Нур томон йӯл-776
776қисм« Фотир " муборак сураси 1-2--ояти карималарининг шарҳи.
Азизлар, ӯтган суҳбатимизда “Сабо” муборак сурасининг тафсирини тугатган эдик. Бугун эса “Фотир” муборак сураси дастлабки оятларининг шарҳига киришамиз.
Бу муборак сура Маккаи Мукаррама шаҳрида нозил бӯлиб, 45 оятдан иборат. Суранинг илк оятидаёқ Аллоҳ таъоло ӯзини “Фотир” яъни яратувчи сифатида таништирган Шу сабабли муборак сура Фотир деб аталади.
Суҳбатимиз ибтидосида «Фотир " муборак сураси 1-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
الْحَمْدُ لِلَّـهِ فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ جَاعِلِ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا أُولِي أَجْنِحَةٍ مَّثْنَىٰ وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ ۚ يَزِيدُ فِي الْخَلْقِ مَا يَشَاءُ ۚ إِنَّ اللَّـهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ﴿١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (1)
Бу муборак сура ҳам Қуръони каримнинг айрим суралари, масалан Ҳамд сураси каби Парвардигори каримга ҳамд ва мақтовлар айтиш билан бошланади.
Ер ва осмондаги бутун борлиқ ул зоти покнинг буюк қудрати ила яратилган. Борлиқ олам эса Унинг махлуқлари бӯлган фаришталар орқали тадбир қилинади. Фаришталарнинг ҳар бир гуруҳи махсус бир фаолиятларга масъул бӯлиб, уларнинг имконият ва қудратлари ҳам турличадир. Қуръони каримда улар икки, уч, тӯрт қанотли дея таърифланган. Афтидан бу таъриф уларнинг даражаларига ишорадир.
Маълумки, фаришталар моддий мавжудот эмас. Шу сабабли паррандаларга хос бӯлган моддий қанотларни уларнинг қанотларига қиёслаб бӯлмайди.
Бу ояти каримада фаришталар тилга олиниши билан қуйидаги нуктага ишора қилинган: Аллоҳ таъоло ӯтмишда оламни яратиб, уни ӯз ҳолига ташлаб қӯйган эмас. Балки яратилиш жараёни давом этяпти. Зеро, Парвардигорнинг қудрати бепоёндир. У истаган нарсасини ҳар қандай макон ва замонда яратаверади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳ таъоло оламни сабаб ва оқибат қонуниятлари асосида яратгандир. Ӯзи қодири мутлақ бӯлишига қарамай, олам ишларини фаришталар орқали тадбир қилади.
- Аллоҳ таъоло истаган нарсасини ҳар қандай макон ва замонда яратаверади. Шу сабабли борлиқдаги яратилиш жараёнлари давом этаверади.
- Фаришталарнинг рисолат ва масъулиятлари бир-биридан фарқ қилади.
Энди «Фотир" муборак сураси 2-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
مَّا يَفْتَحِ اللَّـهُ لِلنَّاسِ مِن رَّحْمَةٍ فَلَا مُمْسِكَ لَهَا ۖ وَمَا يُمْسِكْ فَلَا مُرْسِلَ لَهُ مِن بَعْدِهِ ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ ﴿٢﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолгувчи бўлмас. У зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборгувчи бўлмас. У зот азизу ҳакиймдир. (Аллоҳ берган неъматини биров ман қила олмайди. Шунинг учун хотирни жам қилиш керак. Аллоҳга иймон келтириб, кўрсатган йўлдан юриш лозим.) (2)
Олдинги оятда холиқлик, яъни Аллоҳ таъолонинг яратувчилик фаолияти ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада яратилишнинг асоси бӯлган ва ҳар бир мавжудот унга муҳтож бӯлган Аллоҳи зулжалолнинг чексиз раҳмати ҳақида сӯз юритилади.
Оламдаги мавжудотларнинг ҳар бирига зарур бӯлган ҳаёт ва ризқ неъмати ҳам уларга ана шу Илоҳий раҳмат асосида берилади. Бу ишга эса ҳеч ким аралашолмайди. Мисол учун Аллоҳ таъоло бирор-бир мавжудотдан раҳматини қайтарса, унинг ӯрнини ҳеч ким тӯлдиролмайди.
Раҳмат сӯзи фақатгина меҳр-муҳаббатни билдирмайди. Бу тушунча барча Илоҳий неъматларни ӯз ичига олади. Инсонга ҳадя этилган барча моддий ва маънавий неъматлар Аллоҳнинг раҳматидир.
Оятнинг интиҳосида Аллоҳ таъолонинг икки сифоти тилга олинган. Бири чексиз, буюк қудрат, иккинчиси адоқсиз ҳикмат. Барча Илоҳий фаолиятлар қудрат ва ҳикмат доирасида амалга оширилади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳнинг раҳмати унинг ғазабидан устундир. Инсон Илоҳий раҳмат йӯлларини ӯзи учун боғлаб қӯймаган бӯлса, бу раҳматдан бенасиб қолмайди.
- Аллоҳнинг қудрат ва иродаси унинг ҳикмати доирасидадир.