Январ 09, 2020 18:03 Asia/Tashkent

«Ғофир" муборак сураси  82-85-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ғофир” муборак сураси  82- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَفَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ ۚ كَانُوا أَكْثَرَ مِنْهُمْ وَأَشَدَّ قُوَّةً وَآثَارًا فِي الْأَرْضِ فَمَا أَغْنَىٰ عَنْهُم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ ﴿٨٢﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Улар булардан кўра қувватлироқ ва ер юзида асарлари кўпроқ бўлган эдилар. Бас, уларга касб қилган нарсалари асқотмади. (82)

   Одамизод фарзанди аҳли башар тарихи билан  икки усулда танишиши мумкин: биринчиси: оғиздан-оғизга кӯчиб, тарихнавислар томонидан китоб ҳолига келтирилган тарихий китоблар, иккинчиси: ер куррасининг турли бурчакларида қадимги тамаддунлардан қолган тарихий ёдгорликлар.

Қуръони каримнинг бу оятида зулмкорларга қарата буюрилади: Ишингизнинг оқибатини билмоқчи бӯлсангиз, ер юзида сайр қилинг ва зулмкорлар ишининг оқибати нима билан тугаганини мушоҳада этинг. Улкан қудратлар парчаланиб, қасрлари харобазорга айланди, уларнинг сонсиз бақувват лашкарлари хазон япроғи мисоли ерга тӯкилди.

Фиръавннинг қудрати уни ва лашкарини Нил дарёсида ғарқ бӯлишдан сақлаб қолдими?! Ӯтган қавмларнинг тоғ бағрини ӯйиб қурилган улкан ва мустаҳкам қасрлари, баланд ва устивор қалъалари уларни Аллоҳнинг иродасидан муҳофаза қила олдими?!

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръонда ӯтган қавмларнинг тарихини ӯқиб-ӯрганиш лозимлиги таъкидланган.
  2. Аллоҳнинг қудрати ва иродасини менсимай,  ӯзининг ривожланган қудрат ва имкониятига такаббурлик қилиш золимларни доимий равишда таъқиб қилиб келган улкан хавф-хатардир.
  3. Инсоният тамаддунлари инқирозининг сабабларидан бири уларнинг пайғамбарлар келтирган таълимотга қарши курашидир.
  4. Аҳли башарнинг қудрати, жамиятнинг кӯплиги ва юксак ривожланиш Аллоҳ  қаҳр-ғазаби  нозил бӯлишининг олдини ололмайди.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   83-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَلَمَّا جَاءَتْهُمْ رُسُلُهُم بِالْبَيِّنَاتِ فَرِحُوا بِمَا عِندَهُم مِّنَ الْعِلْمِ وَحَاقَ بِهِم مَّا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِئُونَ ﴿٨٣﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келганларида, улар ўзларидаги илм билан мақтандилар. Ва уларни ўзлари истеҳзо қилган нарса ўраб олди. (83)

Ӯтган оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади:  Улкан лашкарга эга бӯлган ӯтмишдаги ривожланган тамаддунларда “билимимиз Аллоҳнинг қаҳрини биздан қайтариш кучига эга” деган манманликка берилишганди. Шу сабабли Илоҳий пайғамбарлар келтирган самовий таълимотга қарши курашар, уларнинг яратилиш ва қиёмат ҳақидаги гапларини масхара қилишарди. Улар ӯз илмлари билан фахрланишар, аҳли башар эгаллаган илм билан исботлаб бӯлмайдиган диний эътиқодларни эса асоссиз хурофот деб аташарди.

Натижада Аллоҳ ирода қилган лаҳзада Илоҳий ғазаб уларнинг қудрат, тамаддун ва илм-маърифатларини нобуд қилди.

Дарҳақиқат, Қуръони карим нуқтаи назаридан инсоннинг барча бахтсизлик ва фалокатларининг сабаби унинг кибр-ғуруридир.

Айнан шу ҳолатни бугунги кунда ҳам кузатиш мумкин. Айрим ривожланган мамлакатларда илм-фан ривожидан ғурур ҳиссини туйган кишилар худосизлик таълимотини илгари суришмоқда. Табиатнинг айрим сирларини кашф қилиб, илм оламига дарча очган айрим олимлар қӯлга киритган муваффақиятларидан масту мағрур бӯлиб, диний қадриятларни инкор қила бошлашди. Улар илм-фан гуллаб-яшнаган замонда пайғамбарлар таълимотига ҳожат қолмайди, деган иддао билан ӯзларича анбиёларнинг дин ва таълимотини ҳаёт саҳнидан супуриб ташламоқчи бӯлишди.

Аммо аҳли башарнинг бу кибр-ҳавоси узоққа чӯзилмади. Унинг хаёлига ҳам келмаган бошқа омиллар юзага чиқди. Биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари инсониятнинг илмий ва саноат соҳасидаги ривожланишлари уни бахт-саодатли қилиш ӯрнига ҳалокат жарлиги ёқасига бошлаб борди.

Ахлоқий ва ижтимоий фисқ-фужур, нотинчликлар, қотилликллар, иложсиз касалликлар, руҳий осойишталикнинг йӯқлиги, бадбинлик ва тажовузларнинг ҳаддан ошиши фақатгина илмий ва саноат ривожланиши бугунги кунда аҳли башарни саодатли қилиш ӯрнига уни бахтсизлик чоҳига бошлаб бориши ҳам мумкинлигини кӯрсатди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Илоҳий муъжиза ва аниқ далилларга асосланган пайғамбарларнинг таълимотини ҳар бир ҳақпараст инсон қабул қилади.
  2. Аҳли башар ӯзининг бир чимдим илми билан кибр-ғурурга берилса, бу илмий кибр Ҳақни қабул қилишга тӯсқинлик қилади.
  3. Ӯз илмига мағрурланишнинг оқибати Илоҳий таълимотни таҳқирлашдир. Бу дардга чалинганлар Аллоҳнинг адоқсиз илмига қарши кураша оламиз, деб ӯйлашади.
  4. Аллоҳнинг таълимотига қарши жанг эълон қилган тамаддунлар ҳалокатга учраб, нест-нобуд бӯлишди.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   84-85-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَلَمَّا رَأَوْا بَأْسَنَا قَالُوا آمَنَّا بِاللَّـهِ وَحْدَهُ وَكَفَرْنَا بِمَا كُنَّا بِهِ مُشْرِكِينَ ﴿٨٤﴾ فَلَمْ يَكُ يَنفَعُهُمْ إِيمَانُهُمْ لَمَّا رَأَوْا بَأْسَنَا ۖ سُنَّتَ اللَّـهِ الَّتِي قَدْ خَلَتْ فِي عِبَادِهِ ۖ وَخَسِرَ هُنَالِكَ الْكَافِرُونَ ﴿٨٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки азобимизни кўрганларида: «Биз Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига иймон келтирдик ва Унга шерик қилган нарсаларимизга куфр келтирдик», дедилар. (84) Бизнинг азобимизни кўрганларидаги иймонлари уларга манфаат бера олмас эди. Аллоҳнинг бандаларига жорий бўлиб келган суннати шу. Ана ўшанда кофирлар зиён кўрдилар. (Аллоҳ таолонинг жорий этган суннати– қоидаси бўйича, азобни кўрганидан кейин қилинган тавба, келтирилган иймон қабул этилмас. Фурсатнинг борида иймон келтириб, амал қилиб қолиш керак.) (85)

“Ғофир” муборак сурасининг сӯнгги оятлари бӯлган бу ояти карималарда кибр-ғурурга берилиб, ҳақ сӯзни қабул қилмай, пайғамбарлар таълимотига қарши курашган кимсалар ишининг оқибати баён этилиб, буюрилади:  Илоҳий азобнинг нозил бӯлишини кӯриб, ӯзларининг ночор ва заифликларини ҳис қилган пайти ана шу манман кимсалар ӯз қилмишларидан пушаймон бӯлиб, таслим бӯлдилар. Улар куфр ва ширкдан қӯл тортиб, ягона Аллоҳга иймон келтирганликлари ва Унга шерик деб биладиган маъбудларидан воз кечганликларини эълон қилишди.

Аммо жон талвасасидаги бундай иймон қадр-қийматсиздир.

Мисол учун Қуръони каримда келтирилишича,  ғарқ бӯлиш лаҳзаси Фиръавн иймон келтирди, аммо иймони қабул қилинмади. Чунки бу иложсизликдан келтирилган иймон эди.

 Бир неча йӯл бошида турган, аммо Аллоҳ йӯлини ихтиёрий равишда қабул қилган кишининг иймони арзирлидир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Кибр-ғурурга берилган якрав кишилар Илоҳий қаҳр-ғазабни кӯргач,  иймон келтиришади. Аммо бу иймонлари уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди.
  2. Иймон ихтиёрий бӯлсагина, арзирлидир. Қӯрқув ва иложсизлик натижасида келтирилган иймоннинг ҳеч қандай қадр-қиймати йӯқ.
  3. Ҳаётдаги энг улкан йӯқотиш бу ботил йӯлда куфр ва ширк ҳолатида ӯлишдир.