сентябр 21, 2017 11:18 Asia/Tashkent

746-қисм« Аҳзоб " муборак сураси 1-5-ояти карималарининг шарҳи.

Азизлар, ӯтган суҳбатимизда “Сажда” муборак сурасининг шарҳини якунлаган эдик. Бугун “Азҳоб” муборак сурасининг тафсирини бошлаймиз. Бу сура Мадинада нозил бӯлган ва у 73 оятдан иборат. Муборак суранинг 20 ояти Азҳоб жанги ҳақида ҳикоя қилади. Шу сабабли сура “Азҳоб” дея номланган. Эслатиб ӯтамиз,   жангда Мадина шаҳри атрофига ҳандақ қазилгани сабабли  бу жанг  “Ҳандақ жанги” деб ҳам юритилади.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Азҳоб " муборак сураси 1-3-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ اتَّقِ اللَّـهَ وَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَالْمُنَافِقِينَ ۗ إِنَّ اللَّـهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمًا ﴿١﴾ وَاتَّبِعْ مَا يُوحَىٰ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ ۚ إِنَّ اللَّـهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا ﴿٢﴾ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّـهِ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّـهِ وَكِيلًا ﴿٣﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма! Албатта, Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли зотдир. (1) Ва ўзингга Роббингдан ваҳий қилинаётган нарсага эргаш. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир. (2) Ва фақат Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳ кофийдир. (3)

 Тарихий ривоятларда келтирилишича, айрим мушриклар, жумладан Абусуфён Расули акрам (с) га “Бизнинг худоларимизга тегинмасанг, биз ҳам сенга тегинмаймиз. Эл орасида динингни тарғиб қилавер” – деб айтишган эди.

Аллоҳ таъоло бу ояти карималар орқали ӯз пайғамбарига буюради:  “динингни тарғиб қилиш учун ислом душманлари билан бундай келишувлардан эҳтиёт бӯл. Куфр ва ширк билан курашдан чекинма. Табиийки, душманлар ҳам ӯз ҳийла-найрангларини давом эттирадилар. Шу сабабли доимо Аллоҳга таваккул қилиш ва Ундан мадад сӯраш лозим.

  Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 Дин душманларининг истакларига бӯйин суниб, ислом зарарига  улар билан келишиш Илоҳий тақвога зиддир.

Ички мунофиқлар ташқи душманлар билан бир фикрдалар.Улардан эҳтиёт бӯлиш керак.

Кофирларни рози қилиш  ӯрнига гарчи уларга ёқмасада,    ислом таълимоти кӯрсатмалариги амал қилишимиз лозим.

Кофирлар ва мунофиқларга бӯйин сунмай Илоҳий ваҳий кӯрсатмаларига амал қилиш кӯпгина қийинчиликларни келтириб чиқаради. Шундай ҳолатларда муминларга сабр ва матонат бағишловчи асосий омил Аллоҳга таваккул қилишдир.

 

 Энди  «Азҳоб" муборак сураси  4-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

مَّا جَعَلَ اللَّـهُ لِرَجُلٍ مِّن قَلْبَيْنِ فِي جَوْفِهِ ۚ وَمَا جَعَلَ أَزْوَاجَكُمُ اللَّائِي تُظَاهِرُونَ مِنْهُنَّ أُمَّهَاتِكُمْ ۚ وَمَا جَعَلَ أَدْعِيَاءَكُمْ أَبْنَاءَكُمْ ۚ ذَٰلِكُمْ قَوْلُكُم بِأَفْوَاهِكُمْ ۖ وَاللَّـهُ يَقُولُ الْحَقَّ وَهُوَ يَهْدِي السَّبِيلَ ﴿٤﴾

Бу ояти  карима    қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд ҳам қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур. (Бу оятда жоҳилият тузумининг учта ҳукми ҳақида сўз кетмоқда. Булар: ақлли ва зийрак кишиларнинг қалби иккита бўлади, деган тасаввур; ким хотинидан зиҳор қилса, хотини онаси бўлиб қолади, деган ақида; ким бирор болани асраб олса, ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнида ўтади, деган ҳукм. Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва амал қилишар эди. Шу билан бирга, мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларига итоат этишларини талаб қилишарди. Мана шу оят мусулмонлар олдига Аллоҳга тақво қилиш, у юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг ўзига суяниш ва кофиру мунофиқларга эргашмаслик вазифасини амалий равишда қўйди.) (4)

    Бу ояти каримада мушриклар амал қиладиган бир неча хурофотларга ишора қилиниб, буюрилади: Аллоҳ бундай ишларни тасдиқламайди.Шу сабабли улардан узоқлашинглар, зеро, бир қалбга мӯминлар ва мушриклар муҳаббати сиғмайди. Аллоҳни дӯст тутган киши унга таслим бӯлиб, дин душманларидан узоқлашиши керак.

Жоҳилият даврининг ёқимсиз одатларидан бири шулким, эр хотинидан хафа бӯлган чоғи унга: “бундан кейин онамнинг ӯрнидасан” деб, у билан эр-хотинлик алоқаларини узиб қӯярди. Ваҳоланки, кишининг хотини ҳеч қачон унинг онаси бӯлолмайди.

Жоҳилият даврининг ёмон удумларидан яна бири, болани фарзандликка қабул қилганда уни батамом ӯз фарзанди деб билиш эди. Масалан, бундай ота-боладан бири оламдан ӯтганда тирик қолганига  унинг хотинига уйланиш ҳаром ҳисобланарди.

Ислом жоҳилиятнинг бундай тафаккур тарзига қарши курашиб, фарзандликка қабул қилиш ва ҳақиқий фарзанднинг фарқларини белгилаб берди. Мисол учун Расулуллоҳ (с)нинг тутинган ӯғиллари Зайд ибн Ҳориса хотинини талоқ қилгач,  Аллоҳ ӯз пайғамбарига унинг хотинига уйланиш буйруғини берди. Натижада бу жоҳилият удуми мутлақо барҳам топди.

Ояти кариманинг давомида буюрилади: тилда айтиш билан табиий ҳолатлар ӯртасида фарқ бор. Масалан “онамнинг ӯрнидасан” деган билан хотин онага айланмайди ва фарзандликка қабул қилиш билан у табиий фарзанд бӯлолмайди.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 Бир-бирига зид бӯлган икки нарсага  муҳаббат қӯйиш битта қалбга сиғмайди. Аллоҳга мумин бӯла туриб, кофирларнинг йӯлидан юриш раво эмас.

Ота-оналарнинг фарзандлар билан алоқаси келишилган ёхуд расмий муносабат бӯлмай, балки ҳақиқий ва табиий муносабатдир. Шу сабабли бу муносабат ӯлимдан кейин ҳам давом этади.

Ижтимоий ва оилавий муносабатларда ҳақни ботилдан ажратувчи меъёр  Илоҳий ваҳийдир. Ислом таълимотига зид бӯлган удум ва расм-русумлардан воз кечиш лозим.

 

Энди  «Азҳоб" муборак сураси  5-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّـهِ ۚ فَإِن لَّمْ تَعْلَمُوا آبَاءَهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ ۚ وَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ فِيمَا أَخْطَأْتُم بِهِ وَلَـٰكِن مَّا تَعَمَّدَتْ قُلُوبُكُمْ ۚ وَكَانَ اللَّـهُ غَفُورًا رَّحِيمًا ﴿٥﴾

Бу ояти  карима     қуйидагича таржима қилинган:

Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (5)

Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: Фарзандликка қабул қилган болани ӯз фарзандингиз деб ӯйламанг. Отасининг исмини билсангиз, болани отасининг исми билан чақиринг.Отасининг исмини билмасангиз, болани ӯзгаларга диний биродарингиз ёхуд дӯст сифатида таништиринг, токим ҳар бир инсоннинг ӯзлиги сақланиб қолсин. Боланинг ӯзи ва атрофдагилар бу сизнинг ҳақиқий фарзандингиз экан, деган гумонга бормасин.

Ояти кариманинг охирида бир умумий қоида эслатилади: хато юзасидан қилинган ишни Аллоҳ таъоло кечиради. Аммо қасдан қилинган амал учун жазо берилиши муқаррар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 Шахснинг ирсий муносабатларига  тажовуз қилмаслик, турли ҳолатларни, жумладан фарзандликка қабул қилишни баҳона қилиб бу муносабатларни поймол этмаслик керак.

Ҳатто оталари номаълум кишилар билан ҳам оғаларча,  эҳтиром юзасидан муносабат қилишимиз лозим. Ҳеч кимга бировни таҳқир қилиш ҳуқуқи берилмаган.