Нур томон йўл -- 928
Aҳқоф муборак сураси 24-28- ояти карималарининг шарҳи
Дастлаб, муборак Aҳқоф сурасининг 24-25- ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:
«فَلَمَّا رَأَوْهُ عَارِضًا مُّسْتَقْبِلَ أَوْدِیَتِهِمْ قَالُوا هَـذَا عَارِضٌ مُّمْطِرُنَا بَلْ هُوَ مَا اسْتَعْجَلْتُم بِهِ رِیحٌ فِیهَا عَذَابٌ أَلِیمٌ»، «تُدَمِّرُ کُلَّ شَیْءٍ بِأَمْرِ رَبِّهَا فَأَصْبَحُوا لَا یُرَى إِلَّا مَسَاکِنُهُمْ کَذَلِکَ نَجْزِی الْقَوْمَ الْمُجْرِمِینَ»
Ушбу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
У(азоб)нинг водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи, бизга ёмғир ёғдирур, дедилар. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир. (24) У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолаймиз. (Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди.) (25)
Олдинги дастурда айтганимиздек Од қавми ўзларининг пайғамбарлари Ҳазрати Ҳуднинг даъватига жавобан ўжарлик ва саркашлик билан дедилар: Биз ўз йўлимиздан воз кечмаймиз . Aгар ростгўй бўлсангиз, ваъда қилган азобни туширинг. Қавмга ҳужжат тамом қилинганидан сўнг ва улар ўзлари азобнинг тушишини талаб қилишгач, Аллоҳ булут келтирган кучли шамолни юборди. Од қавми уфқдаги қора булутларни кўриб, хурсанд бўлишди ва баракали ёмғир яқинда келади деб ўйлашди. Aммо нафақат ёмғир ёғмади, балки совуқ, жазирама ва ҳалокатли бўрон кўтарилиб, гуноҳкор одамларни йўқ қилди ва уйларидан бошқа ҳеч нарса қолдирмади.
ал-Ҳаққа сурасининг 7-оятига кўра, бу жуда қаттиқ ва шиддатли бўрон етти кеча ва саккиз кун кетма-кет давом этиб, Од қавмини исканжага олди , уларнинг ҳеч бири омон қолмагунча давом этди.
Бу, аслида, барча ўжар ва исёнкор осийлар, гуноҳкорлар ва кофирларга огоҳлантиришдирки, агар улар ҳам шу йўлни тутсалар, ушбу қавмнинг қисматига дучор бўлишади.
Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Ҳақ ва ҳақиқатга ўжарлик ва қайсарлик билан қарши туриш қаттиқ жазога олиб келади. Ўтмишдаги қавмлар тарихи келажак авлод учун бундай ўрнак қолдирди.
2. Табиат ҳодисалари Аллоҳнинг изни остида. Булутлар, шамол ва бошқа табиий ҳодисалар ҳам Аллоҳнинг инояти ва раҳм-шафқатининг белгиси, ҳам ғазабининг белгиси бўлиши мумкин. Баъзида шамол булутлар ва ёмғирларнинг ҳаракатини келтириб чиқаради, баъзан эса бу йўқ қилиш воситасидир.
3. Дунёда осийларнинг ҳалокати - бу илоҳий урф-одат, ўтган ҳукмдорлар ва қавмлардан қолган излар эса буюк ибрат дарсидир.
Энди муборак Aҳқоф сурасининг 26-ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:
«وَلَقَدْ مَکَّنَّاهُمْ فِیمَا إِن مَّکَّنَّاکُمْ فِیهِ وَجَعَلْنَا لَهُمْ سَمْعًا وَأَبْصَارًا وَأَفْئِدَةً فَمَا أَغْنَى عَنْهُمْ سَمْعُهُمْ وَلَا أَبْصَارُهُمْ وَلَا أَفْئِدَتُهُم مِّن شَیْءٍ إِذْ کَانُوا یَجْحَدُونَ بِآیَاتِ اللَّـهِ وَحَاقَ بِهِم مَّا کَانُوا بِهِ یَسْتَهْزِئُونَ»
Ушбу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик. Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик. Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар. Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди. (26)
Од қавми Aрабистон ярим оролидаги Макка яқинида яшаган ва уйларининг қолдиқлари сақланиб қолган. Шунинг учун Қуръонда Ислом пайғамбари (сав)нинг даъватига қарши қайсарлик қилган Макка мушрикларига шундай дейилган: Од қавми жисмонан ва моддий жиҳатдан сизлардан кучлироқ эди, аммо бу куч ва бойлик илоҳий жазо тушурилганда уларга фойда бермади ва жазодан қутулиб қола олмадилар.
Фақатгина ҳақни билиш ва уни қабул қилиш уларни қутқариши мумкин эди. Улар, бошқа одамлар каби, кўзлари, қулоқлари ва ақл-идрокка эга эдилар, лекин ҳақни билиш учун улардан фойдаланмадилар. Улар ҳақ ва ҳақиқатдан кўзлари ва қулоқларини юмиб олиб, кучлари, бойликлари ва имкониятлари билан Aллоҳга қарши туришимиз мумкин деб ўйлашди. Шунинг учун улар ўзларининг пайғамбари Ҳуднинг илоҳий жазонинг келиши ҳақидаги огоҳлантиришини масхара қилдилар ва бунга аҳамият бермадилар.
Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Куч ва бойликка эга бўлиш инсоннинг қутқарувчиси бўла олмайди, лекин ҳақни англаш ва унга эргашиш учун кўз, қулоқ ва ақлдан тўғри фойдаланиш инсониятнинг нажоти ва саодатига сабаб бўлади.
2. Ҳақ ва ҳақиқатни инкор қилиш одамни ҳалокатга етаклайди ва унинг сармояси ва моддий имкониятларини йўқ бўлишга олиб келади.
3. Илоҳий ояти карималар ва пайғамбарларнинг огоҳлантиришларини масхара қилиш дунёдаги илоҳий ғазабнинг сабабларидан биридир.
Энди муборак Aҳқоф сураси 27- 28- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
«وَلَقَدْ أَهْلَکْنَا مَا حَوْلَکُم مِّنَ الْقُرَى وَصَرَّفْنَا الْآیَاتِ لَعَلَّهُمْ یَرْجِعُونَ»، «فَلَوْلَا نَصَرَهُمُ الَّذِینَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّـهِ قُرْبَانًا آلِهَةً بَلْ ضَلُّوا عَنْهُمْ وَذَلِکَ إِفْکُهُمْ وَمَا کَانُوا یَفْتَرُونَ»
Ушбу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ҳақиқатда, атрофингиздаги шаҳар-қишлоқларни ҳалокатга учратдик ва шоядки, ўзларига қайтсалар, деб ҳужжат-далилларни баён қилдик. (Аллоҳ таоло Макка мушрикларига ўзлари хабардор бўлган, уларнинг атрофида куфри ва инкори туфайли ҳалокатга учраган Од, Самуд, Сабаъ ва Лут қавмларини эслатмоқда.) (27) Қани энди, Аллоҳни қўйиб, (У зотга) яқинлаштирувчи деб тутинган худолари уларга ёрдам берсалар эди. Йўқ! Улар ғойиб бўлдилар ва бу уларнинг уйдирма ҳамда тўқиган бўҳтонларидир. (Аввалги оятларни ўрганиш жараёнида тушунганимиздек, мушриклар буту санамларга, булар бизни катта худога яқирлаштирадилар, шафоат қиладилар, деб эътиқод қилар эдилар.) (28)
Од қавмининг йўқ қилинишини тасвирлайдиган аввалги оятдан сўнг, ушбу оятда шундай марҳамат қилинади: Нафақат Од қавми, балки Маккада сизнинг атрофингизда яшаган бошқа қавмларни ҳам, улар ҳақ ва ҳақиқатга қарши турганларида, биз уларни ҳам ҳалок этдик. Aрабистон шимолида Самуд қавми, унинг жанубидаги Сабаъ қавми шулар жумласидандир.
Ушбу қабилаларнинг ҳар бири учун ўзларининг тушунчаларига мувофиқ тарзда, уларга ҳужжат бўлиши ва улар ширк ва куфрга эргашишга баҳона топа олмасликлари учун оятларимиз ва белгиларимизни нозил қилдик. Aммо улар сохта худоларга ва бутларга мурожаат қилишди ва улар нажот ва бахт манбаи бўлишларини ўйлашди. Жазо келган пайтда сохта худоларнинг ҳеч бири уларга ёрдам беролмади ва улар ҳатто ўзларини илоҳий жазодан ҳимоя қила олмадилар, шунинг учун улар ҳалок бўлдилар ва улардан ҳеч қандай из қолмади.
Ушбу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Қуръони каримнинг таълим услубларидан бири бу одамларни ўтмиш тарихини ўрганишга ва ундан сабоқ олишга даъват қилишдир.
2. Aллоҳ таъоло инсоннинг ҳидоятга эришиши ва илоҳий фитратга қайтиши учун етарлича шароит ҳозирлаб қўйган. Муҳими, инсоннинг ботил йўлдан қайтиш истагидир.
3. Бидъат, хурофот ва хаёлий фикрлар одамларга ҳеч қандай хусусият ва таъсирга эга бўлмаган нарсаларни ўзларининг Aллоҳга яқинликлари манбаи деб ҳисоблашларига сабаб бўлади.