октябр 03, 2016 10:10 Asia/Tashkent

Бугун душанба, ҳижрий -шамсий 1395 йил меҳр ойининг 12- чиси, ҳижрий-қамарий 1438 йил муҳаррам ойининг биринчиси, ва милодий ҳисоб билан 2016 йил октябр ойининг 3-чи кунидир.

Муҳаррамул ҳаром ойи ҳижрий-қамарий ҳисобда йилнинг биринчи ойи ҳисобланади. Ҳижрий қамарий тақвим ойнинг ҳаракатига асосланган бӯлиб, кӯпгина исломий мамлакатларда мазҳабий тақвим сифатида қӯлланилади. Бу тақвимдан руза, ҳаж, ҳайитлар, ҳаром ойларни белгилаш  каби исломий тадбирларни ӯтказишда фойдаланилади. Мусулмонларнинг иккинчи халифаси Умар ибн Хаттоб замонида ҳазрат  Али бин Абитолиб тавсияси билан ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг бошланиши ҳижрий-шамсий тақвим каби Аллоҳнинг расули (с)нинг  Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йиллари, яъни милодий 622 йилдан ҳисобланадиган бӯлди. Аммо ҳижрий тақвимнинг биринчи ойи арабларнинг қадимий одати бӯйича муҳаррам ойи қилиб белгиланди.

 

1431 йил бурун биъсатнинг еттинчи йили муҳаррам ойининг биринчи куни айрим исломий тарихчиларнинг фикрича қурайш қабиласи Расулуллоҳ (с) ҳамда асҳобларини иқтисодий жиҳатдан қамал қилиш учун шартнома боғлашди. Исломнинг кун сайин кенг  ёйилаётганидан таҳликага тушган қурайш мушриклари бу келишув асосида мусулмонлар билан барча алоқаларини узишга аҳд қилишди. Шундан сӯнг Аллоҳнинг расули барча асҳоблари билан уч йил давомида  Макка шаҳри яқинидаги "Шиъби Абитолиб" дарасида оғир шароитларда яшашга мажбур бӯлдилар.

Ана шу давр мобайнида Расули акрам (с)нинг завжаи мутаҳҳаралари Хадича онамиз ва амакилари Абутолиб вафот этишди. Турмуш қийинчиликларига қарамай, мусулмонлар ӯз иймонларини қӯлдан бермадилар.  Қурайш бошлиқлари қилган бу инсофсизликларидан пушаймон бӯлиб, шартномани бекор қилмоқчи бӯлганларида ҳайратдан ёқа ушлашди: шартномада Аллоҳ сӯзидан ӯзга барча ҳарфларни куя еб битирганди.

 

Бундан 26 йил муқаддам, 1990 йил октябр ойининг учинчи куни Шарқий ва Ғарбий Германиянинг бирлашуви расман эълон қилинди. Иккинчи жаҳон урушида Германия енгилгач, унинг Шарқий қисми СССР, Ғарбий қисми эса Ғарб мамлакатлари томонидан ишғол қилинган эди. 1949 йил Шарқий ва Ғарбий Германия ӯзларини турлича сиёсий ва иқтисодий низомга эга бӯлган алоҳида давлатлар сифатида эълон қилишди. 1961 йил  аҳолининг Шарқий Германиядан Ғарбий Германияга қочиб ӯтишининг олдини олиш мақсадида ССР ёрдамида  Берлин девори тикланган эди.