Нур томон йӯл--868
«Ғофир" муборак сураси 48-52-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Ғофир” муборак сураси 48-50- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
قَالَ الَّذِينَ اسْتَكْبَرُوا إِنَّا كُلٌّ فِيهَا إِنَّ اللَّـهَ قَدْ حَكَمَ بَيْنَ الْعِبَادِ ﴿٤٨﴾ وَقَالَ الَّذِينَ فِي النَّارِ لِخَزَنَةِ جَهَنَّمَ ادْعُوا رَبَّكُمْ يُخَفِّفْ عَنَّا يَوْمًا مِّنَ الْعَذَابِ ﴿٤٩﴾ قَالُوا أَوَلَمْ تَكُ تَأْتِيكُمْ رُسُلُكُم بِالْبَيِّنَاتِ ۖ قَالُوا بَلَىٰ ۚ قَالُوا فَادْعُوا ۗ وَمَا دُعَاءُ الْكَافِرِينَ إِلَّا فِي ضَلَالٍ ﴿٥٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Мутакаббирлик қилганлар: «Албатта, ҳаммамиз унинг ичидамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ бандалар орасида ҳукм чиқариб бўлди», дерлар. (Бўлар иш бўлди, энди бу саволни бериб нима қиласизлар. Бу ерда у дунёдагига ўхшаб катта-бошлиқ ёки заифлигига қараб эмас, қилган амалига қараб ҳукм чиқарилар экан. Биз ҳам куфр келтирдик, сиз ҳам куфр келтирдингиз ва қилганимизга яраша ҳаммамиз жазоимизни олдик. Аллоҳ ҳукмини чиқариб бўлди. Ҳаммамиз жаҳаннамга тушдик.) (48) Дўзахда турганлар жаҳаннам қўриқчиларига: «Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин», дедилар. (49) Улар: «Сизга Пайғамбарларингиз очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келмаган эдиларми?!» дедилар. Булар: «Ҳа», дейишди. Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар. (Жаҳаннам қўриқчилари: «Нима сабабдан бу ҳолга тушиб қолдингиз?! Сизга Пайғамбар келиб, шу кун бошингизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмаган эдими?! « деб сўрадилар. (50)
Ӯтган суҳбатимизда дӯзахда куфрнинг пешволари ва уларнинг издошлари ӯзаро баҳс-мунозарага киришади, бу ҳолатлари учун бир-бирини айблай бошлайди, деб айтган эдик.
Бу ояти карималарда буюрилади: издошларининг саволларига жавоб тополмаган пешволар уларга дейди: барчамизнинг қисматимиз уйғун. Ҳаммамиз дӯзах оловига гирифтор бӯлганмиз. Бу Аллоҳнинг ҳакамлиги натижаси. Биз нажот йӯлини топганимизда сизлардан аввал ӯз жонимизни азоб-уқубатдан қутқарардик. Билиб қӯйинг, бизнинг қӯлимиздан ҳеч нарса келмайди.
Пешволаридан умидсизланган кишилар дӯзах назоратчиларига ёлворишади. Ақаллан бир озгина нафас ростлаб, ҳордиқ чиқариш учун бир кунгина азобдан озод қилишларини сӯрашади.
Аммо дӯзах маъмурлари бӯлган фаришталар уларга қарата дейишади: нега мустабидларга эргашиш ӯрнига Аллоҳ юборган пайғамбарларга эргашмадингиз? Улар сизга далил-ҳужжат келтиришмаганмиди? Дӯзах аҳли: Ҳа, пайғамбарлар бизга илоҳий таълимотни келтиришган эди, аммо биз гапларига қулоқ солмадик, уларни ёлғончига чиқардик, деб айтишади.
Илоҳий фаришталар дейишади: демак, айб ӯзларингдан ӯтган. Энди бугунги иқрор ва пушаймонлигингиз фойда бермайди. Тавбалар қабул бӯладиган вақт ӯтиб кетди. Ӯзларингдан кӯринглар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дунёда кибр-ғурурга берилган кимсалар қиёмат куни хор бӯлиб, таҳқирланадилар.
- Инсонлар орасида фақатгина Аллоҳ одилона ҳакамлик қилади. Бошқалар ҳақида ҳукм чиқариш бизнинг ишимиз эмас.
- Дӯзах азобини тӯхтатиб ҳам, камайтириб ҳам бӯлмайди. Дӯзах азобидан қутулиш учун дунёда тавба-тазарру фурсатидан муносиб фойдаланишимиз керак.
- Дӯзахда аҳволи танг қолган кофир ва гунаҳкорлар нима қилишини билмай азоб фаришталаридан ёрдам сӯрашади. Аммо улар ҳам ёрдам беришолмайди.
- Аллоҳнинг адолати шундай: илоҳий таълимотдан бехабар кишига жазо берилмайди.
Энди “Ғофир” муборак сураси 51-52-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ ﴿٥١﴾ يَوْمَ لَا يَنفَعُ الظَّالِمِينَ مَعْذِرَتُهُمْ ۖ وَلَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ ﴿٥٢﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, Биз Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга бу дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган кунда ҳам нусрат берурмиз. (51) У кунда золимларга маъзиратлари наф бермас. Уларга лаънат бўлғай ва уларга ёмон ҳовли жой бўлғай. (Иймон билан куфр орасидаги кураш бир шахс, бир авлод, бир замонга боғлиқ эмас. Балки бу кураш дунё бунёд бўлганидан бошлаб, қиёматгача давом этадиган курашдир. Бу кураш давомида турли ҳолатлар бўлиб ўтади. Иймон томонида турган баъзи кишиларнинг эътиқод йўлида шаҳид бўлишлари улкан нусрат бўлиши мумкин. Ҳозиргача бутун дунё қанчадан-қанча шаҳидларни мадҳ этиб, эҳтиром ила эслаб келмоқда, уларни шаҳид этган қотиллар эса, лаънатланмоқда. Қани, кўрайлик-чи, бу ерда нусрат шаҳидгами ё қотилга?! Баъзи бир шаҳидларнинг ўлими бутун бошли умматларни ғалабага чорлаган вақтлар ҳам бўлган. Демак, ўлимнинг ҳаммаси ҳам, хусусан иймон йўлидаги ўлим, мағлубият ҳисобланмайди. Иймон ва куфр орасидаги курашда нусрат кимга бўлиши тор ўлчовда эмас, балки кенг мезонлар билан ўлчанади. Иймоннинг қалбларда, ер юзида тантанаси учун инсоннинг ўзи саъйи-ҳаракат қилишини Аллоҳ шарт этган экан, Унинг йўлидаги қурбонлар, машаққатлар эришиладиган нусратнинг қийматини оширади, қадрини кўтаради. Ундан кейин, инсоният тарихидаги иймон билан куфр ўртасидаги курашнинг оралиқ натижаларига ҳам бир назар солайлик. Уларнинг ҳаммаси Пайғамбарлар ва мўминларга нусрат берилиши билан якун топганини кўрамиз.) (52)
Фисқ-фужурнинг пешволарига эргашган кишилар оғир кунда бошлиқларимиз бизга кӯмаклашади, деган фикрда эдилар. Аммо қиёмат куни уларнинг қӯлидан ҳеч нарса келмаслигини англаб етадилар. Золим ва кофирларнинг акси ӯлароқ пайғамбарлар ва солиҳлар қиёмат куни Аллоҳнинг кенг қамровли кӯмакларидан баҳраманд бӯлишади.
Бу оятларда келтирилишича, Аллоҳ пайғамбарлар ва муминларнинг ҳомийси бӯлиб, дунё ва охиратда улардан кӯмагини дариғ тутмайди.
Ул зот дунёда ғайбий кӯмаклар билан муминларнинг руҳиясини мустаҳкамлаб, душманларининг кӯнглига ваҳима ва ҳадик ҳиссини жойлайди. Душманнинг ҳийла-найрангини йӯққа чиқариб, ҳақиқий муминларни мухолифлари устида ғолиб айлайди.
Аммо қиёмат кофир ва золимлар учун расволик ва бахтсизлик кунидир. Бутун халойиқ йиғилган пайти гувоҳлар уларга қарши гувоҳлик беришади. Гувоҳлар муминларнинг фойдасига гувоҳлик беради. Илоҳий раҳматдан бебаҳра қолган кофир ва золимлар эса дӯзахнинг оловига ташланадилар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Илоҳий адолат шулким, анбиё ва муминлар ӯз мухолифларини енгишади. Ҳақ охир-оқибат ботил устидан ғалаба қозонади.
- Мумин киши дунё ва охиратда иймоннинг манфаатларини кӯради.
- Муминларга ғалаба ҳақидаги Илоҳий ваъдалар таскин бахш этиб, душманнинг босим, озор-азиятларига қарши курашиш руҳиясини мустаҳкамлайди.