март 08, 2018 11:05 Asia/Tashkent

771-қисм« Сабо " муборак сураси  34-37-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Сабо " муборак сураси 34-35-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَمَا أَرْسَلْنَا فِي قَرْيَةٍ مِّن نَّذِيرٍ إِلَّا قَالَ مُتْرَفُوهَا إِنَّا بِمَا أُرْسِلْتُم بِهِ كَافِرُونَ ﴿٣٤﴾ وَقَالُوا نَحْنُ أَكْثَرُ أَمْوَالًا وَأَوْلَادًا وَمَا نَحْنُ بِمُعَذَّبِينَ ﴿٣٥﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. (Ояти каримада биз «маишатбозлар» деб таржима қилган тоифа маишатга берилиб, барча нозу-неъматларга эга бўлиб олиб ҳукмини ўтказган, кишиларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олган шахслардир. Муҳаммад (с. а. в.) Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлди. Аҳли Макканинг маишатбоз катталари у зотга (с. а. в.) юборилган динга куфр келтирганларини эълон қилдилар. Оддий халқни ҳам у зотга (с. а. в.) эргашишдан қайтардилар. Бу иш барча замон ва маконда бўлиб келган такрорланса, ажабланиш  керак эмас.) (34) Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар. (35)

 Ӯтган суҳбатимизда мутакаббирлар ва мустазъафларнинг қиёмат кунидаги суҳбатига ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: Илоҳий неъматлар билан сархуш бӯлиб, айш-ишратга ғарқ бӯлган мутакаббирлар ӯзларини бошқалардан устун дея ӯйлашади. Мол-мулкларининг кӯплигини бунга мисол келтиришади. Бу гуруҳ пайғамбарнинг сӯзларига эътибор қаратишмасди. Аслида бенаво-мискинлар пайғамбарлар атрофида жипслашишган. Бойлар эса жамиятдаги камбағал-бечоралар билан ӯтириб-туришни ӯзларига ор деб билишарди.

Улар пайғамбарлар ва улар келтирган китобларга иймон келтирмасликларини баралла эълон қилишарди. Бордию, қиёмат ҳам бӯладиган бӯлса, Худо бизни азобламайди. Зеро, Аллоҳ бизни яхши кӯради. Шу сабабли бизларга кӯплаб мол-мулк, бойлик ва фарзандлар ато этган, деб айтишарди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Сарват ва қудрат баъзида инсон кӯзини кӯр қилиб қӯяди. Натижада киши Ҳақ сӯзни ҳам қабул қилолмайди.
  2. Дунёда мол-мулк ва бойликка эга бӯлиш Аллоҳга яқинликнинг белгиси эмас. Балки бойларнинг Аллоҳ наздидаги масъулияти ортиқроқдир.
  3. Бойлик ва қудрат билан мағрурланиш инсонни саркаш қилиб қӯяди.
  4. Дунёдаги тӯқлик-фаровонлик охиратдаги осойишталикнинг белгиси эмас. Дунёни айш-ишрат билан ӯтказиб, охиратда азобга гирифтор бӯладиганлар ниҳоятда кӯп.

 

 Энди  «Сабо" муборак сураси 36-ояти каримасининг   тиловатига қулоқ тутамиз.

قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاءُ وَيَقْدِرُ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴿٣٦﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт. (36)

   Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: ризқ-рузнинг фаровонлиги ёхуд камлиги Аллоҳнинг меҳр ёхуд қаҳр-ғазабининг нишонаси эмас. Бойлар Аллоҳнинг муҳаббатини қозонган, камбағаллар эса Унинг ғазабига учраган, деган гап дуруст эмас.Бандаларига ризқ-руз улашишдаги тафовутлар Аллоҳнинг биз билмаган ҳикматларига бориб тақалади. Аммо кӯпчилик одамлар бу нуктага эътибор қаратмай, ӯз гумонлари асосида янглиш ҳукм чиқаришади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.    Неъмат бериш ёки уни камайтириш Аллоҳи зулжалолнинг ҳикматига боғлиқ, Унинг меҳр ва қаҳр-ғазабига эмас.
  2. Пайғамбарларнинг вазифаларидан бири инсонларнинг нотӯғри шубҳа-гумон ва эътиқодларини ислоҳ қилишдир.
  3. Мол-мулк ва фарзандлар Аллоҳнинг неъматларидир.

 

Энди  «Сабо" муборак сураси 37-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَمَا أَمْوَالُكُمْ وَلَا أَوْلَادُكُم بِالَّتِي تُقَرِّبُكُمْ عِندَنَا زُلْفَىٰ إِلَّا مَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُولَـٰئِكَ لَهُمْ جَزَاءُ الضِّعْفِ بِمَا عَمِلُوا وَهُمْ فِي الْغُرُفَاتِ آمِنُونَ ﴿٣٧﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар. (Ҳа, инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақатгина иймони ва яхши амалига қараб белгиланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ амалли кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди.) (37)

“Тағобун” муборак сурасининг 15-ояти каримасида таъкидланишича, Аллоҳнинг барча неъматлари, жумладан мол-мулк ва фарзандлар ҳам Илоҳий имтиҳон воситаларидир. Аллоҳ мол-давлат берган кӯплаб кишилар бу неъматларни Худонинг муҳтож бандаларига сарфлаб эзгу ишларни амалга ошириб ажр-савоб касб этишади. Шу билан бирга бахиллик ва ҳирс домига тушиб қолган бойлар ҳам борки уларнинг бойликлари дунёда бошларига бало, охиратда эса оғир азоблар келтиради.

Камбағаллар ҳам худди шундай. Айримлари Аллоҳнинг имтиҳонига сабр қилиб, хиёнат ва гуноҳга йӯл қӯйишмайди. Улар охират куни гӯзал сабрларининг савобини олишади, албатта.

Аксинча, яна шундай камбағаллар ҳам борки, камбағалликларини баҳона келтириб, ӯғирликка ва хиёнатга қӯл уришади. Бировларнинг мол-мулкига тажовуз қилишади.

Ояти кариманинг давомида Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш фақат иймон ва солиҳ амаллар билан бӯлишини таъкидлаб, буюрилади: одамларнинг данғиллама уйлари, қимматбаҳо мошиналарига эмас, уларнинг амалига эътибор қаратинг. Аъмоли эзгулик бӯлган киши бой ёхуд камбағал бӯлишидан қатъий назар саодатлидир. Аммо куфр ва ножӯя ишлар билан банд бӯлганлар хоҳ бой бӯлсин, хоҳ камбағал  дунё ва охиратда саодатли бӯлишолмайди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Кӯпчилик кишилар бойлик ва фарзандни саодатлилик белгиси деб ӯйлашади, аммо Аллоҳнинг наздида дунё ва охиратдаги бахт-саодатнинг белгиси иймон ва солиҳ амаллардир.
  2. Бой-бадавлат ва серфарзанд бӯлиш муҳим эмас, балки улардан фойдаланиш усули муҳимдир. Бу неъматлардан иймон ва солиҳ амаллар асосида фойдаланилса, инсон камолотининг воситасига айланишади.
  3. Илоҳий жазо инсоннинг гуноҳлари даражасидадир. Аммо Аллоҳнинг мукофотлари унинг лутф ва фазли асосида бӯлиб, инсоннинг солиҳ амалларидан кӯра бир неча баравар кӯпдир.