Январ 02, 2020 14:17 Asia/Tashkent

«Ғофир" муборак сураси  77-81-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ғофир” муборак сураси  77- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَاصْبِرْ إِنَّ وَعْدَ اللَّـهِ حَقٌّ ۚ فَإِمَّا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ الَّذِي نَعِدُهُمْ أَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَإِلَيْنَا يُرْجَعُونَ ﴿٧٧﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Энди Биз ёки сенга уларга ваъда қилган нарсаларимизнинг баъзиларини кўрсатамиз, ёки сени вафот эттирамиз. Бас, Бизгагина қайтарилурлар. (77)

Бу ояти каримада Аллоҳнинг расули ва ул ҳазратнинг издошларини мухолифларнинг озор-азиятларига сабр қилишга чақириб, буюрилади: мухолифларнинг тӯсиқ яратиши Аллоҳ йӯлида сусткашлик қилишингизга сабаб бӯлмасин. Аксинча, вақт ӯтиши билан улар устидан ғалабага эришиш учун тилда ва амалдаги мухолифати ошган сайин сизнинг Ҳақ йӯлидаги истиқомат ва пойдорлигингиз ортиб бориши керак.

Аллоҳнинг ваъдасига кӯра Ҳақ мункирлари шу дунёдаёқ азоб-уқубатларга гирифтор бӯлишади. Аммо Аллоҳнинг бу жазолари айнан бизнинг ҳаётлигимиз чоғида юз беради, деб кутмаслик керак. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ ва у албатта, биз бӯлсак-бӯлмасак амалга ошади. Аммо асосий жазо қиёматга хосдир.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Инсон динини ҳимоя қилиш йӯлидаги озор-азиятларга сабр-тоқат қилиши керак. Бу диндорликнинг белгиларидан бири.
  2. Гунаҳкорларни жазолашнинг кечиктилиши Аллоҳнинг ҳикматига боғлиқ. Ҳақ ваъдалари албатта, бажарилади, шак-шубҳага тушиш ярамайди.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   78-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِّن قَبْلِكَ مِنْهُم مَّن قَصَصْنَا عَلَيْكَ وَمِنْهُم مَّن لَّمْ نَقْصُصْ عَلَيْكَ ۗ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَن يَأْتِيَ بِآيَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّـهِ ۚ فَإِذَا جَاءَ أَمْرُ اللَّـهِ قُضِيَ بِالْحَقِّ وَخَسِرَ هُنَالِكَ الْمُبْطِلُونَ ﴿٧٨﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик. Ҳеч Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Бас, қачонки Аллоҳнинг амри келганида, ҳақ ила ҳукм чиқарилур ва ўшанда ботил иш қилиб юргувчилар зиён тортурлар. (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в.) ва у зотнинг умматларига ўтган Пайғамбарлардан йигирма тўрттасининг қиссасини айтган. Ўша қиссаларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқилди. Уларнинг ҳаммасида кофирлар томонидан Пайғамбарларга (алайҳимуссалом) ва мўминларга турли озорлар берилгани, азоб-уқубатлар ёғдирилгани ҳақида турли маълумотларга эга ҳам бўлинди. Яна Қуръони Каримда қанчадан-қанча қиссалари келмаган Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ўтган бўлиб, улар ҳам қийинчилик, озор ва машаққатларга дучор бўлганлар. Пайғамбарлар ўз ҳолларича одамларга мўъжиза кўрсатиб, уларни лол қолдиришга уринган эмас. Чунки бу уларнинг иши эмас. Уларнинг иши Аллоҳнинг таълимотларини халққа етказишдир. Мўъжиза кўрсатиш эса, Аллоҳга хос ишдир. У зот Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган Пайғамбарига мўъжизани ва уни кўрсатиш изнини беради. Бошқа вақтларда Пайғамбарлар мўъжиза кўрсатиш ҳақида ташвиш қилишлари керак эмас.) (78)

Расулуллоҳ (с)ни сабр-тоқатга даъват қилган олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада ул ҳазратга таскин бериш мақсадида буюрилади: Сиздан олдин келган кӯплаб пайғамбарлар ҳам худди шундай ҳолга учраган эдилар. Аммо қийинчиликларга қарамай, улар ӯз йӯлларини давом эттиришди. Албатта, улар юзма-юз келган қийинчиликларнинг кӯпларини сизга баён қилганмиз. Баён этмаганларимиз ҳам кӯп. Ҳақ ва ботил ӯртасидаги зиддият тарих давомида амал қилади. У фақат сизнинг замонингизга тааллуқли эмас.

Кибр-ғурурга берилган кишилар гуруҳи доимо Ҳақ сӯзга қаршилик қилиб, уни қабул қилмай келишади. Уларнинг айримлари бу билан ҳам қаноат қилмай, ҳақ тарафдорларини қийноққа солиб, уларни ӯлдиришгача боришади.

Ояти карималарнинг сӯнгида бу якрав ва ботилга кӯнгил қӯйган қавм қиёмат куни ҳақиқат асосида муҳокама қилиниши таъкидланади. У куни орқага қайтишга йӯл йӯқ. Золимларнинг нола-фиғони эса натижасиз қолажак. Ӯшанда ботил аҳли азиз умрларининг бебаҳо сармояларини ноҳақ йӯлда сарфлаб, Аллоҳнинг қаҳр-ғазабига учраганларини англаб етишади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръон ӯтган қавмлар ва пайғамбарларнинг саргузаштини мутолаа қилишни тавсия қилади. Муаммоларга дуч келганда умидсизланмаслик учун бу нарса жуда муҳим.
  2. Пайғамбарларнинг муъжизалари Аллоҳнинг иродасига боғлиқ, одамларнинг истагига эмас.
  3. Асосий зарар қиёматдаги зарардир, дунёдаги эмас.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   79-81-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

اللَّـهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَنْعَامَ لِتَرْكَبُوا مِنْهَا وَمِنْهَا تَأْكُلُونَ ﴿٧٩﴾ وَلَكُمْ فِيهَا مَنَافِعُ وَلِتَبْلُغُوا عَلَيْهَا حَاجَةً فِي صُدُورِكُمْ وَعَلَيْهَا وَعَلَى الْفُلْكِ تُحْمَلُونَ ﴿٨٠﴾ وَيُرِيكُمْ آيَاتِهِ فَأَيَّ آيَاتِ اللَّـهِ تُنكِرُونَ ﴿٨١﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ сизларга чорва ҳайвонларини, улардан баъзиларини минишингиз учун яратди. Улардан баъзиларини ерсизлар. (79) Сиз учун уларда манфаатлар бор. Ва улар устида дилларингиздаги ҳожатларга етишишингиз учундир. Уларда ва кемаларда ташилурсиз. (80) Ва У зот сизларга Ўз оят-белгиларини кўрсатур. Бас, Аллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?! (81)

Бу муборак сурада Аллоҳнинг неъматлари эслатилиб, инсон куфр ва ширкдан тавҳид ва яктопарастлик сари даъват қилинади. Бу ояти карималарда ҳайвонот неъмати ва инсоннинг улардан фойдаланишига ишора қилинади: Худо айрим ҳайвонларни сиз одамларнинг фойдаланишингиз учун яратган. Мисол учун Аллоҳ инсонга гӯштидан фойдаланиш учун сигир, қӯй ва туяни сӯйишга рухсат берган. Акс ҳолда инсон гуноҳсиз ҳайвонни сӯйишга ҳақли эмас эди.

Ҳайвонларнинг айримлари масалан от ва туя инсон учун улов вазифасини ҳам бажариб келган. Қизиғи шундаки, осмон ва ерда ҳаракатланувчи энг замонавий техникалар яратилган бугунги кунда ҳам қумлоқ саҳролар ва ӯтиши қийин бӯлган тоғ сӯқмоқларида ҳали ҳам от ва туя транспорт воситаси сифатида юкларни ташишда фойдаланилади.

Бу ҳайвонларнинг бошқа фойдалари ҳам бор. Масалан уларнинг жун, тери ва сутидан одамизод фарзандлари фойдаланадилар. Бу ҳайвонлар қуруқликда сафар қилиш учун одамларнинг оғирини енгил қилиб келган. Аммо ушбу ояти карималарда кемадан фойдаланиш ҳақида ҳам эслатилади. Яъни Аллоҳ таъоло қуруқлик ва сувда сиз учун уловлар яратиб мақсадга осонлик билан етишингизни таъминлаган.

Ояти карималарнинг сӯнгида буюрилади: Аллоҳ ҳамма жойда ӯз нишоналарини тасвир этган ва қаёққа қараманг Аллоҳнинг оятларини кӯрасиз.  Ажабо, шундай бир ҳолатда нега айрим кишилар инкор йӯлини тутишади. Гап шундаки, бундай кимсалар Аллоҳнинг неъматларини қадрлашмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ер ва ундаги ашёларнинг барчаси инсон учун яратилган ва Аллоҳ инсога уларни тасарруф қилиш ва фойдаланиш ижозатини бергандир.
  2. Айрим ҳайвонлар инсондан кӯра баққувват бӯлишига қарамай, Аллоҳ уларни одамизодга ром этган. Бу ҳам Худонинг инсонга нисбатан лутфу карами нишонасидир.
  3. Ношукурлик инсонга хос умумий хусусиятдир. Айрим гуруҳлар Аллоҳнинг неъматларидан фойдаланишади, аммо неъмат соҳибини инкор этишади. Унинг буйруқларини бажаришни исташмайди.