феврал 03, 2018 11:56 Asia/Tashkent

766-қисм« Сабо " муборак сураси  14-17-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Сабо " муборак сураси 14-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَلَمَّا قَضَيْنَا عَلَيْهِ الْمَوْتَ مَا دَلَّهُمْ عَلَىٰ مَوْتِهِ إِلَّا دَابَّةُ الْأَرْضِ تَأْكُلُ مِنسَأَتَهُ ۖ فَلَمَّا خَرَّ تَبَيَّنَتِ الْجِنُّ أَن لَّوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ الْغَيْبَ مَا لَبِثُوا فِي الْعَذَابِ الْمُهِينِ ﴿١٤﴾

Бу ояти карима    қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди. (Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса, Сулаймон кузатиб турибди, деб ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони маълум миқдорда еганидан кейин асо жойидан сурилган ва Сулаймоннинг алайҳиссалом жуссалари ерга йиқилган. Жинлар шундагина, ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар.) (14)

 Бундан олдинги суҳбатимизда ҳазрат Сулаймон замонидаги айрим тараққиёт намуналари ҳақида ишора қилинган эди. Бу ояти каримада буюрилади: Шунча шавкат ва азаматига қарамай Аллоҳ таъоло ҳазрат Сулаймоннинг ӯлимини муқаррар айлаган чоғи ҳассасига суяниб турган чоғи ажал фариштаси унинг жонини қабз айлади. Жонсизжасади ӯша ҳолатда ҳайкал мисоли қотиб тураверди. Орадан анча вақт ӯргач, ҳасасини қурт кемирди ва ҳазрат Сулаймоннинг жасади ағдарилиб тушди. Ана шундан сӯнг одамлар ҳазрат Сулаймоннинг ӯлганини пайқашди.

Ҳазрат Сулаймон даргоҳида меҳнат қилаётган жинлар ҳам инсонлар каби унинг ӯлимидан хабарсиз эдилар. Ваҳоланки, агар жинлар илми ғайбдан огоҳ бӯлганларида ҳазрат Сулаймоннинг ӯлганлигини пайқаб, бажараётган машаққатли ишларини ташлаб қочишарди.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Инсон подшоҳлик ва ҳатто пайғамбарлик даражасига етишсада ӯлимдан қочиб қутулолмайди. Шу сабабли ҳеч қачон мақом-мартаба, шуҳрат ва бойликка мағрур бӯлмаслик керак, зеро, бир куни бу нарсаларнинг барчасини қолдириб, дорил бақога ёлғиз йӯл оламиз.
  2. Шунчалик шуҳрат ва бойликнинг соҳиби бӯлган ҳазрат Сулаймон заиф бир қурт сабабли ерга ағдарилиб тушди. Унгача салтанат аҳли ва лашкардагилар унинг ӯлимидан хабарсиз эдилар.

 

 Энди  «Сабо" муборак сураси 15-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

لَقَدْ كَانَ لِسَبَإٍ فِي مَسْكَنِهِمْ آيَةٌ ۖ جَنَّتَانِ عَن يَمِينٍ وَشِمَالٍ ۖ كُلُوا مِن رِّزْقِ رَبِّكُمْ وَاشْكُرُوا لَهُ ۚ بَلْدَةٌ طَيِّبَةٌ وَرَبٌّ غَفُورٌ ﴿١٥﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги бор эди–ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юртингиз ва ўта мағфиратли Роббингиз (бор)», (дедик). (Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахотон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.) (15)

 Ӯтган суҳбатимизда икки нафар Илоҳий пайғамбар—ҳазрат Довуд ва ҳазрат Сулаймон алайҳимуссаломларнинг саргузаштига ишора қилинган эди. Улар қудрат ва бойликнинг авжида ҳам айримларга ӯхшаб, ӯзларидан кетмай, Аллоҳга шукроналар келтиришарди.

Бу оят ва кейинги ояти каримада Сабо қавмининг саргузашти ҳикоя қилинади. Бу қавм Аллоҳнинг ноз-нематларига ғарқ бӯлишсада, аммо шукрона қилишмас. Неъматларга куфрон келтириб, Илоҳий азобга гирифтор ва бошқаларга ибрат намунасига айланишди.

Сабо қавми Яманнинг об-ҳавоси муътадил, хушманзара минтақасида кун кечиришарди. Улар баланд ва мустаҳкам тӯғон қуриб, сувни мӯл-кӯл тӯплаган эдилар. Шу сабабли уларнинг юртларида деҳқончилик ва чорвачилик ривожланиб, мамлакатлари бой-бадавлат эди.

Улкан сув омборидан оқиб чиққан анҳор мевали боғларини сероб айларди. Бу минтақага Аллоҳнинг лутфу марҳамати ёғилиб тургани шундоқ сезилиб турарди. Аллоҳ уларнинг хато ва гуноҳларини кечирар, гуноҳлари сабаб ризқларини қиймасди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Гӯзал табиат, жозибали табиий манзаралар, дуркун дарахтлар, ширин-шакар меваларнинг барча-барчаси Аллоҳнинг оят ва белгиларидир.
  2. Деҳқончилик ва зироаткорлик ила ер юзини  обод ва гӯзал айлаш Аллоҳнинг лутфу марҳаматига замина ҳозирлайди.

 

Энди  «Сабо" муборак сураси 16-17-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

فَأَعْرَضُوا فَأَرْسَلْنَا عَلَيْهِمْ سَيْلَ الْعَرِمِ وَبَدَّلْنَاهُم بِجَنَّتَيْهِمْ جَنَّتَيْنِ ذَوَاتَيْ أُكُلٍ خَمْطٍ وَأَثْلٍ وَشَيْءٍ مِّن سِدْرٍ قَلِيلٍ ﴿١٦﴾ ذَٰلِكَ جَزَيْنَاهُم بِمَا كَفَرُوا ۖ وَهَلْ نُجَازِي إِلَّا الْكَفُورَ ﴿١٧﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Улар юз ўгирдилар. Бас, Биз устларига арим селини юбордик ва уларнинг икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик. («Арим» сўзи, катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел, деган маънони билдиради. «Сидр» бутасиймон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бироз меваси ҳам бўлади.) (16) Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундоқ жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз. (17)

Одамлар Илоҳий неъматларга икки хил муносабат қилишади. Улардан бир гуруҳи шукрона келтиришади, иккинчи гуруҳи эса кӯрнамаклик қилишади. Айрим кишилар неъматларни кӯргач, Аллоҳни эслайдилар. Бу неъматлардан Аллоҳ рози бӯладиган йӯналишда фойдаланадилар.

Иккинчи гуруҳ эса Аллоҳдан ғафлатдалар. Улар неъматлардан Парвардигори каримнинг розилигини қӯлга киритиш эмас, фақатгина лаззатланиш ва нафсоний истак-хоҳишларини қондириш учун фойдаланадилар.

Сабо қавми ҳам Илоҳий неъматларга ғарқ бӯлишларига қарамай, Аллоҳдан юзӯгирган эдилар.Улар инсоний истак-хоҳишларини Аллоҳнинг ризолигидан устун қӯйиб, қиёматни унутиб қӯйдилар.

Улар Аллоҳнинг неъматлари қадрини билишмади. Бойлар камбағалларга кӯмаклашишни унутдилар. Одамлар дунёга берилиб, охиратни эсламай қӯйишди.Бутун бойликлари Аллоҳнинг берган ризқи эканлиги ва Аллоҳнинг бандаси бӯлиш лозимлигини унутишди.

Аллоҳнинг неъматларига куфрон келтирггач, Илоҳий ғазабга гирифтор бӯлишди. Даҳшатли сел уларнинг боғ-роғларини остин устун қилиб юборди. Серҳосил тупроқларини ювиб кетди. Боғ ва экинзорларидан барака кӯтарилди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Тилда ношукурлик ва амалда куфрони неъмат қилиш охират азобидан ташқари шу дунёда ҳам кишини қаттиқ азоб-уқубатларга гирифтор айлайди.
  2. Алоҳида шахс ва қавмларнинг тақдири ӯзларининг қӯлида. Бу ҳақиқат ӯтган ҳамда келажак қавмларга бирдек тааллуқлидир.
  3. Гуноҳ қилишда давом этиш Илоҳий азобга йӯлиқиш заминаларини муҳайё айлайди. Аммо инсон гуноҳ қилишдан тийилса, Аллоҳ мағфиратли ва кечиримли зотдир...