июл 21, 2019 15:50 Asia/Tashkent

« Саффот " муборак сураси  139-148-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Саффот” муборак сураси  139-141- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

 وَإِنَّ يُونُسَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ ﴿١٣٩إِذْ أَبَقَ إِلَى الْفُلْكِ الْمَشْحُونِ ﴿١٤٠ فَسَاهَمَ فَكَانَ مِنَ الْمُدْحَضِينَ ﴿١٤١ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Юнус ҳам Пайғамбарлардандир. (139) Ўшанда у тўлган кемага қочди. (140) Бас, қуръа ташлашди ва у мағлублардан бўлди. (Юнус алайҳиссаломга ҳам қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди. Қуръа у кишига чиқди. Келишувга биноан, у киши сувга ташланди.)(141) 

   Олдинги дастурларда айрим Илоҳий пайғамбарларнинг саргузашти ҳақида қисқача баён этилди. Бу ояти карималарда ҳазрат Юнус алайҳиссалом саргузаштига ишора қилинади. Аллоҳ таъоло Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ҳорун, Илёс ва Лут каби пайғамбарларини душманларнинг ёвузлигидан қутқарди. Уларнинг мухолифларини мағлуб айлаб, азобга гирифтор этди.

Аммо ҳазрат Юнус масаласида вазият бошқачароқ. Унинг қавми азоб нишоналарини кӯргач, тавба қилишди. Аллоҳ уларни ӯз лутфу марҳамати билан сийлади. Юнусни эса қавмини тарк этгани учун азобга гирифтор айлади.

Ривоятларга кӯра ҳазрат Юнус ҳам бошқа Илоҳий пайғамбарлар каби қавмини ширк, бутпарастлик ва бошқа  ёвуз ишлардан қайтарарди. Аммо улар таважжуҳ қилишмас, фақат бир неча кишигина пайғамбарга иймон келтиришди, холос. Аллоҳ таъоло зудлик билан бу қавмга азоб ёпирилиб келиши ҳақида ваҳий юборди. Пайғамбар мумин издошларидан бири билан биргаликда шаҳардан чиқиб денгиз томонга кетди. Денгиз қирғоғида турган йӯловчи кемага чиқди. Кема сузиб кетди.

Денгиз ӯртасида кемага улкан наҳанг, яъни кит ҳужум қилиб, оғзини ланг очди. Кемадагилар оч китдан қутулиш учун унинг оғзига йӯловчилардан бирини ташлаш қарорига келишди ва кимни қурбон қилиш масаласида қуръакашлик қилишди. Қуръада Юнуснинг исми чиқди. Улар пайғамбарни балиқнинг оғзига отдилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.    Пайғамбарлар сабр-тоқатли кишилар бӯлиб, уларнинг озгина сабрсизлигига ҳам Аллоҳ томонидан қаттиқ танбеҳ бериларди.
  2. Дунё зумл ва куфрга тӯлган бугунги кунда пайғамбарлар ва ӯтмиш қавмларнинг саргузаштини ӯқиб-ӯрганиш биз учун ибрат намунасидир.
  3. Баъзи ҳолатларда бир кишини танлаш учун қуръакашлик қилишади. Қуръа ташлаш исломда ҳам тақиқланмаган.

 

Энди  “Саффот” муборак сураси  142-144- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَالْتَقَمَهُ الْحُوتُ وَهُوَ مُلِيمٌ ﴿١٤٢ فَلَوْلَا أَنَّهُ كَانَ مِنَ الْمُسَبِّحِينَ ﴿١٤٣ لَلَبِثَ فِي بَطْنِهِ إِلَىٰ يَوْمِ يُبْعَثُونَ﴿١٤٤  

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида наҳанг балиқ ютди. (142) Агар у кўп тасбиҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди. (143) Унинг қорнида қайта тирилтирадиган кунгача қолиб кетар эди. (Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб Аллоҳга кўп тасбиҳ айтмаганида, ўша балиқнинг ичида қиёматгача қолиб кетар эди.)(144) 

Ояти карималарда келтирилишича балиқ Аллоҳнинг буйруғи билан ҳазрат Юнусни ютишга масъул эди. Шу сабли Илоҳий ҳикмат сабабли қуръа унинг номига тушди. Балиққа  ҳазрат Юнусни ютиш масъулиятини юклаган Аллоҳ  шаксиз, уни маълум муддатгача ушбу жонивор қорнида тирик сақлаш қудратига эга эди.

Балиқнинг қорнида ӯзини эмин-эркин ҳис қилган ҳазрат Юнус гап нимада эканлигини англаб етди. У Аллоҳга юзланиб ӯз рисолатини бажаришда сусткашлик қилгани учун тавба-тазарруъ қилишга киришди.

Пайғамбарнинг иқрор, эътироф, надомат ва пушаймонлигини кӯрган Аллоҳ таъоло унга нажот бахш этишнинг заминаларини муҳайё қилди.Балиқ соҳилга сузиб келиб, оғзини ланг очди. Ҳазрат Юнус унинг озғидан ташқарига чиқди. Парвардигор ҳазрат Юнусни кечирмаганида у қиёматгача балиқнинг қорнида қолиб кетарди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Баъзида Аллоҳнинг буйруғи билан айрим ҳайвонлар ҳам хориқулода амалларни бажаришга масъул бӯлишади.
  2. Қийинчиликларга дуч келгач,  масъулиятдан қочиш янги-янги қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
  3. Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба-тазарру қилиш банданинг бало-қазодан қутулиш воситасидир.
    •  

    Энди  “Саффот” муборак сураси  145-148- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَنَبَذْنَاهُ بِالْعَرَاءِ وَهُوَ سَقِيمٌ ﴿١٤٥ وَأَنبَتْنَا عَلَيْهِ شَجَرَةً مِّن يَقْطِينٍ ﴿١٤٦ وَأَرْسَلْنَاهُ إِلَىٰ مِائَةِ أَلْفٍ أَوْ يَزِيدُونَ﴿١٤٧ فَآمَنُوا فَمَتَّعْنَاهُمْ إِلَىٰ حِينٍ ﴿١٤٨

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Бас, Биз уни бемор ҳолида майдонга отдик.(145) Ва унинг устига қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик. (146) Ва уни юз минг ёки ундан кўпроққа Пайғамбар қилиб юбордик. (147) Бас, иймон келтирдилар. Кейин Биз уларни маълум муддат баҳраманд қилдик. (148)

Ҳазрат Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнидаги саргузаштининг сӯнгги қисмини баён этувчи бу ояти кармаларда буюрилади: Аллоҳнинг амри билан денгизнинг соҳилига сузиб келган балиқЮнусни оғзидан чиқариб ташлади. Табиийки, озиб-тӯзиб, хаста ҳолатдаги Юнуснинг юришга мажоли етмасди. У денгиз қирғоғида чӯзилиб ётди. Аллоҳ пайғамбари ёнига ошқовоқ буттасини ӯстириб, унинг япроқлари билан баданини ёпди.

Аллоҳнинг ана шундай тадбири воситасида ҳазрат Юнус нажот топди. Секин-аста куч-қувватга кириб, қавми наздига қайтди. Ӯз шаҳрига етиб келган чоғи мушрик ва бутпарастларнинг худопарастга айланганликларини кӯриб ҳайратда қотди. Уларга Илоҳий азоб ҳам нозил бӯлмаганди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ҳазрат Юнуснинг қавми Аллоҳга иймон келтириб, тавба-тазарру қилганликлари сабабли Худонинг лутфу карамига эришишди. Юнус пайғамбар ҳам дуо ва истиғфорлари сабаб Аллоҳнинг лутфи билан нажот топди
  2. Ҳеч қачон ёвуз қилмишли кишиларнинг тавба қилиб, тӯғри йӯлга қайтишларидан умидни узмаслик керак. Аллоҳ уларни кӯз очиб юмгунча ҳидоят йӯлига қайтариши ҳам мумкин.
  3. Ӯтмиш хатоларига тавба қилиш келажакдаги муваффақиятларнинг заминасидир. Юнус қавми тавба қилгани учун Аллоҳ таъоло  азобини қайтариб, уларни меҳр-муҳаббати билан сийлади.