Нур томон йӯл--805
« Саффот " муборак сураси 7-11-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Саффот” муборак сураси 7-10- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَحِفْظًا مِّن كُلِّ شَيْطَانٍ مَّارِدٍ ﴿٧﴾ لَّا يَسَّمَّعُونَ إِلَى الْمَلَإِ الْأَعْلَىٰ وَيُقْذَفُونَ مِن كُلِّ جَانِبٍ ﴿٨﴾ دُحُورًا ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ وَاصِبٌ ﴿٩﴾ إِلَّا مَنْ خَطِفَ الْخَطْفَةَ فَأَتْبَعَهُ شِهَابٌ ثَاقِبٌ ﴿١٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва ҳар бир итоатсиз шайтондан сақлаш учун. (7) Улар юксак тўплиққа қулоқ сола олмаслар ва ҳар томондан (учқун-ла) отилурлар. (8) Ҳайдалурлар! Улар учун узлуксиз азоб бордир. (9) Магар бирорта сўзни ўғриликча тинглаган шахс бўлса, уни ёқгувчи олов таъқиб этар. (10)
Ӯтган дастуримизда Аллоҳ таъоло осмонни юлдузлар билан безатган, ерда яшовчилар эса осмон юлдузларининг гӯзаллигидан баҳраманд бӯлишади, деб айтдик. Бу ояти каримада эса осмоннинг моддий бӯлмаган томонига ишора қилиниб, буюрилади: Шайтонлар осмон фаришталари учун белгиланган муҳитга кирмоқчи, уларнинг сӯзларини эшитиб, улар кӯзда тутган мақсадга қарши амал қилмоқчи бӯлишади.
Қайд қилиш жоизким, ер аҳлининг барча маълумотлари осмон фаришталарининг наздида бӯлиб, бу ҳақда ӯзаро суҳбатлашишади. Шайтонлар эса ғайб оламининг сир-асрорларини эгаллаш иштиёқидалар. Шу сабабли улар фаришталарнинг суҳбатларини махфиёна тинглашга ҳаракат қилишади. Аммо улар фаришталар муҳитига яқинлашган чоғи қувиладилар.
Гӯё бу ояти карималар орқали аҳли башарга шундай башорат берилган: Аллоҳ таъоло жин тоифасига мансуб Шайтон деб аталувчи саркаш қавмни ходимлари фаришталар бӯлган оламларни тадбир ила бошқариш марказига яқинлаштирмайди. Уларга бу муҳитдаги гап-сӯзларни эшитиш ва оламни бошқариш жараёнига аралашиш имконини бермайди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Осмон фаришталари наздида махсус сир-асрор яширин бӯлиб, шайтонлар бу сирни эгаллашга доимо ҳаракат қилишади. Аммо Аллоҳ уларга бу асрорни эгаллаш ижозатини бермаган.
- Хабаркашлик шайтоний амал ҳисобланади. Шу сабабли Қуръон таълимотида хабаркашлик мазаммат қилинган.
- Одамларнинг сир-асрорларидан огоҳ бӯлиб, уни элга дастурхон этадиганларнинг олди олиниши керак.
Энди “Соффот” муборак сураси 11- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:
فَاسْتَفْتِهِمْ أَهُمْ أَشَدُّ خَلْقًا أَم مَّنْ خَلَقْنَا ۚ إِنَّا خَلَقْنَاهُم مِّن طِينٍ لَّازِبٍ ﴿١١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Бас, сен улардан сўра: уларни яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларни?! Албатта, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратдик. (11)
Олдинги суҳбатимизда “Соффот” сурасида қиёматнинг қоим бӯлиши каби эътиқодий масалаларга кӯп эътибор қаратилганини эслатган эдик. Бу ояти каримада Аллоҳнинг Расулига хитобан буюрилади: Қиёматни инкор қилувчилардан сӯранг: Улар нега қайта тирилтириш ҳақида шаккоклик қилишади? Аллоҳ одамни сув ва тупроқдан яратди. Энг биринчи одам сув ва тупроқдан қорилган бӯлса, кейингилари худди шу сув ва тупроқдан озиқланиб яшаган. Барча одамлар ӯлгач, яна тупроққа айланишади. Бу айланма ҳолат давом этаверади. Ҳеч нарса бутунлай йӯқ бӯлиб кетмайди.
Бугунги илм-фан ривожи ҳар бир инсоннинг ДНК молекулалари худди унинг бармоқ учидаги излар каби бошқа кишига ӯхшамаслигини исботлаб берган.
Дунё ҳаётида она бачадонига тушган бир зарра сперма у ерда ривожланиб, 9 ойдан сӯнг комил инсон боласи туғилади. Қиёмат куни эса инсонларнинг тупроқ таркибидаги заррача қолдиқлари худди гиёҳлар мисоли тупроқ замирида ривожланиб, комил инсон сифатида униб чиқади. Оламларни яратган улуғ Аллоҳ учун бунинг нима қийинчилиги бор?!
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Мункирларга савол билан мурожаат қилиш, уларнинг мудроқ виждонларини уйғотиш услубидир.
- Инсоннинг ер юзидаги яратилиши жараёнини унутган кишиларгина унинг қиёматдаги қайта тирилишига шак келтиради.