декабр 19, 2017 15:13 Asia/Tashkent

Ғиёсиддин Кошонийнинг хизматлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Аллома Кошонийнинг форс тилида отасига ёзган мактубларида Улуғбек ва унинг астрономик мактаби ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.

Эронлик донишманд  Ғиёсиддин  Кошоний хатида Самарқанд Марказий Осиёнинг маданий маркази сифатида Кошондан афзаллигини, Улуғбекни эса кўзга кўринган давлат арбоби ва ҳукмдоргина эмас, балки йирик олим эканини тасвирлаб ўтади. Муаллифнинг Улуғбек ҳақида келтирган ушбу далиллари бошқа тарихий манбаларда учрайдиган Улуғбек ҳақидаги маълумотларни, айниқса, унинг етук аллома эканлигини анчагина тўлдиради.

Мактубдан яна шу нарса маълум бўладики, Абу Райҳон Берунийнинг "Қонуни Масъудий" Улуғбек ва унинг атрофидаги ҳамкорлари - Қозизода Румий, Ғиёсиддин Кошонийнинг ўзи ва бошқалар учун доим керак бўладиган китоб ҳисобланган. Мазкур маълумотлар Самарқанд мактабининг буюк олим Абу Райҳон Беруний илмий мероси билан боғлиқлигидан гувоҳлик беради.

Мактубда расадхона деворига ўрнатилган қуёш соати ҳақида маълумот келтирилади. Ваҳоланки, Улуғбек асарларида бундай соат мавжудлиги ҳақида бевосита таъкид йўқ. Демак, Ғиёсиддиннинг бу маълумотлари Қори-Ниёзийнинг Улуғбекка бағишланган "Улуғбекнинг астрономик мактаби" асаридаги шундай соат бўлганлиги ҳақида тахминини тасдиқлайди.

Эроннинг марказий шаҳарлари ва айниқса Самарқанддаги Ғиёсиддин Кошоний  илмий тадқиқотлари ва унинг математика ва астрономия соҳасида эришган ютуқлари Темурийлар даврида Хуросон ва Мовароуннаҳрда маданий ривожланиш ва турли юртлардан келган олимларнинг эркин илмий фаолияти учун кенг имкониятлар яратилганлигининг яна бир муҳим далилидир.

Эронлик  буюк донишманд Ғиёсиддин Жамшид Кошоний милодий 1417 йили Самарқанддан Кошонга отасига ёзган мактубида Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: «Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори, Ислом подшоҳи донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар, мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар.
У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва шундай жиддий маҳорат кўрсатганларки, кунлардан бир куни отда кетаётиб, қамарий 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги (мелодий 1415 йил 15-20 сентябр) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини аниқлашни айтадилар. Шунга кўра отда кетаётиб, хаёлий ҳисоб билан қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топтилар. Кейин отдан тушгач, ҳисоб тўғрилигини бу бандаи бечорадан ( яъни Кошнийдан) сўраб, аниқлаб олдилар.

Таъкидлаб  ўтиш жоизким, Мирзо Улуғбекнинг илмга қизиққанлиги ва мамлакатнинг равнақини кўзлаганлиги туфайли янги усулдаги билим юрти — мактаб ва мадрасалар барпо қилишга қарор қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда учта Мадраса барпо этади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Самарқанддаги Мадраса қурилиши 1417 йили бошланиб, уч йилда ниҳоясига етказилади. Тез орада Улуғбек мадрасага мударрис ва олимларни тўплай бошлайди ва шу тариқа унинг Самарқанддаги астрономик мактаби шаклланади. Бу мактабнинг асосий мударрислари илмий ишларига қулай шароит ва паноҳ излаб Темур давридаёқ Самарқандга келган Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби олимлар эди. Қозизоданинг маслаҳати билан Улуғбек Хуросоннинг Кошон шаҳридан Ғиёсиддин Жамшид Кошонийни чақиртиради. Самарқандга Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан тўпланган олимларнинг сони, милодий  1417 йилга келиб 100 дан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Лекин астрономия ва математика соҳасидаги олимлар шарафлироқ ва обрўлироқ эди. Улар орасида Қозизода билан Кошоний энг салобатли ва нуфузли эдилар.

1420 йили Самарканд мадрасасининг тантанали очилиши бўлади. Зайниддин Восифий «Бадоиъ ул-вақоиъ» китобида айтишича, биринчи мударрис этиб мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Хавафий тайинланади. Мадрасада асосий маърузаларни Қозизода, Улуғбек, Коший ва кейинроқ Али Қушчи ўқийдилар.
Улуғбек барпо этган Самарканд мадрасаси ва илмий тўгараги Шарқ маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этди, мамлакат равнақига, шунингдек, кўп халқларнинг маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бу ерда кўплаб буюк сиймолар шаклланди. Жумладан, Хуросоннинг Жом шаҳрида 1414 йили туғилган бўлажак шоир Жомий Улуғбекнинг Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрди. Бу ерда у Қозизода, Улуғбек ва Али Қушчи каби улкан олимларнинг маърузаларини эшитди ва уларнинг тарбиясида бўлди.

Улуғбек атрофида тўпланган Самарқанд олимлари катта аҳамият берган энг муҳим илмий йўналишлардан бири астрономия фани эди. Исломдаги энг аввалги астрономик асарлар «Зиж» деб аталиб, улар асосан жадваллардан иборат бўлган. Улуғбеқдан аввал ёзилган энг мукаммал «зиж»лар Берунийнинг «қонуни Масъудий»си ва Насриддин Тусийнинг 1256 йили ёзиб, Хулашхонга тақдим этган «Зижи Элхоний» асари эди. XV аср бошларида ёзилиб, Шоҳрухга аталган Жамшид Кошонийнинг «Зижи Хоқоний» асари асосан хитой ва мўғул анъаналарига асосланган эди. Мовароуннаҳрда эса мўғул истилосидан кейин бирорта «зиж» ёзилмаган эди. Ана шу сабабларга кўра, Улуғбек энг аввало астрономик изланишларни йўлга қўйиши, бунинг учун расадхона барпо этиши керак эди. Бу ҳақда Абу Тоҳирхўжа бундай хабар қилади: «Мадрасага асос солинганидан тўрт йил кейин Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ариғининг бўйича расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади».

Расадхона қурилиши 1424 йилдан 1429 йилгача давом этади. Расадхона битиши билан астрономик кузатишлар бошланиб кетади. Расадхона билан мадрасанинг биргаликдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани Ўрта асрлар даврида энг юқори поғонага кўтариш имконини берди.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.