Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Ғиёсиддин Кошонийнинг асарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, буюк эронлик донишманд Ғиёсиддин Кошоний ёшлик йилларини Кошонда ўтказиб, риёзиёт ва фалакиёт илмига қизиқиб, қадимги Греция, Эрон ва Марказий Осиё машҳур олимларининг асарларини таржима қилиб, уларга шарҳлар ёзган. У табобат, мантиқ, хуқуқушунослик, адабиёт фанини яхши билган. Кейинчалик Кошоний Ҳиротга келиб, Шоҳрух саройида хизмат қилган ва унга атаб "Элхон зижи”ни такомиллаштириш учун "Хоқон Зижи" номли астрономик асарини битгани бобидаги маълумот ҳам бор. Айрим маълумотларда у ушбу асарини Кошонда ёзган. Унинг бу асари ўз давридаги астрономия соҳасидаги энг етук асарлардан ҳисобланган.
Қозизода Румийнинг маслаҳати билан Улуғбек 1416 йили Кошонийни Самарқандга таклиф этган ва у ҳаётининг сўнгги йилларигача Самарқандда яшаб, тахминан 1429 йилда вафот этган.
Жамшид Кошоний ўз асрининг риёзиёт ва фалакиёт илмининг буюк алломаларидан бири сифатида ажойиб риёзиёт қомуси - "Мифтоҳ ал-ҳисоб" ("Ҳисоб калити") асари билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, шунингдек, Марказий Осиёда машҳур эди. Ушбу асарда системали равишда баён этилган унли касрлар таълимоти Кошонийнинг юқори илмий ютуқларидан бири эди.
Риёзиёт фанида тақрибий ҳисоб усулини ривожлантириш борасида ҳам Кошонийнинг хизмати каттадир. Ушбу масалага у "Рисола ал-муҳития" ("Доира ҳақида рисола")сини бағишлади ва бу билан ўрта аср математикаси ривожига муҳим хисса қўшди. Асарда 17 аниқ унли белгига эга "Л" сонининг тақрибий маъноси аслият услуби билан кўрсатиб берилган.
Мирзо Улуғбек ўзининг "Зижи Курагоний" асарининг муқаддимасида Ғиёсиддин Кошоний мазкур асар устида иш бошлаган илк дафъада вафот этди, деб маълумот беради. Кошоний араб тилини жуда яхши билган ва Улуғбек "Зиж"ининг муқаддимасини арабчага ағдарган. Бу ҳақда муқаддима сўнггида шундай дейилади: "Мавлоно султон Улуғбек ибн Султон Шоҳрух ибн Султон Темур Кўрагоннинг "Зиж"и тугатилди. У буни Самарқандда кузатган.
Арабчага мавлоно ва алломалар шайхи, аллома Саййид Ғиёсуддин Жамшид ағдардилар". Демак, бундан кўринадики, Жамшид Кошоний Самарқанддаги астрономик кузатишлар тугамасдан олдин қазо қилган бўлса ҳам, "Зиж"ни режалаштириш ва унинг назарий қисмининг тузилиш ишларида иштирок этган ва уни арабийлаштирган. Ғиёсиддин Кошоний Улуғбекка "Зиж"-ни яратиш, расадхона қуриш соҳасида маслаҳатлар берганлиги ва бу ишларда иштирок этганлиги табиий ҳолдир.
Чунки Насириддин Тусийнинг "Зижи Элхоний"сини мукаммаллаштириб, "Зижи Хоқоний"ни ёзган Кошонийга "зиж"ларнинг жумбоқлари аввалдан маълум эди. Покистонлик олим Аббос Ризвий айтганидек, "Кошонийнинг астрономия ва астрономик асбобларни, қадимги ва яқин ўтмишдаги астрономлар, айниқса, Мароға ва Шероз расадхоналари астрономлари ишларининг яхши билганлиги уни нодир бир шахсга айлантирганди".
Кошоний ҳижрий 814 (1411-1412) йилда ал-Чағминийнинг "Фалакиёт ҳақида қисқартмалар" асарига ва милодий 1413 йилда эса ХIII асрнинг иккинчи ярмидаги самарқандлик олим ва фалакиётчи Шамсуддин Муҳаммад Самарқандийнинг "Ашкол ат-таъсис фи-л-ҳандаса" ("Ҳандаса илмида шакллар асоси") геометрик рисоласига ўз шарҳларини тузиб чиққан.
Кошонийнинг форс тилида отасига ёзган мактубларида Улуғбек ва унинг астрономик мактаби ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.
Масалан, Кошонийнинг 1421 йиллар атрофида Кошонга юборган мактубида Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсуддин Кошонийнинг ўзи ва Самарқанд мактабининг бошқа олимларининг илмий фаолиятларига оид қизиқарли маълумотлар ҳамда расадхона қурилишига доир лавҳалар муфассаллиги билан диққатга сазовордир.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Аллома Ғиёсуддин Кошоний хатида Самарқанд Марказий Осиёнинг маданий маркази сифатида Кошондан афзаллигини, Улуғбекни эса кўзга кўринган давлат арбоби ва ҳукмдоргина эмас, балки йирик олим эканини тасвирлаб ўтади. Муаллифнинг Улуғбек ҳақида келтирган ушбу далиллари бошқа тарихий манбаларда учрайдиган Улуғбек ҳақидаги ма'лумотларни, айниқса, унинг етук аллома эканлишни анчагина тўлдиради.
Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Алоуддинал-Бухорий 1447 йили Абу Ҳанифа ан-Нуъмон ибн Собит ибн Зутанинг (767 йилда вафот этган) асарига ёзилган "Шарҳала-л-фиқҳал-акбар" ("Буюк фиқҳ"га шарҳ")ини Улуғбекка бағишлангани бежиз эмас. Мактубдан яна шу нарса маълум бўладики, Абу Райҳон Берунийнинг "Қонуни Масъудий" Улуғбек ва унинг атрофидаги ҳамкорлари - Қозизода Румий, Ғиёсиддин Кошонийнинг ўзи ва бошқалар учун доим керак бўладиган китоб ҳисобланган. Мазкур маълумотлар Самарқанд мактабининг буюк олим Абу Райҳон Беруний илмий мероси билан боғлиқлигидан гувоҳлик беради.
Мактубда расадхона деворига ўрнатилган қуёш соати ҳақида маълумот келтирилади. Ваҳоланки, Улуғбек асарларида бундай соат мавжудлиги ҳақида бевосита таъкид йўқ,. Демак, Ғиёсиддиннинг бу маълумотлари Қори-Ниёзийнинг Улуғбекка бағишланган "Улуғбекнинг астрономик мактаби" асаридаги шундай соат бўлганлиги ҳақида тахминини тасдиқлайди.
Мактубнинг форсча матни эрон олими М. Таботабоий (Эрон, 1940), турк олими Ойдин Сайилий томонидан инглиз ва турк (Анқара, 1960), америкалик олим E.Кеннеди томонидан инглиз (Рим, И960), араб олими Аҳмад Саид Дамардош томонидан араб (Миср, 1963), тожик олимлари Ф.Собиров ва Н.Бобоев рус (Душанбе, 1973), шунингдек, Тошкентда рус (1979) ва ўзбек (1996) тилларига таржима қилиниб, нашр этилган. Бундан ташқари, Кошонийнинг "Суллам ас-самоват" ("Осмонлар нарвони"), "Нузҳат ал-ҳадойиқ" ("Боғлар сайри"), "Рисола ал-ватар алҳ-жайб" ("Хорда ва синуслар ҳақида рисола") каби асарлари ҳам бизгача етиб келган ва бу асарлар Мовароуннаҳр илмий-адабий муҳитида салмоқли ўрин эгаллаган.
Кошонийнинг Ҳирот ва айниқса Самарқанддаги илмий тадқиқотлари ва унинг математика ва астрономия соҳасида эришган ютуқлари Темурийлар даврида Хуросон ва Мовароуннаҳрда маданий ривожланиш ва турли юртлардан келган олимларнинг эркин илмий фаолияти учун кенг имкониятлар яратилганлигининг яна бир муҳим далилидир.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.