Биз ва тингловчи
Иқлим ўзгариши-глобал муаммо
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги сони яна эфирда. Бугунги суҳбатимиз ”Иқлим ўзгариши – глобал муаммо” мавзусига бағишланган. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
Табиатшунослик нуқтаи назардан ёндашсак, иқлим деганда, муайян жойнинг ўзига хос, ҳар йили такрорланувчи одатдаги об-ҳаво шароити тушунилади. У ер юзасининг қуёш нурларига нисбатан оғишига мос равишда бирон ерда ҳосил бўладиган об-ҳаво шароитлари мажмуи ва мавсумий географик ўзгариши, қуёш радиацияси, ернинг тўшама сирти хусусиятлари ҳамда уларга дахлдор атмосфера диркуляцияси таъсирида вужудга келади. Ҳар қайси ҳудуд иқлимининг фақат ўзигагина хос жиҳатлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун узоқ йиллар метеорологик кузатувлар олиб бориш, уларни жамлаб ўрганиш зарур бўлади.
Бироқ, минг афсуски, замонлар ўтгани сайин инсоннинг хўжалик ва меҳнат фаолияти кенгайиши, ишлаб чиқариш жадал ривожланиб, техника-технологиялар кўпайиши туфайли жойлардаги иқлим салбий жиҳатдан жиддий ўзгаришларга учрай бошлади. Чунончи, кейинги асрларда ўрмон дарахтларини аёвсиз кесиш, фойдали қазилма бойликларни очиқ кон усулида қазиб олиш, атом, иссиқлик ва гидроэлектр станциялари, сув омборлари, саноат мажмуалари қуриш, қўриқ ва бўз ерларни жадал ўзлаштириш, ботқоқликларни қуритиш, космик кемаларни учириш, атом бомбаларини синаш ва бошқа сабабларга кўра, атмосфера ҳамда ер сиртининг радиация ва иссиқлик баланси ўзгарди. Ҳаво ифлосланиб, ҳарорат кўтарилди, музликларнинг эриши, сув танқислиги кучайди. Атмосферага мунтазам равишда чанг, газ ва иссиқлик ажралиб чиқиб турадиган йирик шаҳарларда ўта ташвишли микроиқлимлар вужудга келди.
Шубҳасиз, танг вазиятли бундай нохушликлар ҳалитданоқ одамзодни мушкул аҳволга солиб қўймоқда. Масалан, ҳозир аҳли башарнинг салкам бешдан икки қисми яшайдиган жойларда тирикликнинг энг асосий омилларидан бири саналмиш тоза ичимлик сув етишмайди. Аҳвол шу зайлда давом этаверса, 2025 йилга бориб инсониятнинг бешдан уч қисми бу бебаҳо неъмат танқислигидан озор чекиши тайин.
Ёки ҳавонинг глобал исиши билан боғлиқ муаммоларни олайлик. У иқлим тубдан ўзгаришига, жаҳоннинг кўплаб минтақаларида қурғоқчилик авж олиб, экинлар ҳосилдорлиги ва чорва унумдорлиги пасайишига олиб келиши мумкин. Тадқиқотчилар фикрича, XX аср сўнгги минг йилликнинг энг илиқ даври саналади. Зеро, унинг охирги ўн йили энг илиқ ўн йиллик деб топилди. Чунки бу муддат оралиғида ҳавонинг ўртача ҳарорати дунё миқёсида 0,3-0,6 даража юқори бўлди. Иқлим ўзгаришини баҳолаш учун 1961-1990 йиллардаги ўртача меъёр асос қилиб олинди.
Аввало, шуни эслатиш жоизки, Марказий Осиё иқлим ўзгарувчанлиги кучайиши ҳамда узоқ муддатли глобал иқлим ўзгариши сабабли келиб чиқувчи таъсирларга энг кўп учрайдиган минтақалар сирасига киради. Унинг иқлимига хос асосий хусусият эса қурғоқчиликдир. Бу ҳолат кўп жиҳатдан ҳудуддаги табиий намгарчилик маромига боғлиқ. Минтақа иқлими ёмонлашишига қишлоқ хўжалиги соҳасида маъданли ўғитларни ва заҳарли кимёвий моддаларни меъёридан ортиқ ишлатиш, шаҳарлар ичида йирик оғир саноат корхоналари барпо этиш, табиат бойликларидан хўжасизларча фойдаланиш, экологик мусаффоликни рисоладагидек асраб-авайламаслик, ҳаммасиданам ачинарлиси, Орол денгизининг таназзулга юз тутиб, қурий бошлаши ҳам сабабчи бўлди.
Ҳолбуки, дунё яралгандан буён барча тирик мавжудотни боқиб, бағрида яйратиб келаётган табиатнинг меҳр-саховати қанчалик чексиз бўлса, қаҳри ҳам шунчалик қаттиқ. У ҳеч қачон инсоннинг хоҳиш-иродасига бўйсунмайди, ҳамиша ўз қонунлари билан яшайди. Бу тартиб-қоидалар эса бир-бирига шу қадар чамбарчас боғланиб, шу қадар уйқашиб кетганки, биттасига заррача зиён етса, бошқаларига ҳам шак-шубҳасиз таъсир қилади. Пировардида уларнинг мутаносиблигини бузади. Шунинг учун ҳам табиат ўзига хиёнатни ҳеч қачон кечирмайди, қилдай зарар учун филдай ўч олади.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Бу асрлар синовдан ўтган ва ҳеч қачон ўзгармай келаётган оддий ҳақиқат. Уни тан олмасликнинг, табиат билан ҳисоблашмасликнинг мудҳиш оқибатларини эса ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Минтақада иқлим ўзгаришлари ва глобал ҳарорат кўтарилиши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар кўпаймоқда. Айниқса, тоғ дарёлари ҳавзаларидаги қор захиралари, сув манбалари майдонлари вақт ўтгани сайин тораймоқда. Амударё ва Сирдарёни обиҳаёт билан таъминловчи тоғ музликлари ҳажми ҳар йили 0,2-1 фоиз қисқармоқда. Шу боис, сув ресурслари танқислиги кучайиб, дарёлар ўзани кичраймоқда, теварак-атрофи қуруқлашиб, қурғоқчиликлар содир бўлмоқда. Аэрофотокузатув таҳлилларига кўра, Помир – Олой тоғларидаги музликлар 1957-80 йиллардаёқ 19 фоиз захирасини йўқотган. Бундай ташвишли ҳолат ҳамон узлуксиз давом этяпти. 2020 йилга бориб уларнинг захираси 15-20 фоизгача камайиши кутиляпти.
Иқлим исиши асносида минтақада ёз фаслининг давомийлиги узаяди. Экинларни суғориш меъёри эса 2030 йили ҳозиргига нисбатан 5 фоизга, асримиз ўрталарида 7-10 фоиз, 2080 йилга бориб 12-16 фоизга ошиши башорат қилинаётир. Лекин аҳвол қандайлигидан қатъи назар, тушкунликка берилмаслик керак. Чунки бу кўҳна дунёнинг ақл бовар қилмас сир-синоатлари, кутилмаган мўъжизалари сон-саноқсиз.
Келинг, шу ўринда кўпчилик бехабар бир далилга эътибор қаратайлик. Африка шимолида жойлашган ва шу қитъа ҳудудининг чорак қисмини эгаллаган Саҳрои Кабир курраи заминимиздаги энг катта тропик чўл сифатида машҳур. Унинг майдони 7 миллион квадрат километрдан зиёд. Узунлиги 5700, эни 2000 километр. 70 фоизи тошлоқ ва қумли, шўрхок ва чағиртошли ерлардан иборат. Аксарият қисмида ўсимлик ўсмайди. Нил дарёсини айтмаганда, оқар сув кам. Баъзи иқлимшуносларнинг уқтиришича, ҳозир қурғоқчилик исканжасида қолган Саҳрои Кабир бир неча миллион йиллар мобайнида ўз қиёфасини иқлим ўзгаришига монанд бот-бот ўзгартириб, гоҳ гуллаб-яшнаган гўшага, гоҳ чўлга айланган. Бундан ўн минг йил муқаддам охирги бор ям-яшил ўт-ўланлар ва дов-дарахтларга бурканган. Муҳими, келгуси асрда глобал исиш ва ёғингарчилик кўпайиши боис у қайта жонланиб, саваннага айланиши мумкин экан.
Энди эса радиомиз эшиттиришлари ва сайтидаги материаллар бобида доимий тингловчиларимиздан бири Cамаджоннинг билдирган фикрларини биргаликда тинглаймиз.
Тингловчимиз Самаджоннинг билдирган фикрлари эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.