июн 21, 2018 11:40 Asia/Tashkent

784-қисм« Фотир " муборак сураси  27-30--ояти карималарининг шарҳи.

 Суҳбатимиз ибтидосида  «Фотир " муборак сураси 27-28-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّـهَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجْنَا بِهِ ثَمَرَاتٍ مُّخْتَلِفًا أَلْوَانُهَا ۚ وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ بِيضٌ وَحُمْرٌ مُّخْتَلِفٌ أَلْوَانُهَا وَغَرَابِيبُ سُودٌ ﴿٢٧﴾ وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَٰلِكَ ۗ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّـهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ ۗ إِنَّ اللَّـهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ ﴿٢٨﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик. (27) Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик. Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир. (Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларини тўлиқ ўрганиб, уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.) (28)

Муборак суранинг илк оятлари каби бу ояти каримада ҳам Аллоҳ таъолонинг ягоналиги ва чексиз қудратига ишора қилиниб буюрилади: Жамодот, наботот,  ҳайвонот ва инсонларнинг турфа ранг ва турлари мавжуд. Бу хилма-хиллик эса оламни янада гӯзаллаштиради.

Дунёнинг энг моҳир рассомлари табиат манзарасини чизганда одамлар расмнинг табиий ҳолатга қанчалик яқинлигига эътибор қаратишади. Бу нарса рассом маҳоратининг меъёри ҳам ҳисобланади. Портрет жанрида муйқалам тебратадиган рассом эса инсон чеҳрасини тирик одамнинг чеҳрасига ӯхшаш қилиб чизиш учун жон куйдиради.

Бошқача қилиб айтганда Парвардигори карим табиат ва инсонни шунчалик гӯзал ва комил қилиб яратганким, маҳоратнинг энг юқори чӯққиларини забт этган инсонлар ҳам ӯз тасвирларининг табиий чиқишига ҳаракат қилишади.

Битта ариқдан сув ичиб минг турли ранг, мазза ва таъмни ӯзида мужассамлаштирган мева ва сабзавот, полиз ва деҳқончилик экинлари ҳам худди табиат манзараларидек Қодир  Аллоҳнинг муъжизаларидир.

Ояти карималарнинг давомида олимлар ва зиёлилар зиммасидаги оғир масъулиятга ишора қилиниб, буюрилади: Яратилишнинг тасаввурга сиғдириб бӯлмас азаматини ва Аллоҳнинг чексиз қудратини англаб етганлар Яратувчи томонидан белгилаб берилган вазифаларини етарлича бажаролмаётганликларидан мудом ҳадиксирашади. Яратилиш оламининг чӯнг азаматини англаб етиш кишини улуғ Яратувчи наздида камтар ва итоаткор бандага айлантиради.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.Бир хил сув ва тупроқдан турли хил таъм ва маззага эга бӯлган хилма-хил маҳсулотларнинг униб чиқиши Аллоҳ қудратининг нишонасидир.

2.Дин гӯзалликка қарши эмас. Аллоҳ таъоло барча гӯзалликларнинг яратувчисидир. У тоғ, ӯрмон ва денгизларда энг гӯзал манзараларни яратиб, ӯзининг чексиз қудратини бандаларига намойиш этган.

3.Билим инсонни Аллоҳдан узоқлаштирмаслиги, балки уни Яратувчига яқинлаштириши керак. Билим инсонни тавозеъли қилиши керак, мағрур ва такаббур эмас.

 

Энди  «Фотир" муборак сураси  29-30-ояти карималарининг   тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّـهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ ﴿٢٩﴾ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضْلِهِ ۚ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ ﴿٣٠﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. (29) Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир. (30)

Бундан олдинги оятларда донишманд кишиларнинг Аллоҳдан кӯпроқ қӯрқишлари ҳақида ишора қилинди. Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳдан қӯрқиш билан бирга Унинг раҳматига умидвор бӯлиш лозим. Бу умидворлик кишининг гуноҳлари кечирилиши ва Илоҳий мукофотларга ноил бӯлишини таъминлайди. Табиийки амал қилмасдан фақат орзу қилиш Илоҳий ҳикматга зиддир. Шу сабабли бу ояти карималарда буюрилади: Амал аҳли дунё ва охиратда Аллоҳнинг раҳматига умидвор бӯлганлардир. Улар Қуръон ва намоз аҳли бӯлиб, ӯз Худолари билан муттасил алоқадалар. Ӯз молларидан эҳтиёжмандларга инфоқ қиладилар, мискин-бечораларнинг ғамини ейдилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.      Билим ва дунёқарашнинг ӯзи кифоят қилмайди. Инсон учун ибодат ва саховатмандлик ҳам зарур.

2.      Ӯз сармоясини Аллоҳнинг йӯлида сарфлаб, камбағал-бечораларга кӯмаклашиш  жуда фойдали ва доимий тижоратдир.

3.      Ибодатсиз саховат ва саховатсиз ибодат нуқсонлидир.

4.      Мол-мулкимизни Аллоҳнинг неъмати деб билсак, уларни садақа қилишда қийналмаймиз.

5. Нажот ва кечирилишга умид боғлаш эзгу амаллар билан уйғун бӯлиши керак. Акс ҳолда бу нарсалар ширин орзудан бошқа нарса эмас.