октябр 21, 2017 14:34 Asia/Tashkent

750-қисм« Аҳзоб " муборак сураси  18-21-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Азҳоб " муборак сураси 18-19-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

 قَدْ يَعْلَمُ اللَّـهُ الْمُعَوِّقِينَ مِنكُمْ وَالْقَائِلِينَ لِإِخْوَانِهِمْ هَلُمَّ إِلَيْنَا ۖ وَلَا يَأْتُونَ الْبَأْسَ إِلَّا قَلِيلًا ﴿١٨﴾أَشِحَّةً عَلَيْكُمْ ۖ فَإِذَا جَاءَ الْخَوْفُ رَأَيْتَهُمْ يَنظُرُونَ إِلَيْكَ تَدُورُ أَعْيُنُهُمْ كَالَّذِي يُغْشَىٰ عَلَيْهِ مِنَ الْمَوْتِ ۖ فَإِذَا ذَهَبَ الْخَوْفُ سَلَقُوكُم بِأَلْسِنَةٍ حِدَادٍ أَشِحَّةً عَلَى الْخَيْرِ ۚ أُولَـٰئِكَ لَمْ يُؤْمِنُوا فَأَحْبَطَ اللَّـهُ أَعْمَالَهُمْ ۚ وَكَانَ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّـهِ يَسِيرًا ﴿١٩﴾ 

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, Аллоҳ ичингиздаги (жиҳодга) тўсиқлик қилгувчиларни ҳам ва ўз биродарларига: «Биз томон келинг», деювчиларни ҳам билур. Улар жангга келмаслар, илло, озгина келурлар. (18) Сизларга нисбатан бахиллик қилган ҳолларида (келурлар). Бас, хавф келган чоғда уларнинг сенга ўлим талвасасидаги кишига ўхшаб, кўзлари айланиб назар солишларини кўрасан. Бас, хавф кетганда эса, яхшиликка очкўзлик қилиб, сизларга ўткир тиллар ила озор берурлар. Ана ўшалар иймон келтирмаганлардир. Бас, Аллоҳ амалларини беҳуда кетказди. Бу эса, Аллоҳ учун осон эди. («Ана ўшалар» мўмин-мусулмонларга қўшилиб, сафарбарликка чиқадиганларнинг жиҳодга бўлган шаштини пасайтирадиган, урушга озгинасигина келадиган, хавф келганда мусулмонлар раҳбарига худди, ўлимимга сен сабабсан, дегандек назар соладиган, хавф кетганда, ўлжа талашиб уришадиган, иймон келтирмаган одамлардир.) (19) 

 Ӯтган суҳбатимизда Азҳоб жангида Мадина мунофиқлари томонидан мусулмонлар руҳиясини заифлаштириш учун қилинган ҳаракатларга ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда буюрилади:  мунофиқлардан бир гуруҳи одамларни душманга қарши курашдан қайтариб, уларга қарата дейишарди: биз жанг қилишдан қӯл тортдик. Сизлар ҳам бизга эргашинглар.

Мунофиқлар жиҳод майдонида жон беришдан қӯрқар, мужоҳидлар ва уларнинг аҳлу аёлига молиявий ёрдам беришга бахиллик қилар эдилар.

Уларнинг Аллоҳга бӯлган иймонлари заиф, хавф-хатарга юзма-юз келганда ӯлгудек қӯрқиб, қалтираб-қақшайдилар.

Аммо мусулмонлар ғалабага эришса, ӯзларини ғалаба соҳиби деб билиб, уруш  ӯлжаларига эгалик қилишга очкӯзларча талпинадилар. Берган қарзини талаб қилаётган кишидек, қаттиқ гапириб, ӯз улушларини талаб қилишади.

Қуръони карим пайғамбар замонида яшаган мунофиқларнинг хусусиятлари ҳақида ҳикоя қиларкан, бу сӯзлар фақатгина уларга тегишли эмас. Ҳар бир замон ва маконда мусулмонлар орасида хавф-хатарга юзланган чоғи жуфтакни ростлайдиган, аммо осойишталик замонида бойлик ва қудрат тӯплашга ҳаракат қилувчи, ӯзларини бошқалардан афзал деб билувчи кимсалар топилади.

  Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Душманга қарши кураш чоғи орамиздаги иймони заиф кимсаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар нафақат ӯзлари уруш жабҳасидан орқага тисарилишади, балки бошқаларни ҳам умидсизликка тортадилар.
  2. Оғир ҳолатларда мунофиқлар жанг майдонидан ортга тисарилишади. Жанговарлар ва уларнинг аҳлу аёлига кӯмаклашишга бахиллик қилишади. Ғалабага эришилгач, уруш ӯлжаларини тақсимлаш чоғи тамагирлик қилишади.
  3. Жанг пайтида қӯрқиб-қалтираш, осойишталик пайти  одамларга ӯтказиб қӯйгандек муносабат қилиш мунофиқлик белгиларидандир.

 

 Энди  «Азҳоб" муборак сураси  20-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

  يَحْسَبُونَ الْأَحْزَابَ لَمْ يَذْهَبُوا ۖ وَإِن يَأْتِ الْأَحْزَابُ يَوَدُّوا لَوْ أَنَّهُم بَادُونَ فِي الْأَعْرَابِ يَسْأَلُونَ عَنْ أَنبَائِكُمْ ۖ وَلَوْ كَانُوا فِيكُم مَّا قَاتَلُوا إِلَّا قَلِيلًا ﴿٢٠﴾

Бу ояти  карима    қуйидагича таржима қилинган:

Улар азҳобларни кетмаган деб ҳисобларлар. Агар аҳзоблар яна келсалар, улар аъробийлар ичида, чўлда бўлиб, сизнинг хабарингизни сўраб туришни орзу қилурлар. Агар сизнинг ичингизда бўлганларида ҳам, камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар. (Кофир гуруҳларнинг мусулмонларга ҳеч бир зарар етказа олмай, қайтиб кетганлари мунофиқларнинг тасаввурига сиғмайди.) (20) 

 Бу ояти каримада мунофиқлар қӯрқув-таҳликаларининг авжи баён қилиниб, буюрилади: душман қӯшини парчаланиб, Мадина шаҳрига хавф-хатар таҳдид қилмаётган чоғда ҳам мунофиқлар душман ҳали ҳам шаҳар атрофини ӯраб олган дея гумон қилишарди. Шу сабабли от ё туя овозини эшитган чоғи душман бостириб келяпти, дея тасаввур қилишарди.

Қурқув ва ҳадик қалбларини шунчалик эгаллаб олгандиким, чӯлу биёбонга қочиб кетиб, саҳройилар билан яшашни орзу қилишар, йӯловчилардан шаҳардаги аҳволни суриштириб, билиб тинчиган чоғи яна Мадинага қайтиш орзусида эдилар.

Ояти кариманинг давомида муминларга хитоб қилиниб, буюрилади: улар шаҳарда қолган ҳолатда ҳам аксарияти сиз билан бир қаторда  жанг майдонига чиқмайди. Шу сабабли уларнинг кетишидан хафа, қолишларидан эса хурсанд бӯлманг.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Мунофиқлар ва иймони заиф кишилар доимо душманни мусулмонлардан кучли деб ӯйлашади. Улар ҳар бир жангда душман ғалабага эришиб, мусулмонлар мағлубиятга учрайди дея гумон қилишади ва шу нуқтаи назардан келиб чиқиб режалар тузишади.
  2. Қӯрқув ва ҳадик душманга қарши курашишдан ӯзини олиб қочишга сабаб бӯлади. Аммо ақл ва шариатнинг ҳукми бундай: инсон қӯрқув-ҳадикка берилмай,  душманга қарши  жиддий курашиши керак.

 

Энди   «Азҳоб " муборак сураси 21-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

 لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّـهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّـهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّـهَ كَثِيرًا ﴿٢١﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсийнинг (р. а.) фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот (с. а. в.) шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.)(21) 

Мунофиқлар ва иймони заиф кишиларнинг ӯзига хос хусусиятларини баён этган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: Аммо иймон аҳли мунофиқларнинг сӯзларига қулоқ солиш ва масъулиятларини бажаришда сусткашлик қилиш ӯрнига Расули акрам (с)нинг сӯзлари ва муборак сийратларига эътибор қаратишади. Улар ул ҳазрат мисоли душманга қарши қатъият билан курашиб, Мадина шаҳри ва мусулмонларни муҳофаза қиладилар.

Тарихий ривоятларга кӯра Расулуллоҳ (с) Мадина шаҳри атрофида ҳандақ қазишга буйрук бериб, ӯзлари ҳам мусулмонлар билан биргаликда бу ишда бевосита қатнашдилар. Аллоҳнинг расули иш жараёнида мусулмонларга Аллоҳни эслатар ва уларга Илоҳий ғалаба ваъдасини берардилар.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Расули акрам (с) жанг ва жиҳод пайти жанговар кийимлар кийиб,  қӯмондонлик қилар эдилар. Унинг дини ҳукуматидан айри эмасди. Ул ҳазрат мусулмонларнинг ҳам дунёвий ва ҳам қиёмат кундаги абадий саодатларини истар эдилар.
  2. Ислом пайғамбари (с) бошқа инсонлар каби оддийгина ҳаёт кечирардилар.  Ул ҳазрат ер одами бӯлиб, ерда яшовчилар учун ибрат намунаси эдилар.
  3. Дунё мусулмонлари Расули акрам (с) ӯзлари учун ибрат намунаси деб билганларида душманлари қаршисида бунчалик хор ва залил бӯлмас эдилар.