Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақасига оид муҳим янгиликларнинг тафсилоти
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Қирғизистонда диний фаолият юзасидан назорат кучайтирилмоқда;
- Остона шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди;
- Қозоғистонда мигрантлар учун солиқ жорий этиш таклиф қилинди;
- Тожикистонда хорижлик куёвлардан 50 минг доллар қалин пули олиш таклиф қилинди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Қирғизистонда диний фаолият юзасидан назорат кучайтирилмоқда.
ФОРС ахборот агентлиги хабарига кӯра, Қирғизистонда дин ишлари бӯйича давлат комиссиясининг ташаббуси билан диний ишларни бошқаришни назарда тутган "Қирғизистон республикасида дин эркинлиги ва диний муассасалар" номли қонунни ислоҳ қилиш дастури муҳокама қилинди.
Бу дастурга кӯра тегишли ҳужжатларга эга бӯлмаган диниий мадрасалар ва тегишли тартибда руйхатга олинмаган масжидларнинг фаолияти тӯхтатилиб, болаларнинг ота-она розилигисиз масжидга қатнашига чек қӯйилади. Шунингдек, диний мадрасаларда диний дарслар билан бирга умумий фанлар ӯқитилиши ҳам йӯлга қӯйилади.
Бу дастур амалга оширилса, қирғизистонлик ёшлар бундан кейин ота-оналарининг ижозатисиз масжидга қатнай олишмайди. Зеро, мамлакат қонунларига кӯра 16 ёшга тӯлмаган киши динни ӯз ихтиёри билан танлаш ҳаққига эга эмас.
6 июль куни Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида Остона шаҳрининг 20 йиллигини нишонлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этди. Маълумки, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаота шаҳридан Оқмола шаҳрига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. 1997 йил 10 декабрда Президент Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ Оқмола шаҳри Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб расман эълон қилинган. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилган. 2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ «6 июль – Пойтахт куни» давлат байрами этиб белгиланган. Ўтган даврда шаҳар ҳудуди анча кенгайиб, замонавий бинолар барпо этилди. Остона мамлакатнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий, ижтимоий, маданий марказига айланди.
Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдонга айланди. Бу ерда минтақавий ва халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам ўтказилган. Жумладан, Қозоғистон пойтахти 2011 йилги қишки Осиё ўйинлари, 2017 йилги халқаро ихтисослашган кўргазмага мезбонлик қилган. Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирлари яна бир самимий мулоқот майдони бўлди. Юбилейда Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳамроҳлигида «Остона» халқаро молия марказини бориб кўрди. Нурсултон Назарбоев ушбу марказда ишбилармонлар учун яратилган шароитлар, истиқбол учун белгиланган режалар ҳақида сўзлаб берди. Ушбу марказ фаолияти халқаро молия институтлари тажрибаси асосида йўлга қўйилган. Унинг аъзолари учун эллик йилгача солиқ имтиёзлари бериш, виза, валюта ва иш юритиш тизимини соддалаштириш кўзда тутилган. Қозоғистонга сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам учрашди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликлар кўламини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
«Қозоғистон Республикасининг миграцион жараёнларни тартибга солиш масалалари бўйича айрим қонунчилик актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида меҳнат мигрантлари учун энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида солиқ йиғимини жорий этиш кўзда тутилган, деб хабар берди Zakon.kz.
«Ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш учун ушбу тоифадаги меҳнат мигрантлари учун квотани сақлаб қолиш, ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида (9620 тенге) солиқ йиғими жорий этиш ҳамда Қозоғистон Республикаси билан визасиз келиш ва бўлиш тартиби тўғрисида келишув имзоланган ҳамда Қозоғистонда визасиз камида уч ой юриш имкониятига эга бўлган мамлакатлар фуқаролари учун рухсатномалар бериш зарур», – дейилади ҳужжатда.
Бунда битта кичик тадбиркорлик субъекти беш нафардан ортиқ мигрант билан меҳнат шартномасини тузишини чеклаш режалаштирилмоқда.
Ҳужжатда шунингдек давлат томонидан ноқонуний меҳнат мигрантлари сони ўсишини камайтириш бўйича чоралар кўрилишига қарамасдан меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш борасида ҳали-ҳамон муаммоли масалалар қолаётганлиги қайд этилган.
Қозоғистон ИИВнинг маълумотларига кўра, хорижий ишчи кучини ёллаш тартибини бузгани учун ҳар йили 2 мингдан ортиқ иш берувчи жазога тортилади.
Қайд этилишича, иш берувчиларга хорижий ишчи кучини ёллаш учун амалдаги рухсатнома бериш тартиби асосан йирик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун манфаатли бўлиб, кичик тадбиркорлик субъектлари учун кўрсатилган талаблар оғирлик қилади. Натижада бу коррупция учун шароит ва қуйи малакали меҳнат мигрантлари ноқонуний фаолият (энагалик, тозалик хизмати, мавсумий ишлар) юритиш учун кетиб қолишларига замин яратади.
«Бу масалаларни ҳал қилиш учун улар фаолиятини ҳуқуқий таъминлайдиган аниқ, пухта ўйланган, ҳар томонлама кўриб чиқилган ёндашув зарур. Шу мақсадда кичик тадбиркорлик субъектлари қўлида фаолият олиб боришлари учун қуйи малакали меҳнат мигрантларига рухсатнома олиш ҳуқуқини соддалаштириш таклиф этилмоқда», – дейилади ҳужжатда.
Тожикистонлик шоира Адиба Азиз маҳаллий қизларга уйланмоқчи бўлган хорижий фуқаролардан қалин пули олиш ҳақида қонун қабул қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Унинг фикрига кўра, қалин пулининг ярми келиннинг шахсий ҳисоб рақамига тушиши керак. Иккинчи ярми эса тенг беш бўлакка бўлиниб, қизнинг отаси-онаси, давлат бюджети, етим болалар, ногиронлар ва қарияларга юборилиши керак.
Шоиранинг Facebook’даги саҳифасида чоп этилган ушбу ғояси катта шов-шов ва тортишувларга сабаб бўлди. Муҳокамада иштирок этаётганлар асосан икки гуруҳга бўлинди: биринчи гуруҳдагилар ушбу ғоя инсонийлик тушунчаларидан узоқлиги ва тожик қизларининг эркинлигини чеклаши ҳамда уларни товарга айлантириши мумкинлигини айтмоқда.
Иккинчи гуруҳ вакиллари фикрига кўра ушбу чора тожик қизларига уйланишни истаётган хорижликлар сони тобора кўпайиб бораётган вақтда миллий генофондини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шоира фикрига кўра, қалин пули хорижликлар олдида тожик қизларининг обрўсини оширади ва оилада муносабатлар ёмонлашганда уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймайди.
Бугунги кунда Тожикистонда хорижлик куёвлар учун қалин пули тўлаш мажбурияти бўлмаса ҳам бир қатор шартлар мавжуд. Жумладан, бўлажак куёв уйланишдан олдин мамлакатда камида бир йил яшаши, турмуш ўртоғи ва болаларини уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилган никоҳ шартномасини имзолаши керак.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.