Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Улуғ Рудакийнинг ҳаёти ва ижодиёти
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,
Устоз Абу Абдуллоҳ Рудакий форс шеъриятининг шаклланишида улкан роль ўйнаган лирик ва эпик шоирдир. Уни ҳақли равишда шу адабиётнинг Одам Атоси деб аташади. Зеро, унинг ижодиётида форс адабиётининг шаклланиши ва мавзу жиҳатидан ўз йўлини белгилаб олганлиги яққол кўринади. Унинг шеърлари юксак маҳорати билангина эмас, зулм ва истибдод авжига минган замонада, ўрта асрчилик зулматида ярақлаган бир нур сифатида ажралиб туради, уларда юксак одамийлик, сўз санъати, халқона соддалик, доҳиёна тафаккур, туйғулар тозалиги бутун таровати билан кишини мафтун қилади.
Рўдакийнинг қасидаларидан «Модари май», «Дар васфи Бухоро» ва «Шикоят аз пири» («Қариликдан шикоят») бизгача етиб келган. Рўдакийнинг ижодида X асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган.
Рўдакийнинг ахлоққа оид асарларида ақл-идрок, хулқ-атвор ва билим асосий ўринни эгаллаган. Мутафаккир билимни ҳамма бойликлардан устун қўяди. Унинг айрим насиҳатлари инсоннинг қандай ҳолатда бахтли бўлиш шароитларини аниқлашга ёрдам беради. Рўдакийнинг фикрича, инсоннинг тўла бахтга эга бўлиши учун тўрт нарса керак: соғлиқ, яхши одоб, яхши ном ва ақл. У инсонларни воқеаларнинг ички моҳиятидан унинг ташқи томонини ажрата билишга чақиради. У яхшилик, сахийлик ва улуғворликни тарғиб қилади.
Рўдакийнинг табиат гўзалликларини ифода этган асарлари жуда жозибалидир. Унинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат мавзуларигина ёритилмай, кенг фалсафий фикрлар ҳам баён этилган. Масалан, «Қариликдан шикоят» асарида моддалар бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишини ҳамда йўқ бўлиб кетмаслигини таъкидлайди.
Буюк мутафаккир кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган.
1956 йилда антропологлар томонидан Рудакий қабрига илмий экcпедиция уюштирилиб, унинг бош чаноғи устида текширув ишлари амалга оширилди.натижада унинг кўзи косасида қолган излардан шоирнинг кўзи қиздирилган қаттиқ жисм билан кўр қилинганлиги аниқланди. Демак, Рудакий умри охирида қаттиқ жисмоний жазога дучор қилинган, кўзи кўр қилиниб, саройдан қувилгандан сўнг 940 -941 йилларда ўз она қишлоғи Рудакда вафот этган ва ўша сўлим тоғ бағридаги она қишлоғида дафн этилган.
Шоирлар пешвоси устоз Рудакий вафоти бутун Мовароуннаҳру Хуросон халқларини чуқур қайғуга солди. Шоирлар энг чекка ва олис қишлоғларда, катта ва марказ шаҳарларда унинг вафоти ҳақида марсиялар ёздилар. Уларда Рудакий вафоти уларни чуқур қайғуга солиб, юрак бағри қон бўлганликлари акс этган:
Рўдакий рафту монд ҳикмати ўй,
Гул бирезад, нарезад аз вай бўй.
Таржимаси:
Рудакий кетдию ҳикмати қолди,
Гул тўкилди, ҳиди ҳар ёқни олди.
Тарихий ва адабий манбаларда Абу Абдуллоҳ Жаъфар ибн Муҳаммад Рудакий форс адабиётининг сермаҳсул шоири сифатида қайд этилади. Баъзи манбаларда Рудакийнинг етти юз минг байтдан бир миллион уч юз минг байтгача, бошқаларида эса юзта шеърлар тўплами ёзганлиги ҳақида маълумот берилади.
Рудакийнинг неча байт шеър ёзганлигини биринчи бўлиб 12 аср шоири Рашидий Самарқандий ўз шеърида кўрсатган:
Гар сарий ёбад ба олам кас ба некўшоирий,
Рўдакийро бар сари он шоирон зебад сарий.
Шеъри ўро баршумурдам сездаҳ раҳ сад ҳазор,
Ҳам фузун ояд, агар чунон ки бояд бишмарий.
Таржимаси:
Жаҳон шеъриятига бошлиқ керак бўлса гар,
Шоирларга бош бўлмоқ Рудакийга ярашар.
Шеърини санаб чиқдим ўн уч мартаба юз минг,
Яхшироқ санаганда, эҳтимол кўпроқ чиқар.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Рашидий Самарқандийнинг ушбу шеърий порчаси Жомийнинг "Баҳористон", Хондамирнинг "Ҳабиб ус -сияр", Амин Аҳмад Розийнинг "Ҳафт иқлим", Маждийнинг " Зийнат ул- мажолис" асарларида ҳам баъзи жузъий ўзгаришлар билан келтирилади.
Муҳаммад Афвий эса "Лубоб ул- албоб" тазкирасида Рудакий шеърияти ҳақида фикр билдириб. Унинг асарлари ҳар қандай мақтовдан устун ва уларнинг сони "
юзта шеърлар китоби" дан иборат эканлигини ёзади. Афвийнинг бу фикри кейинги даврларда ёзилган манбалар, жумладан, " Баҳористон" ва "Ҳафт иқлим" каби асарларда қайтарилади.
Ҳамдуллоҳ Муставфий Қазвиний эса ўзининг "Тарихи гузида" асарида Рудакийнинг шеърий мероси етти юз минг байтдан иборат эканлигини "Таърихи Манучеҳрий" китобида ўқиганлигини, аммо Эрон олими ва ёзувчиси Саид Нафисий бу китоб бизгача етиб келмаганлигини, шунинг учун уни аниқлай олмаганлигини афсусланиб ёзади.
Афсуски, шундай улкан шеърият хазинасидан бизгача баъзи қатралар –турли тазкира ва луғатларда Рудакий маснавийларидан мисол тариқасида келтирилган айрим парчаларгина сақланиб қолган, холос. Шунга қарамай, унинг асарларидан сақланиб қолган ҳар бир байт, ҳар бир сатрда шоирнинг буюк даҳоси уфуриб туради.
Рудакийнинг турли изоҳли луғат, жумладан, 11 асрда тузилган "Луғати фурс" ҳамда турли тазкира ва тарихий асарлар узра сочилган пароканда байтлари денгиз тубидан териб олинган садаф сингари битта -битта Шарқ ва Ғарб олимлари, шарқшунослар томонидан териб тикланмоқда.
Ғарбий Европа мамлакатларида Рудакий меросини ўрганиш 19 аср бошларида бошланган бўлсада, унинг сақланиб қолган шеърларини тўплаш ишлари мазкур асрнинг 70 йилларига бориб тақалади.
Таниқли олмон шарқшунос олими Герман Эте Абу Абдуллоҳ Рудакий ҳаёти ва ижодига оид мақола билан бирга , йигирма тўртта манбадан шоирнинг 228 байтини танлаб олди ва олмон тилига таржима қилиб, 1873 йилнинг ноябрида нашр эттирди.
Бошқа шарқшунос Паул Хорн Асадий Тусийнинг " Луғати фурс" китобининг танқидий матнини тайёрлаш жараёнида Рудакийнинг " Калила ва Димна" ва "Синдбоднома" каби маснавийлардан ўн олти байтни топиб эълон қилди.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.