Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиёга доир муҳим янгиликлар шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимизда минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Бизни тинглаб боринг!
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида вазият мураккаблашди.
- Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаевни кескин танқид қилди.
- Қозоғистон ҳукумати ҳам Атамбаевнинг танқидий баёнотига жавоб қайтарди.
- «Интерпол»нинг Тожикистондаги юқори мартабали мулозимлари ҳибсга олинди.
- Туркманистонда газ, электр ва сувдан бепул фойдаланиш бекор қилинади
Энди эса ушбу мавзуларнинг тафсилотларига ўтамиз.
1. Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида вазият бироз мураккаб бўлиб турибди. Бу ҳақда АКИpress хабар берган. «Оқ йўл» назорат-ўтказиш пунктида тирбандлик ва чегарадан ўтиб кета олмаган кўплаб одамлар тўпланиб қолган. АКИpress мухбирлари воқеа жойига йўл олишган. Қирғизистон Давлат чегара хизмати Қозоғистон билан чегарадаги вазиятга изоҳ берди. 2017 йилнинг 10 октябри соат 18:00дан Қирғизистон-Қозоғистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида транспорт воситалари ҳамда шахсларни ўтказиш қирғизлар томонидан кучайтирилган вариантда амалга оширилмоқда. Шу сабабдан йўловчи, юк ва транспорт воситаларининг давлат чегараси орқали оқими кўпайган. Қирғизистон томонидан чегара назоратини ўтиш чоғида ҳеч қандай чекловлар йўқлиги айтилмоқда. Қозоғистон ИИВ эса, «Қирғизларга қарши махсус тадбирлар ўтказилмаяпти» - деб маълум қилди. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси давлат чегарасининг барча қисми бўйлаб, жумладан, Қозоғистон-Қирғизистон чегараси участкасида ҳам режали чегара амалиётини ўтказмоқда. Маълумотларга кўра, амалиётнинг мақсади чегара ҳудудида ноқонуний фаолиятни тўхтатиш, террорчилик, контрабанда ва бошқа жиноий фаолият билан шуғулланадиган шахсларни аниқлаш, шунингдек, чегара тартиби ва миграция қонунчилигига риоя этилишини текширишдир. Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков аввалроқ Олий Евросиё иқтисодий форуми мажлисидаги иштироки доирасида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан ўзаро гаплашиб олган ва уни Қирғизистон-Қозоғистон давлат чегарасида юзага келган вазиятдан хабардор қилган. Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ҳукуматига Қирғизистон билан чегарадаги барча муаммоларни ечишни топширди.
2. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаевни кескин танқид қилди. "Мен Қозоғистон ҳукумати бизга ўз қарашларини нима учун ўтказишни истаётганини тушунаман. Улар Бакиевни яхши кўрадилар. Бакиевлар Қозоғистонда ҳалигача байрам кунларини нишонлашади. Мен ҳатто Қозоғистондаги энг юқори мансабли шахслардан Бакиевлар одамларни ўққа тутиб, тўғри иш қилгани ҳақидаги гапларни эшитдим. Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти Қирғизистонга қараганда 8 баробар кўп эканини айтиб, тўғри гапирди. Қозоғистоннинг даромадлардаги ўртача ялпи маҳсулоти Қирғизистондан 10 баробарга ортиқдир. Нега унда Қозоғистонда пенсиялар бу қадар юқори эмас ва тарифлар 5 баробарга қиммат? Чунки Қозоғистон ҳукумати ўғирламоқда, - деди А.Атамбаев. "Назарбоевнинг бизга ёш президент келиши кераклиги ҳақидаги сўзларини қўллаб-қувватлайман. Бироқ, биздаги энг ёши катта номзод ҳам Назарбоевдан 20 ёшга кичикдир. Мен эса – 16 ёшга. Ва ким ёш президентга муҳтож? Бизми ёки Қозоғистон?, -дея маълум қилди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев давлат мукофотларини топшириш маросимида сўзлаган нутқида. Атамбаевнинг президентлик муддати 1 декабрда тугайди ва конституцияга кўра, у президентликка яна ўз номзодини қўя олмайди. Атамбаевнинг меросхўри сифатида баҳоланаётган номзод Сооронбай Жээнбековнинг асосий рақибларидан бири мамлакат собиқ бош вазири Омурбек Бобонов бўлиши кутилмоқда. Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида сентябрь ойи охирида дипломатик можаро юз берган эди. Бу Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Омурбек Бобонов билан учрашгани туфайли рўй берди. Бишкек давлати Остонани «халқнинг танловига таъсир ўтказиш» ва мамлакатнинг ички ишларига аралашишга уринаётганликда айблади. Қирғизистонда президентлик сайловлари 15 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтади.
3. Қозоғистон ҳукумати ҳам Атамбаевнинг танқидий баёнотига жавоб қайтарди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон президентининг мамлакат ички ишларига аралашув бўйича сўзларини номақбул ва провокацион, деб ҳисобламоқда. Ўтган шанба куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев қўшни Қозоғистонни Қирғизистон ички ишларига, хусусан 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган Қирғизистон президентлиги учун сайлов жараёнига аралашишда айблади. «Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаевнинг 2017 йил 7 октябрь куни Қозоғистон Республикаси раҳбариятига тегишли бўлган ва Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган баёнотлари муносабати билан Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қатъий протест билдиради ва икки дўстона мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда уларга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди», - дейилади ташқи сиёсат идораси баёнотида.
4. «Интерпол»нинг Тожикистондаги юқори мартабали мулозимлари ҳибсга олинди. Тожикистон давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш бўйича агентлиги «Интерпол»нинг республика ИИВдаги икки нафар юқори лавозимли мулозими ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Коррупцияга қарши кураш маҳкамаси матбуот марказининг хабар беришича, Тожикистон ИИВнинг «Интерпол» халқаро қидирув бўлими бошлиғи, милиция подполковниги Алоҳиддин Камолов ва ушбу бўлимнинг ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор ходими Жовид Ваҳобов пора олишда гумонланиб ушланди. Жовид Ваҳобов ҳамда Алоҳиддин Камоловга нисбатан Тожикистон ЖКнинг 247-моддаси 4-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.
5. Туркманистонда газ, электр ва сувдан бепул фойдаланиш бекор қилинади. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Оқсоқоллар кенгашида чиқиш қилиб, электр, газ, сув ва туздан фойдаланиш учун босқичма-босқич тўлов киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаши ҳақида айтиб ўтган. Бу ҳақда Туркманистон раҳбари матбуот хизмати хабар берган. «Ўша йилларда бундай имтиёзларнинг берилишига асосий сабаб – жаҳондаги мураккаб иқтисодий вазият шароитида ижобий шароитлар яратиш, фуқароларнинг бозор иқтисодиёти шароитларига мослашиши бўлган эди», - деб таъкидланган матнда. Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда аҳолига газ, электр энергияси ва сув бепул лимитини тақдим этиш бўйича имтиёзлар амал қилади. Илк бора бундай имтиёзларни бекор қилиш ҳақидаги таклиф 2015 йилда Оқсоқоллар кенгаши йиғилишида берилган эди. 2016 йилнинг апрелида Бердимуҳамедов таклифга рози бўлди ҳамда имтиёзлар «ўзини оқламаётгани» ва «бозор иқтисодиётига ўтишга халақит бераётгани» ҳақида маълум қилди. Бироқ, 2016 йилнинг июнида давлат раҳбари кутилмаганда мамлакат бюджети аҳолига имтиёзлар сақланиб қолишига имкон бериши ҳақида айтиб ўтди. Бир йилдан сўнг, 2017 йилнинг июнида президент яна имтиёзлар тизими бутунлай самарасизга айланганини айтди ва уларни бекор қилиш ҳақида топшириқ берди. Шу билан бирга, Бердимуҳамедов «имтиёзлар бирданига барчага эмас, балки ижтимоий ёрдамга ҳақиқатдан ҳам эҳтиёжи борларга тақдим этилиши»ни қўшимча қилган.
Муҳтарам тингловчилар, "Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.