июл 24, 2018 14:22 Asia/Tashkent

Ҳаким Саноий ва унинг асарлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, таъкидлаб ўтганимиздек, Ҳаким Саноий кўплаб сафарлар ҳамда руҳий ва маънавий инқилобдан кейин  Ғазна шаҳрига қайтади. У ушбу маконда танҳоликни ихтиёр этиб, ирфоний ва ахлоқий шеърларини бир жойга тўплашга киришади. Шоир Саноийдан 14 минг байтни ташкил этувчи  қасидалар, ғазаллар ва рубоийлардан иборат девондан ташқари бизга бошқа назмий асарлар ҳам мерос қолган.

Туркиялик тадқиқотчи профессор  Аҳмад Оташ шоир Саноий асарлари ҳақида шундай фикрларни баён қилган эди: “Саноий ўзининг девони учун шеърларини тўплаб, кейинчалик Аҳмад бин Масъуд Теша талаби билан эҳтимол девонида янги тартиб жорий қилган. У ҳатто бошқа асарлар тўпламини ҳам яратганки, “Ҳадиқа” асарини ҳам ўз ичига олади. Бироқ ушбу асарарлар  тўплами ва “Ҳадиқа” асари охирига етмай Саноий оламдан ўтган. Шоирнинг дўстлари ва шогирдлари эса тамом бўлмаган муқаддимани охирга етказиш ҳамда девон, “Ҳадиқа” ва асарлар тўпламининг  янги  нусхаларини яратиш каби ишларни амалга оширишган.

Ҳаким Саноийнинг йирик  асарларидаги айрим ихтилофларнинг сабаби ҳам шу  бўлиши мумкин. Шоирнинг асарлар тўпламининг энг қадимий нусхаси  ҳам мавжуд. Зеро унинг ташқи кўриниши бунга далолат беради. 

Бошқа шоирларда девонларини тайёрлашда  исботловчи бу каби қадимийлик  ҳолатлари кам учрайди ва  ёки умуман учрамаслиги ҳам мумкин.

Шоир Саноийнинг “Ҳадиқул ҳақиқат”, “Тариқул таҳқиқ”, “Ишқнома”, “Ақлнома”, “Ғарибнома”, “Афвнома” асарлари тасаввуф адабиётининг етук ва ёрқин намуналари

ҳисобланади. Ҳаким Саноий рубоийларида абадий ишқ ва ҳақиқат тараннум этилади, абадий ишқ ва

ҳақиқатга интилган инсон қалбининг орзулари янграйди.

“Ҳадиқатул ҳақиқат”, “Сайрулибод илалмаод”, “Балх корномаси” ва “Саноий мактублари”  шоирнинг муҳим асарларидан ҳисобланади. Саноий шеърлари девони, қасидалар, қитъалар, таркиббандлар, таржеъбандлар, ғазаллар, рубоийлар ва “Қаландариёт”ни ўз ичига олган.

Саноий куллиётининг қадимий нусхасида китобнинг мазмун ва мундарижаси муайян мавзулар асосида  тақсимланган.

Тазкиранависларнинг  ақидаларига кўра, шоир Саноий девони  30 минг байтдан иборат бўлган.

Мударрис Разавий  муҳим нусхалар ва қатор ёзма манбалар асосида тайёрланган Саноийнинг девони 13780 байтдан иборат.

Теҳрон университети  ўқитувчиси доктор  Мазоҳир Мусафо  томонидан чоп этилган Саноий девонида шоирнинг ўзи орқали  қадимий нусханинг  муқаддимасида ишора этилган  шеърлар сонидан кўпроқ шеърлар мавжуд.

Масалан, Саноий куллиёти (асарлар тўплами)да  жами 137 қасида, 206 ғазал ва 443 рубоий мавжудлиги ишора этилган. Аммо қайтадан нашр этилган ушбу девоннинг янги нусхасида 300та қасида, 408та ғазал ва 537 рубоий  ўрин олган.

Ҳиндистон ва Лондрада мавжуд Саноий девонининг нусхаларида қайтадан чоп этилган нусхаларда мавжуд бўлмаган шеърлар ҳам мавжуддир.

“Балх корномаси” асари шоир Саноийнинг кичик маснавийси бўлиб, “Корнома” номи билан ҳам танилган ва 497 байтдан иборатдир.

Адабиётшунослар ва адабий тадқиқотчилар ушбу асар ё маснавий  шоир Саноийнинг таржимаи ҳоли эканлигини таъкидлашади.

Саноийшунос олим Мударрис Разавий “Балх корномаси” асарининг қадимий нусхаси асосида ушбу асарни қайтадан чоп эттирди.

“Корнома” асарининг луғавий маъноси иш китоби деганидир. Корнома деганда муҳим ишларни бажарган  ва уддасидан чиққан  шахс ҳақида сўз  боради.  Ҳаким Саноийнинг “Корнома” китобида ҳам ушбу меъёрлар назарда тутилган ва ушбу асар,  мисол тариқасида ,“Ардашери Попакон” корномасидан ўз  номини  олган.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Корнома аталувчи китобларда ўша асрнинг етук шахсиятлари ва  давлат арбобларининг фаолиятлари истеҳзо билан баён этилган бўлса, бу каби асарлар “Мутойибанома” дея ҳам аталган.

“Балх корномаси”да   шоир Саноийнинг  таржимаи ҳоли ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд ва бу асар адабий танқидчи  ва тадқиқотчилар учун муҳим манба сифатида хизмат қилиши мумкин. Зеро Саноий ушбу 500 байтдан иборат  назмий асарда ўзи, отаси ва айрим замондошлари  ҳаётининг айрим гўшаларини ёритиб берган.

Ҳозир эса машҳур шоир Саноий Ғазнавийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Мисли чеҳрангдир баҳору гулшаним,
Этди жо ишқингни жон ичра таним.

Юзларингсиз рўзгорим тийрадур,
Ҳам қоронғудир жаҳони равшаним.

Ул қуёшу ой каби қилгай аён
Кундузу тунда чиройинг равзаним.

Қўлларингдир ўзга гардан тавқида,
Дарди ишқинг бўлди тавқи гарданим.

Ҳар кеча йўлдин адашгай ул Қамар
Тунлари тинглаб маним бу шеваним,

Гар жамолинг кўргузурсан дафъатан,
Жаннатингга айланур бу барзаним!

Сурма қилдим хоки пойинг дийдама,
Гарчи бердинг бод аро бул хирманим,

Қўй маним роҳимга чун қутлуғ қадам,
Дастинг ичра қолди ҳасрат— доманим.

Гар сахийлик айласангу, қувмасанг,
Бори заҳмат борини тутгай таним.

Маҳфилимга ташрифинг тушган замон
Гуллагайдир лолазору савсаним.

Чун Саноийким, сенга айтгай мудом:
Юзларингдур — чун баҳору гулшаним…

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.