Январ 07, 2018 14:45 Asia/Tashkent

759-қисм« Аҳзоб " муборак сураси  55-58-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Аҳзоб " муборак сураси 55-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

لَّا جُنَاحَ عَلَيْهِنَّ فِي آبَائِهِنَّ وَلَا أَبْنَائِهِنَّ وَلَا إِخْوَانِهِنَّ وَلَا أَبْنَاءِ إِخْوَانِهِنَّ وَلَا أَبْنَاءِ أَخَوَاتِهِنَّ وَلَا نِسَائِهِنَّ وَلَا مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ ۗوَاتَّقِينَ اللَّـهَ ۚ إِنَّ اللَّـهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدًا ﴿٥٥﴾

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остида мулк бўлган (қул)лари ҳақида гуноҳ йўқдир. (Эй Набийнинг аёллари,) Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид зотдир. (55) 

   Ӯтган суҳбатимизда номаҳрамлар наздида ҳижобга риоя қилиш ҳукми ҳақида ишора қилинган эди. Бу ояти каримада ӯзаро маҳрам бӯлган қариндошлар зикр қилиниб, буюрилади: ота, ӯғил ва ака-ука каби оила аъзолари қизи, опа-синглиси ва онаси учун маҳрамдирлар. Иккинчи босқичда ака-сингилнинг фарзандлари амаки ва холалари учун маҳрамдирлар.

Мусулмон аёл эркаклардан ташқари кофир ва хизматкор аёллар наздида ҳам исломий ҳижобга риоя қилишлари керак. Зеро,  улар ӯз кӯрганларини эрлари ёхуд бегона эркакларга айтиб беришлари мумкин.

Албатта, бу аҳкомлар аёлларнинг покдомонлигини сақлашга қаратилгандир. Киши ӯзининг ташқи кӯринишига эътибор қаратиш билан бирга гуноҳга ботиш заминаларининг вужудга келмаслиги учун ботиний тақвосини ҳам такомиллаштира бориши лозим.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.    Оилада бирга яшайдиган кишилар юқорида айтганимиз тартибда бир-бирларига маҳрамдирлар. Ҳижоб эса бегона кишилар билан юзланганда   фарз этилган.
  2. Маҳрам ёхуд номаҳрам кишилар билан оилавий ва ижтимоий муносабатларда ҳамма нарса тақво ва покдомонлик асосида бӯлиши керак. Ҳижоб аҳкоми ҳам шу нарсани назарда тутган.

 

 Энди  «Аҳзоб" муборак сураси  56-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

إِنَّ اللَّـهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ ۚ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا ﴿٥٦﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг. (Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга (с. а. в.) саловот айтишининг маъноси у зотга (с. а. в.) ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.) (56)

Бу оят ва бундан кейинги икки ояти каримада Аллоҳнинг расули ва муминларнинг ҳурмати ҳақида сӯз юритилади. Иймон аҳлидан ӯзларининг ҳидоят ва саодатларининг сабабчиси бӯлган пайғамбарга доимий равишда дуруд юборишлари ва ул ҳазратнинг кӯрсатмаларига таслим бӯлишлари лозимлиги буюрилади.

Аммо бундай дастурни баён қилишдан олдин Аллоҳ таъоло буюради: мен ва фаришталарим ҳам пайғамбарга дуруд йӯллаймиз, унинг рисолатини тӯкис бажариш йӯлида чекаётган барча заҳматларини қадрлаймиз. У сизларнинг ҳидоят топишларингни бутун вужуди билан истаб,  бу йӯлда бутун куч-ғайрати билан сай-ҳаракат қилди. Сизлар ҳам уни қадрланглар ва номини зикр этган пайти салавот  юборинглар.

Ривоятда келтирилишича,  саҳобаи киром ул ҳазратга салавот юбориш услуби ҳақида сӯрашди. Расулуллоҳ (с) буюрдилар: Менга бу шаклда салавот юборинглар: “Аллоҳума салли ъало Муҳаммад ва ъало оли Муҳаммад. Кама солайта ъала Иброҳим иннака ҳамидум мажид. Аллоҳум барик ъала Муҳаммад ва оли Муҳаммад кама боракта ъало Иброҳим ва оли Иброҳим иннака ҳамидум мажид”.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Аллоҳ ва унинг фаришталари Расулуллоҳ (с)га салавот юборишар экан, биз, ул ҳазратнинг издошлари заҳмат ва фидокорликларини қадрлаб,  тилимизда салавот айтиб, амалимизда итоат айлаб, ӯз умматлик бурчимизни бажаришимиз лозим.
  2. Фақат қалбий муҳаббатнинг ӯзи етарли эмас. Жамият ӯртасида улуғлар ва эзгу инсонларни яхши кӯришимизни ошкора айлашимиз керак.

 

Энди  «Аҳзоб" муборак сураси  57-58-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّـهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّـهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَابًا مُّهِينًا ﴿٥٧﴾ وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُّبِينًا ﴿٥٨﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди. (Аллоҳга озор бериш–Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, Пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбарга (с. а. в.) озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зотга (с. а. в.) озор берган бўлади.) (57) Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар. (58)

 Бундан олдинги ояти каримада иймон аҳлига Аллоҳ расулининг заҳмат ва фидокорликларини қадрлаб, доимо ул ҳазратга салом ва салавот юбориш лозимлиги тавсия этилган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: Аммо тили ва қилмиши билан Аллоҳ ва унинг расулига озор-азият етказадиган кишиларни Парвардигори карим дунё ва охиратда қаттиқ жазолаб, ӯзининг лутфу марҳаматидан бенасиб қолдиради.

Аллоҳни озорлантириш, яъни Унинг ризоси ва кӯрсатмасига тескари бӯлган амални бажаришдир. Бунда киши Илоҳий раҳматни жалб этиш ӯрнига Аллоҳнинг ғазаб ва лаънатига гирифтор бӯлади. Ривоят қилишларича, Аллоҳнинг бандаларига етказиладиган ҳар қандай озор-азият Аллоҳга озор бериш ҳукмидадир. Қуръони каримда Аллоҳнинг бандаларига қарз бериш ва уларга кӯмаклашиш амали Худога қарз берган билан тенгдир, деб айтилган.

Аллоҳ Расулининг ҳақ гапларини қабул қилмайдиган, ул ҳазратга туҳмат қиладиган ва ёлғончи деб атайдиган, пайғамбарга нисбатан одобсизлик қиладиган кимсалар ҳам Аллоҳга ва ҳам Аллоҳнинг расулига озор етказган кишилардир. Шубҳасиз, Расулуллоҳ аҳли байтларига озор бериш ҳам ул ҳазратнинг  озорланишларига сабаб бӯлади.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: нафақат пайғамбар, балки барча мӯминларнинг ҳурмат-эҳтироми ӯрнига қӯйилиши керак. Ҳеч ким аниқ далил-ҳужжатсиз фақат гумон ва бадбинлиги сабабли бировга туҳмат қилиб, обруйини тӯкишга ҳақли эмас. Зеро, бу иш Аллоҳнинг наздида гуноҳи кабира бӯлиб, унга оғир жазолар белгиланган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Сӯз ва амалимиз билан ӯзгаларга озор-азият етказмаслигимиз керак. Токим Аллоҳ таъоло бизни ӯз лутфу марҳаматидан бенасиб қолдирмасин.
  2. Ҳақорат, таҳқир ва масхаралаш оғир гуноҳ бӯлиб, шу дунёдаёқ кишини мушкулотларга гирифтор қилиши мумкин.