декабр 25, 2019 15:50 Asia/Tashkent

«Ғофир" муборак сураси  53-56-ояти карималарининг шарҳи.

 

Дастлаб “Ғофир” муборак сураси  53-54- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْهُدَىٰ وَأَوْرَثْنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ الْكِتَابَ ﴿٥٣﴾ هُدًى وَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ ﴿٥٤﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, Биз Мусога ҳидоятни бердик ва Бани Исроилни Китобга ворис қилдик. (53) Ақл эгаларига ҳидоятчи ва эслатма бўлсин учун. (54)

Ӯтган суҳбатимизда Аллоҳнинг пайғамбарлар ва уларнинг издошларига  албатта, кӯмаклашиш ваъдасини эслатган эдик. Бу ояти карималарда Аллоҳнинг кӯмаклашувига бир мисол келтирилиб, буюрилади: Мусони пайғамбарликка танлаган пайтимиз уни Фиръавн ва бани Исроил қавмини яктопарастликка даъват этиш йӯлига ҳидоят қилдик. Бу ҳидоят Мусодан кейин ҳам давом этиши учун Таврот китобини туширдик. Бу китобни ӯқигач, улар ғафлатдан уйғониб, ӯз вазифа ва масъулиятларини англаб олишади.

Самовий китоб ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма воситасидир. Аммо ақл-идроксиз, якрав ва мутаасиб кишилар ундан манфаат ололмайди. Барча инсонларга ақл-идрок неъмати берилган. Афсуски, айримларни ақли эмаc, балки орзу-ҳавас ва нафсоний истаклари бошқаради. Қуръоннинг таъбири билан айтганда кӯпчилик одамларнинг худоси нафсоний истакларидир. Бундай одамлар бошқа нарсалардан кӯра манфаат ва лаззатларни қӯлга киритиш пайидалар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Биз барча инсонлар, ҳатто пайғамбарлар ҳам Илоҳий ҳидоятга эҳтиёж сезамиз. Пайғамбарлар ҳидоятни бевосита қабул қилишади, бошқа одамлар эса пайғамбарлар воситасида ҳидоятга эришадилар.

Пайғамбарлар ӯзларидан қасрлар, боғ-роғлар ва мол-дунё мерос қолдиришмайди. Уларнинг энг муҳим мероси одамларни ҳидоят қилувчи самовий китобдир.

Инсон барча ҳолатларда эслатишга эҳтиёж сезади. Ҳидоят ҳам эслатиб турилмаса, вақт ӯтиши билан унутилиши мумкин.

Ақл инсонни ваҳийга бошлайди. Ақл ва ваҳий биргаликда кишини саодат ва камолот сари етаклайдилар.

 Энди  “Ғофир” муборак сураси   55-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَاصْبِرْ إِنَّ وَعْدَ اللَّـهِ حَقٌّ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنبِكَ وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ بِالْعَشِيِّ وَالْإِبْكَارِ ﴿٥٥﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун истиғфор айт. Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт. (Ояти каримада Пайғамбаримизга (с. а. в.) хитоб орқали мўмин бандага иймон йўлида зарур бўладиган зоди роҳила тақдим этилмоқда.) (55)

Бу ояти карима Расули акрам (с)га қарата айтилган бӯлсада, унинг кӯрсатмалари т барчага тегишли. Бу оятда бир неча муҳим нуктага ишора қилинган:

Биринчи: Аллоҳнинг олдинги пайғамбарларни қӯллаб-қувватлаганига гувоҳ бӯлдингиз. Шундай экан, сиз ҳам халойиқни ҳаққа даъват қилишда сабр ва чидам йӯлини танланг. Душманларнинг озор-азиятидан умидсизланманг. Барча жабҳаларда муваффақиятингизнинг калиди сабр ва чидамлиликдир. Ана шунда Аллоҳнинг ғолиб келишингиз ҳақидаги ваъдаси амалга ошажак.

Иккинчи: бу йӯлда камчиликларга йӯл қӯйган чоғи Аллоҳга тавба қилиб, дилингизнинг саҳифасини гуноҳнинг зангларидан покланг.

Маълумки, Аллоҳнинг пайғамбарлари айб ва гуноҳдан покдирлар. Гуноҳдан поклик рисолатнинг талабларидандир.

Қуръони карим оятларида пайғамбарларга нисбатан гуноҳ сӯзи ишлатилган жойда одамларга хос гуноҳ, яъни Аллоҳга итоатсизлик назарда тутилмаган. Бунда уларнинг айрим ӯринларда ӯз рисолатларини Аллоҳнинг шаънига ярашиқ бир тарзда бажаролмаганларидан пушаймонлик ҳисси кӯзда тутилган. Худди мезбон уйига даъват этган азиз меҳмонга қӯлидан келганча меҳрибонлик қилиб, кӯнгли тӯлмагач, кетар чоғи унинг эҳтироми даражасида меҳмондорчилик қилолмаганига узрхоҳлик қилгани каби.

Учинчиси: ҳар бир куннинг абтидо ва интиҳосида Аллоҳ таъолога ҳамд ва тасбиҳ айтиб, ӯз иймонингизни мустаҳкамлашингиз лозим.

Шубҳасиз, Аллоҳга ҳамд ва тасбиҳ айтиш инсоннинг қалб ва руҳини мунаввар айлаб, уни олий сифатлар билан безайди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Аллоҳнинг ваъдаларига иймон келтирган эканмиз, демак, диний бурчларимизни бажаришда устивор бӯлишимиз, қийинчиликлар бизни умидсизлантирмаслиги керак.

Барча инсонлар, жумладан пайғамбарлар ҳам истиғфор айтишга бурчлидирлар. Зеро, инсонларнинг қусур ва камчиликлари, пайғамбарларнинг эса имкониятлари ӯз вазифаларини Аллоҳнинг шаънига ярашиқ бир тарзда бажариш имкониятини бермайди.

Аллоҳга ҳар кеча-кундуз, мунтазам равишда ҳамд ва тасбиҳ айтишимиз лозим.

Аллоҳга  берган неъматлари учун шукрона айтиш ҳамда уни бандаларига зулм қилишдан пок ва муназзаҳ деб билишимиз учун ҳамд ва тасбиҳни биргаликда айтиш зарур.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   56-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّ الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّـهِ بِغَيْرِ سُلْطَانٍ أَتَاهُمْ ۙ إِن فِي صُدُورِهِمْ إِلَّا كِبْرٌ مَّا هُم بِبَالِغِيهِ ۚ فَاسْتَعِذْ بِاللَّـهِ ۖ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ ﴿٥٦﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжатсиз талашиб-тортишадиганларнинг дилларида кибрдан ўзга нарса йўқ. Улар унга етишгувчи эмаслар. Бас, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир. (56)

Бу ояти каримада динни инкор қилишнинг илдизларига ишора қилинган. Ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз Қуръон оятлари ва пайғамбар муъжизаларини инкор этадиган, бемаъни баҳс-мунозаралар билан бошқаларни диндан қайтарадиганлар кибр-ғурурга берилганлардир. 

Улар ӯзларини буюк, ӯзгаларни эса арзимас деб билардилар. Ӯзлари пайғамбарлар даъватини қабул қилмас, бошқаларни ҳам бу йӯлдан чалғитишга ҳаракат қилар. Илоҳий пайғамбарларнинг ӯзларидан юксакроқ мақом-мартабаларни эгаллашларига йӯл қӯйишмас эди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Кӯпгина кишиларнинг куфр ва инкор илдизлари Аллоҳ каломининг ҳақлигини тушуниб етмаслик эмас, балки уларнинг киб-ғурурига бориб тақалади.

Мутакаббирлар жамиятга ҳукмронлик қилиш пайидалар. Улар ӯз мақсадларига етолмайдилар. Бордию, зоҳирда мақсадга етсаларда,  зудлик билан расвои ради маърака бӯладилар. Барча ҳолатларда, айниқса,  душманларнинг турли ҳийла-найрангларидан Аллоҳдан паноҳ исташимиз лозим.