май 14, 2021 16:18 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл – 922

"Жосия" муборак сураси 33-37-ояти карималарининг  шарҳи.

Дастлаб " Жосия" муборак сураси 33-ояти каримаcининг  тиловатига қулоқ соламиз:

 وَبَدَا لَهُمْ سَيِّئَاتُ مَا عَمِلُوا وَحَاقَ بِهِم مَّا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِئُونَ ﴿٣٣﴾‏

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Ва уларга қилган амалларининг ёмонликлари ўзларига аён бўлди ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди. (Уларга куфр ва исёнлари учун бериладиган жазо аниқ кўринди ва ўзларича, охират азоби ҳам бўлармиди, деб истеҳзо қилиб юрган азоб уларни ўраб олди.) (33)

Ӯтган суҳбатимизда қиёматни инкор қилувчилар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада уларга жавобан буюрилади: Қиёмат куни уларга амаллари китоби берилади. Улар барча аъмоллари бу китобда ёзилганини кӯриб, ҳеч нарсани инкор қилолмасликларига амин бӯлишади. Уларнинг ёмон амаллари ошкор бӯлгач, дунёда масхара этадиган нарсалари бугун яқоларидан тутганини ва энди қочиб қутулолмасликларини англаб етишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёмат инсон амалларининг зуҳур этадиган ва унинг оқибатлари намоён бӯладиган кундир.
  2. Илоҳий ҳукмлар ва таълимотни масхара қилмаслик керак, акс ҳолда бир куни ёқамиздан тутиши муқаррар.

Энди "Жосия" муборак сураси 34-ояти каримасининг тиловатига қулоқ соламиз:

وَقِيلَ الْيَوْمَ نَنسَاكُمْ كَمَا نَسِيتُمْ لِقَاءَ يَوْمِكُمْ هَٰذَا وَمَأْوَاكُمُ النَّارُ وَمَا لَكُم مِّن نَّاصِرِينَ ﴿٣٤﴾‏

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

 «Бугунги кунда худди сиз ушбу кунингизга рўбарў бўлишни унутганингиздек, Биз ҳам сизни унутурмиз. Жойингиз жаҳаннамдир ва сизларга ҳеч ёрдамчилар йўқ. (34) 

Қуръон таълимотида табиий равишда унутиш, масалан намоз ӯқишни эсидан чиқариб қӯйиш каби, табиий ҳол сифатида қабул қилинади. Аммо Аллоҳнинг ҳукмларини унутиш қасддан қилинган бӯлса унга жазо берилади.

Айрим кишилар қиёматни инкор қилишади ва шу инкорларида оёқ тиаб олишади. Бошқа бир гуруҳ одамлар эса бу мавзуда қаттиқ кетмайдилар, аммо амалда қиёмат кунига умуман таважжуҳ билдирмайдилар. Ҳар икки гуруҳга ҳам  ақида ва амалларига қараб жазо берилади. Худо худди уларни унутиб қӯйгандек, ӯз раҳматидан бенасиб қолдиради. Меҳрибон Аллоҳнинг инсонга раҳм қилмай, уни ӯз ҳолига ташлаб қӯйишининг ӯзи ӯта дардли ва ачинарли ҳолатдир. Ояти кариманинг охирида бундай одамнинг жойи дӯзах ва унинг бирор-бир кӯмакдоши йӯқлигига ишора қилинади.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Эътиқод ва амалида қиёматни унутган кишига нисбатан қиёмат куни унутиб юборилган одам сифатида муносабат қилинади. Аллоҳ уни ӯз ҳолига ташлаб қӯяди.
  2. Қиёматга иймон келтиришнинг ӯзи етарли эмас. Мӯмин киши ҳар қандай ҳолатда қиёматни эсда сақлаши лозим.

Энди "Жосия" муборак сураси 35-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

ذَٰلِكُم بِأَنَّكُمُ اتَّخَذْتُمْ آيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا وَغَرَّتْكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا ۚ فَالْيَوْمَ لَا يُخْرَجُونَ مِنْهَا وَلَا هُمْ يُسْتَعْتَبُونَ ﴿٣٥﴾‏

   Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Бундай бўлишингиз, албатта, сизнинг Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олганингиз ва сизни дунё ҳаёти ғурурга кетказгани учундир», дейилди. Бас, бугунги кунда улар у(жаҳаннам)дан чиқарилмаслар ва улар итобга ҳам қайтарилмаслар. (Жаҳанам азобида қийналиб турган кофиру осийларга айтиладиган бу гаплар, улар учун жуда ҳам оғир маънавий азоб бўлади. Яъни, сиз ёруғ дунёда қиёмат кунига рўбарў бўлишни қандай унутган бўлсангиз, биз ҳам сизни шундай унутамиз. Яъни, сизга раҳм қилишни унутамиз.) (35) 

Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти каримада дӯзахий бӯлишнинг сабаби икки нарсада деб уқтирилади: биринчиси дунёга алданиш, икинчиси Аллоҳнинг оятларини масхаралаш. Дарҳақиқат, дунёга ҳаддан ортиқ кӯп кӯнгил қӯйган инсон охират куни ва ундаги сарҳисобни инкор қила бошлайди ва хотиржамлик билан роҳат-фароғат ва дунё лаззатларига шӯнғиб кетади.

Бундай кишилар қиёмат маҳкамасини эслатувчиларни масхаралаб, дейишади: У дунёдан биров хабар келтирдими? Қайси жаннат? Қайси дӯзах? Буларнинг бари пуч ваъдалар, холос. Нақд турганда насяни нима қиласан?

Маълумки, бундай одамлар тавба қилмай, дунёдан ӯтишса, қиёматда дӯзах оловига гирифтор бӯлишади.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Одамнинг оқибати хайрли бӯлмаслигининг илдизи унинг дунё бойликлари, қудрати ва лаззатларига алданиб қолишидир.
  2. Қиёматда ҳеч ким “Мен билмасдим” дея баҳона келтирмаслиги учун ӯз динини ҳаммага етказган.

Энди "Жосия" муборак сураси 36-37-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَلِلَّهِ الْحَمْدُ رَبِّ السَّمَاوَاتِ وَرَبِّ الْأَرْضِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿٣٦﴾‏ وَلَهُ الْكِبْرِيَاءُ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ ﴿٣٧﴾‏

   Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, барча ҳамд осмонларнинг Роббига, ернинг Роббига ва оламларнинг Роббигадир. (36) Осмонлару ердаги улуғлик Уникидир. У зот азизу ҳакимдир. (37)

 “Жосия” муборак сурасининг охирги оятлари бӯлган бу ояти карималарда Аллоҳнинг борлиқ оламдаги мавқеига ишора қилиниб, буюрилади: Жуда азаматли бу борлиқда унчалик катта бӯлмаган ер курраси ва ерликларнинг ишлари Аллоҳ томонидан бошқарилгани каби улкан осмонлар ва бепоён галактикалардаги ишларни тадбир қилиш Аллоҳнинг илкидадир.

У ӯзининг чексиз қудрати ҳамда илм ва ҳикмати асосида борлиқни бошқариб туради. Шу сабабли биз инсонларнинг вазифамиз Аллоҳни ва Унинг борлиқдаги мавқеъини тӯғри англаб етишдир, табиийки бу маърифат Аллоҳга ҳамд ва сано айтишга бошлаб келади. Зеро, барча хайру баракот Аллоҳнинг пок зотидандир ва барча ҳамду санолар Унга қайтади.

Сӯнгги оятда осмонлар ва ерда Аллоҳнинг азамати ошкора бӯлиб, осмонлар ва замин узра буюклик фақат Унгагина тегишли эканлиги уқтирилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Бутун борлиқ ягона Аллоҳ томонидан бошқарилади.
  2. Илм ва ҳикмат соясидаги иззат ва қудрат эзгуликлар яратади.
  3. Аллоҳни англаб етиш Унга холис ибодат қилишнинг асосидир. Фақат Аллоҳгина улуғлик, ҳамд ва сано айтишга лойиқ.

Шу билан “Жосия” сурасининг шарҳи ниҳоясига етди, иншаАллоҳ янаги суҳбатимизда “Аҳқоф” муборак сурасининг осон ва равон шарҳига киришамиз. Ҳозирча хайр. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг паноҳида бӯлинг.