ноябр 23, 2017 11:34 Asia/Tashkent

756-қисм« Аҳзоб " муборак сураси  43-48-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Аҳзоб " муборак сураси 43-44-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

هُوَ الَّذِي يُصَلِّي عَلَيْكُمْ وَمَلَائِكَتُهُ لِيُخْرِجَكُم مِّنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ ۚ وَكَانَ بِالْمُؤْمِنِينَ رَحِيمًا ﴿٤٣﴾ تَحِيَّتُهُمْ يَوْمَ يَلْقَوْنَهُ سَلَامٌ ۚ وَأَعَدَّ لَهُمْ أَجْرًا كَرِيمًا ﴿٤٤﴾ 

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадир. У мўминларга ўта меҳрибон бўлган зотдир. (43) У зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва У зот уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир. (44)

  Ӯтган суҳбатимизда Қуръони карим муъминларни барча ҳолатларда Аллоҳни унутмасликка, Уни зикр қилиб туришга чақиради, деб айтган эдик. Бу ояти карималарда буюрилади: сиз Аллоҳни эслаган чоғи, ишончингиз комил бӯлсинким,  Аллоҳ ҳам сизни эслайди ва ӯз раҳматини сизга нозил айлайди. “Бақара” муборак сурасининг 152-ояти каримасида буюрилганидек: “Фазкуруни азкуркум...”—“мени эсланг, мен ҳам сизни эслагайман...”

Фаришталар ҳам иймон аҳли учун раҳмат ва мағфират талаб қилишади. Аллоҳнинг бу раҳмат ва мағфирати инсоннинг зулм ва  гуноҳлар зулумотидан нур ва покликка чиқиб олишига сабаб бӯлади.

Аллоҳни доимий равишда эслаш Илоҳий лутф ва иноятнинг ӯша инсонга йӯналиши ва унинг самовий ҳидоятга ноил бӯлиши сабабчисига айланади. Илоҳий ҳидоят эса турмушнинг энг сарбаст муаммоларига дуч келган чоғи инсоннинг мушкулини осон қилиб, уни ҳаётнинг шафқатсиз тӯфонлари илкидаги ҳалокатдан асраб қолади.

Қиёмат куни ҳам бундай бандалар тотувлик ва осойишталикда бӯлишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Ҳаётнинг зулумотли муаммоларидан қутулиш учун аҳли башарнинг фақатгина ақл ва билими етарли эмас. Муаммолардан халос бӯлиши  учун инсон Илоҳий кӯмакка эҳтиёж сезади. Аллоҳни эслаш эса ана шу Илоҳий кӯмакнинг заминаларини ҳозирлайди.
  2. Ҳақиқий иймон Аллоҳнинг инсонга Илоҳий ҳидоят нурини ҳадя айлайдиган  раҳматини қӯлга киритиш калидидир..
  3. Жаннат аҳли бир-бирларига салом сӯзи билан мурожаат қилишади.  Дунёда ҳам муминларга ӯзаро бир –бирлари билан мулоқот қилган чоғи бу гӯзал ва маъноли жаннатий сӯздан фойдаланиш топширилган.

 Энди  «Аҳзоб" муборак сураси  45-46-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا ﴿٤٥﴾ وَدَاعِيًا إِلَى اللَّـهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجًا مُّنِيرًا ﴿٤٦﴾ 

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

 Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи. (45) Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик. (Ушбу оятда Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад (с. а. в.) жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар.) (46) 

 Ушбу муборак суранинг олдинги бир неча оятида Аллоҳнинг Расули ҳазрат Муҳаммад Мустафо (с)нинг рисолатлари ва сӯнгги пайғамбар эканликлари ҳақида сӯз борарди. Бу ояти карималарда эса Аллоҳнинг ҳабибиги қарата буюрилади: “Эй,  расулимиз. Сиз одамларнинг орасида яшайдиган, одамлар сиздан ӯрнак ва намуна оладиган  мукаммал ибрат намунасисиз. Сизнинг даъват усулингиз икки асосга қурилгандир: башорат ва эслатиш.

Пайғамбар одамларни ягона Аллоҳга сиғинишга даъват қилади, ӯзига эмас. Зеро, барча пайғамбарлар инсон Аллоҳдан ӯзга ҳеч кимга таъзим бажо келтирмаслиги лозим, деган ақидани жорий қилиш учун вазифадор эдилар. Шу сабабли улар одамларни ӯзларига банда бӯлишга чақиришмайди. Балким одамларни зӯравон тоғутий қудратлар қӯлидаги қулликдан озод қилиб, ягона Аллоҳнинг бандалигига даъват қилишади.

Илоҳий пайғамбарлар жаҳл ва зулм қоронғулигини нур, зиё ва адолатга табдил этадиган қуёшга ӯхшашади. Улар одамларнинг иймонини билим ва маърифат заминаларида тиклашади, жаҳл ва хурофот асосида эмас.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Пайғамбарлар фақатгина тилда эмас, балки ӯз амаллари билан ҳам одамларни Аллоҳга томон даъват қилишарди. Шу сабабли улар одамлар учун энг яхши амалий ибрат намунасидирлар.
  2. Расули акрам (с) ӯз умматининг амалларига гувоҳдирлар. Шундай экан, юриш-туриш ва барча амалларимизни назорат қилишимиз лозим.
  3. Инсонни тарбиялаш, уни ҳидоят қилиш ишида башорат ва эслатиш бирга бӯлиши керак. Булардан фақат бири бӯлса, киши ё ғурурга берилади, ёким ғамга ботади.

Энди  «Аҳзоб" муборак сураси  47-48-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

 وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ بِأَنَّ لَهُم مِّنَ اللَّـهِ فَضْلًا كَبِيرًا ﴿٤٧﴾ وَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَالْمُنَافِقِينَ وَدَعْ أَذَاهُمْ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّـهِ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّـهِ وَكِيلًا ﴿٤٨﴾ 

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

 Мўминларга, албатта, уларга Аллоҳдан улуғ фазлу марҳамат бўлиши ҳақида хушхабар бер. (47) Кофир ва мунофиқларга итоат этма. Уларнинг озорларига парво қилма. Аллоҳга таваккал қил. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. (48)

Бундан олдинги оятда башорат ва эслатиш Расули акрам (с) нинг тарбиявий услублари сифатида тилга олинди. Бу ояти карималарда ана шу тушунчалар шарҳланади. Башорат Аллоҳнинг топшириқларига амал қиладиган ва буюрилган амалларни бажариб, қайтарилган амалларга қӯл урмайдиган мӯминлар учундир. Бу гуруҳ Аллоҳнинг махсус лутфу марҳаматига ноил бӯлиб, бажарган амаллари эвазига кӯплаб ажру савобларни қӯлга киритишади.

Эслатма эса нафақат ӯзлари, балки ӯзларига эргашган кишиларни ҳам азоб-уқубатларга гирифтор этадиган кофирлар ва мунофиқлар учундир. Шу сабабли Аллоҳ таъоло пайғамбарга, демакким, бутун мӯминларга қарата буюради: уларнинг сизга тил ва амаллари билан берадиган озорларига сабр қилинг. Аммо ҳеч қачон уларга эргашманг. Бу гуруҳга қаршилик қилиш натижасида сизга етган ҳар қандай озор азият учун Аллоҳга таваккул қилинг ва билиб қӯйинг: шундай қилсангиз Аллоҳ сизга кифоят қилур.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1.  Исломий жамиятнинг раҳбари эзгу ва покиза инсонларни Аллоҳнинг лутфу марҳаматидан умидвор айлаши лозим.
  2. Кофирлар ва мунофиқларнинг бемаъни талабларига фақатгина Аллоҳга таваккул қилган кишигина қаршилик кӯрсата олади.
  3. Мунофиқлар  зоҳиран мусулмонлар сафида бӯлиб, исломий жамиятда яшашсада, аслида улар кофирлар билан ҳамақидадирлар. Шу сабабли бу гуруҳни аниқлаш ва уларнинг ҳийла-найрангларидан эҳтиёт бӯлиш керак.