декабр 02, 2017 13:47 Asia/Tashkent

757-қисм« Аҳзоб " муборак сураси  49-50-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Аҳзоб " муборак сураси 49-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نَكَحْتُمُ الْمُؤْمِنَاتِ ثُمَّ طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِن قَبْلِ أَن تَمَسُّوهُنَّ فَمَا لَكُمْ عَلَيْهِنَّ مِنْ عِدَّةٍ تَعْتَدُّونَهَا ۖ فَمَتِّعُوهُنَّ وَسَرِّحُوهُنَّ سَرَاحًا جَمِيلًا ﴿٤٩﴾

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Эй иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас. Бас, сиз уларни баҳраманд қилинг ва гўзал бўшатиш ила бўшатиб юборинг. (Бу ояти каримада ақди никоҳидан кейин эру хотинлик қилмай туриб, бўладиган талоқ ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳолат оз бўлса-да, ҳаётда учраб туради. Никоҳдан сўнг, қўл текизмай туриб, яъни, эру хотин сифатида хилватда ёлғиз қолмай туриб талоқ қилса, келин идда ўтирмайди.) (49)

   “Аҳзоб” сурасининг ибтидосида бу муборак суранинг аксарият оятлари оилавий масалаларга бағишланганини таъкидлаган эдик. Бу ояти каримада барча муминларга қарата эр-хотинликнинг аҳкомларидан бири ҳақида буюрилади: Эр-хотин ӯзаро никоҳ қилингач, ҳали қӯшилмасдан бурун улар ажралишни исташса, Аёлнинг идда сақлаши шарт эмас. У талоғини олган чоғи бошқа эркакка турмушга чиқиши мумкин.

Идда деганда талоқ олган аёлнинг уч ҳайз миқдорида эр қилмай сабр қилиб кутиш  муддатидир. Бу муддатда аёлнинг ҳомила ёхуд ҳомила эмаслиги аниқланади.

Ояти кариманинг давомида буюрилади:  Талоқ берган чоғи гарчи улар ӯртасида эр-хотинлик муносабатлари, яъни жинсий алоқа юз бермаган бӯлсада,  “Бақара” муборак сурасининг 237-ояти каримаси асосида эркак киши аёлга никоҳ ӯқиш пайти  белгиланган маҳриянинг ярмини тӯлаши керак.  Бундан ташқари талоқ пайти эр-хотин бир-бирларига ёмон гаплар айтмаслиги, ӯзаро таҳқирловчи сӯзларни ишлатмасликлари, балки бир-бирларининг ҳурмат-эҳтиромини ӯрнига қӯйган бир тарзда яхшилик билан ажралишлари керак.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Ислом таълимоти ҳаётнинг барча соҳалари, жумладан оилавий ҳаёт масалаларини ҳам қамраб олган.
  2. Талоқ аёлнинг руҳиясини  жароҳатлайдиган ӯта манфий асоратларга эга. Шу сабабли бу жароҳатларни бир оз енгиллатиш мақсадида   аёл кишининг шаънини ерга урмайдиган тарзда яхшилик билан ажралиб, келишилган маҳриясининг ярмини унга бериш керак.
  3. Қуръони карим таълимоти бӯйича ӯзаро муштарак яшаш замонида ва  ҳатто ажралиш ва талоқ асносида ҳам эр-хотин бир-бирларига нисбатан гина-адоват сақламасликлари лозим.

 Энди  «Аҳзоб" муборак сураси  50-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَحْلَلْنَا لَكَ أَزْوَاجَكَ اللَّاتِي آتَيْتَ أُجُورَهُنَّ وَمَا مَلَكَتْ يَمِينُكَ مِمَّا أَفَاءَ اللَّـهُ عَلَيْكَ وَبَنَاتِ عَمِّكَ وَبَنَاتِ عَمَّاتِكَ وَبَنَاتِ خَالِكَ وَبَنَاتِ خَالَاتِكَ اللَّاتِي هَاجَرْنَ مَعَكَ وَامْرَأَةً مُّؤْمِنَةً إِن وَهَبَتْ نَفْسَهَا لِلنَّبِيِّ إِنْ أَرَادَ النَّبِيُّ أَن يَسْتَنكِحَهَا خَالِصَةً لَّكَ مِن دُونِ الْمُؤْمِنِينَ ۗ قَدْ عَلِمْنَا مَا فَرَضْنَا عَلَيْهِمْ فِي أَزْوَاجِهِمْ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ لِكَيْلَا يَكُونَ عَلَيْكَ حَرَجٌ ۗ وَكَانَ اللَّـهُ غَفُورًا رَّحِيمًا ﴿٥٠﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Эй Набий, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўл остингдаги (чўри)ларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик. Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сен учун махсус ҳалол қилдик. Мўминларга эмас. Уларга жуфтлари ва қўллари остидаги мулк(чўри)лари ҳақида нимани фарз қилганимизни билурмиз. Буни сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада ва бундан кейин келадиган икки оятда Пайғамбаримизга (с. а. в.) қандай аёлларнинг никоҳи дуруст экани ҳақида, у зот (с. а. в.) билан турмуш қурган ва қурадиган аёлларга тегишли масалалар устида сўз юритилади. Ушбу оятда зикр қилинган уйланиш бобидаги — никоҳда тўрттадан ортиқ аёлни ушлаб туришни, мазкур тоифа аёлларга уйланишни, чўри тутишни, ўз нафсини ҳадя қилган хотинга маҳрсиз, гувоҳсиз уйланишни, эй Набий, сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик.) (50)

   Аллоҳнинг Расули (с)га  қарата айтилган бу ояти каримада уйланиш жоиз бӯлган аёллар санаб чиқилади. Бунда   фақатгина бир ҳолат Аллоҳнинг ҳабибига ҳосдир. Қолган мавридларда аёлларга уйланиш масаласида пайғамбар ва умматлар ӯртасида фарқ йӯқ.

Қариндошлардан амаки, амма, хола ва тоғанинг қизига уйланиш мумкин. Қариндош бӯлмаган ҳар қандай мумина аёлга уйланиш ихтиёрийдир. Ҳар икки мавриддда ҳам никоҳ қилиш пайти маҳрияни белгилаш шартдир. Бу маҳрия ё никоҳ ӯқилаётган пайтда тӯланади, ёхуд икки томоннинг келишуви асосида эркак киши кейинчалик тӯлаш масъулиятини бӯйнига олади.

Канизлар масаласида шу нуктани алоҳида қайд қилиш лозимки,  қулдорлик исломий жамиятнинг маҳсули эмас. Ислом қулдорлик муносабатларига қарши курашиб келди. Гуноҳларнинг каффорати учун қулни озод қилиш, ёхуд жанг пайтида асирга олинган аёл-қизлар, яъни чӯриларга уйланиш, улардан фарзанд кӯриш йӯли билан ҳурмат-эҳтиромларини тиклаш ишига жиддий эътибор қаратиларди. Буларнинг барчаси мусулмонларни қулларни озод қилишга ташвиқ қилишнинг усуллари эди.

Бу ояти каримада шунингдек уйланиш масаласида фақатгина Расули акрам (с) га хос бӯлган бир маврид тилга олинган. Гап шундаки, бирор аёл пайғамбар билан ҳамсуҳбатлик бахтига мушарраф бӯлиш учун маҳрия олмасдан Аллоҳнинг расулига тегишга мойиллик билдирса, Аллоҳнинг ҳабиби ҳам рози бӯлсалар унга маҳрия тӯламасдан уйланишлари мумкин.

Шу ӯринда Расули акрам (с) хотинларининг сони ҳақидаги ислом душманларининг туҳматлари ва айрим ноогоҳ дӯстларнинг саволларига жавоб бериш мақсадга мувофиқ. Тарихдан маълумки Аллоҳнинг расули 25 ёшларида ӯзларидан ёши катта бӯлган ҳазрат Хадичага уйландилар ва у кишининг тириклик чоғида бошқа хотинга уйланмадилар.

Ҳазрат Хадича вафот этганларида Расулуллоҳ 53 ёшда эдилар. Демак, ул ҳазрат 53  ёшгача фақат биттагина аёл билан яшаб, ҳазрат Хадича вафотидан сӯнг бошқа хотинларга уйланганлар. Ваҳоланки,  Аллоҳнинг ҳабиби булҳавас киши бӯлганларида йигитлик айёмидаёқ араб қавмларининг одати бӯйича кӯплаб хотинларга уйланишлари мумкин эди.

Қайд қилиш жоизким, Расули акрамнинг Оишадан ӯзга барча аёллари бева аёллар эди. Демак, ул ҳазрат ёш ва бокира қизларга уйланишга иштиёқманд бӯлмаганлар, балки бева-бечора аёлларни ӯз ҳимояларига олганлар.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.    Турмуш қуриш масаласида ҳалол ва ҳаром ҳолатларни белгилаш Аллоҳнинг иши. Бунда фақатгина томонларнинг розилиги кифоят қилмайди.
  2. Барча инсонлар турмуш қуришга эҳтиёж сезишади. Ҳеч кимни, ҳатто урушда асир тушган кишиларни ҳам уйланиш неъматидан маҳрум қилмаслик керак.
  3. Ислом аёлларнинг молиявий ҳуқуқларини таъминлаш учун никоҳ қилиш пайти уларга маҳрия белгиланишини шарт қилиб қӯйган.