апрел 16, 2018 16:20 Asia/Tashkent

Эрон пистаси

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Бугундан бошлаб “Эрон бозори” рукни остидаги янги эшиттиришларни эфирга узатишни бошлаймиз. Унда мамлакат ва жаҳон бозорларида Эронда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлиги борасида сўз юритилади. Бугунги суҳбатимиз “Эрон пистаси” мавзуига   бағишланган. Эшиттириш  поёнигача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

Эроннинг кенг ва йирик ерларга ҳамда қулай жуғрофик мавқега  эга бўлгани ушбу юртга кўплаб иқтисодий имконият ва шароитларни яратган.  Турли хиллардан иборат қишлоқ хўжалик ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш даври Эронда  узоқ  тарихга ва халқаро мавқега  эгадир. Эрон қадимдан ҳозиргача иқтисодий мавқейини жаҳон бозорларида қўлдан бермаган.

Мазкур мамлакат нафақат қулай иқлим ва жуғрофик  жиҳатидан  муносиб бўлган мавқелар, балки яратувчанлик хусусиятларига  эга инсоний кучларга ҳам  баҳраманд бўлган.

Турли соҳаларда таҳсил  олган эронликлар бугунги кунда ҳам янги ишлаб ичқарувчи корхона, иншоот ва ширкатларни таъсис этиб, саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда намунали фаолиятларни амалга оширишмоқда.

Ушбу янги эшиттиришларда эронлик мутахассисларнинг иқтисод соҳасида қилган ишлари ва ҳимматлари тўғрисида сизга кенгроқ маълумотлар берамиз.

Қишлоқ хўжалик фаолиятлари ва деҳқончилик ёхуд ўсимлик ва донларни муайян мақсадлар асосида экиш тарихи  инсоният тамаддунининг тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Эрон жаҳонда деҳқончилик ишлари йўлга қўйилган биринчи мамлакатлардан саналади.

Вавиловга ўхшаган донишмандларнинг фикрича,  Эрон қишлоқ хўжалик зироатларининг манбаси ва марказларидан бири  ҳисобланади. Археологлар ва бошқа олимлар тадқиқотлари ҳамда Илом вилоятидаги Меҳрон дашти, Кошондаги Силк теппаси, Шуш шаҳри ва Эроннинг бошқа минтақаларда топилган ашёлар  натижасида маълум бўлишича, эронликлар  узоқ ўтмишдан кўплаб ғалла маҳсулотлари экишган ва ўша вақтда ҳам  ер ости ариқлар ва бошқа йўллар орқали илғор  суғориш системаларини ҳам яратишган.

Рус шарқшунослардан бири Петрошефский  ўзининг ёзган китобларидан бирида милодий 224-651 йилда ҳукмронлик қилган Сосонийлар даврининг тарихига ишора этиб, Эронда ўша вақтда ҳам мевали дарахтлар , кўкат ва гулларни экиш кенг тарзда йўлга қўйилгани борасида муҳим маълумотлар берган. Ўша мевали дарахтлардан бири писта бўлган.

Узоқ ўтмишдан бошлаб инсонлар  писта мағзини лазиз, фойдали ва кучли   бир озиқа сифатида  истеъмол қилишган. Айрим диний китоблар ва матнларда ҳам писта ҳақида сўз борган.

Ҳижрий-қамарий учинчи асрда яшаган донишмандлардан бири Муҳаммад бин Жарир Табарий  пистанинг пайдо бўлишини ҳазрат Одам (а)нинг жаннатдан  Ерга тушган  даври билан алоқадор этади ва бу борада шундай ёзади:” Айтишларича, ҳазрат Одам (а) жаннатдан ҳайдалганидан кейин Аллоҳ таоло томонидан  унга 30 хил мева беради. Бу мевалардан 10таси пўстли эди, 10 таси данакли ва  қолган 10таси эса  пўстсиз ва  данаксиз  бўлган. Писта ва янғоқ пўстли мевалар сирасига киради.”

Муқаддас “Таврот” китобида ҳам писта ҳақида сўз борган.Ушбу китобнинг 43 бобида шундай ёзилган: “Яъқуб фарзандларини  ҳоким Юсуф даргоҳига юбораётган вақтда уларга она юртдан совға сифатида Юсуфга олиб боришни тавсия этади. Ушбу совғалар орасида асал ва писта ҳам бор эди.”

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда “Эрон бозори”  рукни остидаги янги эшиттиришларнинг биринчи    сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига  радиомизнинг  интернет сайти   ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Писта дарахтини пайдо бўлиши ҳақида турли назарлар мавжуд. Зеро тадқиқотчилар ушбу заминда пистанинг бир тури ҳақида эмас, балки писта  оиласига кирувчи дарахтлар турига  кўпроқ  улар эътибор қаратишган. Шу сабабдан кўплаб  мамлакатлар пистанинг биринчи ўсган жойи сифатида зикр этилган.

Чунончи, “Британика”,”Ларос”,”Амрикана” каби энциклопедик китобларда пистанинг ватани Эрон, Кичик Осиё ва Ғарбий Осиё эканлиги қайд этилган.

“Эрон пистаси ” номли китобнинг муаллифи Муҳаммад Ҳасан  Абришамий пистанинг манбаи ва ўсган жойи  бобида шундай ёзади:”  Кейинчалик Порт ва ундан сўнг  Хуросон ном олган юртда биринчи бор писта дарахти ўсган ва мазкур мамлакат  пистанинг ватани ҳисобланади. Ушбу дарахтларнинг ўсиш ҳудуди ғарб томонида Нишопур ҳудудларигача ва шарқ томонида Балх ва Жайҳун дарёсининг икки томонигача  бўлган. Мавжуд ҳужжатлар асосида аниқ бўлишича, писта Ахамонийлар даврида ўзи ўсувчи дарахт бўлган ва қўлдан экилмаган. Фақат ушбу зикр этилган минтақада  писта дарахтлари  мавжуд бўлган ва бошқа ҳеж жойда ушбу дарахтлар бўлмаган. Бинобарин писта Эроннинг мазкур минтақасидан қадимдан бошлаб бошқа ўлкаларга юборилган.”

Америкалик эроншунос Бертольд Лоффер 1926 йилда Эроннинг айрим мевали дарахтлари ва ўсимликлари борасида амалга оширган тадқиқотларидан кейин писта ҳақида ушбу сўзларни  китобида ёзган  эди: “Бу мева қадимдан бошлаб эронликлар ҳаётида  муҳим аҳамият касб этган.”

Муаллифнинг фикрича, писта дарахтининг номи юнон, лотин, рус, турк, араб  ва япон тилларига форс тилидан кириб келган ва писта дарахти қадимий форс тилида пистоко, ўрта форс тили, яъни паҳлавий тилида писток дея аталган  ва ҳозирги форс тилида писта деб талаффуз этилади. 

Эронлик тилшунос ва ёзувчи  марҳум Парвиз Хонларий ўзининг асарларида  писта дарахтининг ватани Эрон эканлигини урғулайди ва писта сўзи камгина ўзгаришлар билан бошқа мамлакатлар халқлари томонидан қабул қилинганини баён этади. Унга кўра, писта Сўғд  ва Шимолий минтақаларига хос бўлган дарахт бўлган ва ҳозир ҳам писта дарахти мазкур минтақаларда мавжуд муҳим мевали дарахтлардан ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда писта дарахти Америка, Туркия, Сурия, Тунис каби дунёнинг кўплаб мамлакатларида экилади. Бироқ Эроннинг пистаси сифат жиҳатидан бошқа мамлакатларнинг писталаридан юқорида туради. 

Эронда писта дарахтининг 90 нави етиштирилади. Уларнинг энг машҳурлари уҳадий ё фандақий раунд савдо белгиси билан, акбарий супер лонг савдо белгиси билан, энг катта писталардан бўлган каллақучий  жумбо савдо белгиси билан, аҳмадоғоий лонг савдо белгиси билан ва кўплаб бошқа навлар  жаҳон бозорларида сотилади.

Бугунги кунда писта маҳсулотлари Эроннинг Кирмон, Язд, Жанубий ва Марказий Хуросон, Форс, Семнон, Сиистон ва Балучистон, Исфаҳон, Қазвин вилоятлари ва Теҳронда кўплаб миқдорда етиштирилади ва экспорт учун мазкур мамлакатнинг муҳим маҳсулотларидан ҳисобланади.

Қадрли тингловчилар, “Эрон бозори”  рукни остидани янги эшиттиришларнинг  биринчи сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

 

 

Ёрлиқ