туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
ИШИД гуруҳига қўшилганларнинг бири ўзининг жиноятларига ҳақида шундай баён қилган эди: Ушбу гуруҳга аъзо бўлганимдан кейин Сурияга жўнатишди ва мен урушга бориш ўрнига амир, яъни ИШИД бошлиғининг фармони билан қамоқхона назоратчиси бўлдим. Менга аёллар ва эркаклардан иборат барча асирларни қамчи билан савалаш буюрилган эди. Мен асирлар ва қўлга тушганлардан бирон нарса сўрамасдим ва уларни тергов қилмасдим ва фақат савалардим. Ушбу шахсларнинг айримларини 80 маротаба ва баъзиларини 40 бор савалардим. Мен учун уларнинг аёл ва ёки эркак эканлиги фарқ қилмасди. Ушбу амал қамоқдаги жиҳод номланарди.
Шак-шубҳасиз, ИШИД такфирий ва террорчи гуруҳчасининг шаклланиши айрим Ғарб ва минтақадаги араб давлатларининг мақсад ва ниятларига ҳам алоқадор бўлган. Кунлар ўтиши билан ушбу гуруҳнинг шаклланишида АҚШнинг ҳам роли кўпроқ назарга ташланарди. Америка Мудофаа хавфсизлиги агентлигининг собиқ раиси Майкл Флинн Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканалига берган суҳбатларининг бирида шундай эътироф этган эди:”Америка хавфсизлик ташкилоти милодий 2012 йилнинг бошларида, яъни Сурия инқирозидан бир йил ўтганидан кейин Ироқда ИШИД террорчи гуруҳини пайдо бўлишини олдиндан айтган эди. Аммо ушбу гуруҳга бир таҳдид сифатида қараш ўрнига унга минтақада ўзининг стратегик мақсадларига эришиш йўлидаги восита сифатида қарайди.”
Қадрли тингловчилар, " Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.