апрел 21, 2022 22:28 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (940)

Фатҳ муборак сураси 5-9 - ояти карималарининг шарҳи

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал Фатҳ сурасининг 5-ояти каримасининг қироатига қулоқ тутамиз:

«لِیُدْخِلَ الْمُؤْمِنِینَ وَ الْمُؤْمِناتِ جَنَّاتٍ تَجْرِی مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهارُ خالِدِینَ فِیها وَ یُکَفِّرَ عَنْهُمْ سَیِّئاتِهِمْ وَ کانَ ذلِکَ عِنْدَ اللَّهِ فَوْزاً عَظِیماً» 

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Мўминлар ва мўминаларни тагларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга мангу киритиш учун ва уларнинг гуноҳлари ювиш учун. Ва бу Аллоҳнинг ҳузурида катта ютуқдир.

Олдинги дастурда Ислом пайғамбари билан Макка мушриклари ўртасида имзоланган Ҳудайбия сулҳ шартномаси ҳақида сўз юритилиб, Аллоҳ таоло буни мусулмонларнинг келажакдаги ғалабаси учун хушхабар сифатида таништиргани, хавотир ва хафа бўлганларга тасалли бергани айтилди.

Ушбу ояти каримада шундай дейилади: “Расулуллоҳга (с.а.в.) ҳар доим йўлдош бўлган ва ҳар қандай ҳолатда у зотга итоат этувчи бўлган кишиларга дунёдаги ҳаловатдан ташқари, Аллоҳ уларга охиратни кафолатлагандир. Мангу жаннатга жойлашишлари ва чексиз илоҳий неъматлардан баҳраманд бўлишлари учун хатоларини кечиради.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аёллар уруш ва жиҳод каби баъзи оғир соҳаларда бевосита иштирок этмасалар ҳам, агар улар жангчи эрлари ва болалари билан дўст ва ҳамфикр бўлиб, жабҳада ва жиҳодда бўлишларидан мамнун бўлсалар, уларнинг ажрларига шерик бўлишади.

2. Иймон мўминларда хато ёки тойилиш йўқ дегани эмас. Лекин мўминларнинг яхши амаллари Аллоҳ таолонинг уларнинг сирғайишига эътибор бермаслигига ва уларни ўзининг раҳмати ва мағфиратига олишига сабаб бўлади.

3. Буюк ва ҳақиқий бахт ва нажот шундаки, инсон бу дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли бўлиши керак, акс ҳолда бу дунёда кўп кофирлар моддий неъматлардан баҳраманд бўлишади.

Энди муборак фатҳ сурасининг 6 ва 7-оят карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«وَ یُعَذِّبَ الْمُنافِقِینَ وَ الْمُنافِقاتِ وَ الْمُشْرِکِینَ وَ الْمُشْرِکاتِ الظَّانِّینَ بِاللَّهِ ظَنَّ السَّوْءِ عَلَیْهِمْ دائِرَةُ السَّوْءِ وَ غَضِبَ اللَّهُ عَلَیْهِمْ وَ لَعَنَهُمْ وَ أَعَدَّ لَهُمْ جَهَنَّمَ وَ ساءَتْ مَصِیراً»، «وَ لِلَّهِ جُنُودُ السَّماواتِ وَ الْأَرْضِ وَ کانَ اللَّهُ عَزِیزاً حَکِیماً»  

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқалар, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун. Уларни ёмонлик ўраб олсин. Уларга Аллоҳ ғазаб қилди, уларни лаънатлади ва уларга жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Ва нақадар ёмон жой у! Осмонлару ернинг лашкарлари Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ иззатли ва ҳикматли зотдир.

Ислом пайғамбари ва мусулмонлар Мадинадан Маккага жўнаб кетишганида, Аллоҳ ёрдам беришига шубҳа билан қараган мунофиқлар: “Мусулмонлар Мадинага соғ қайтмайдилар ва мушриклар томонидан асирга олинадилар ёки ўлдириладилар”, дедилар. Макка мушриклари ҳам мусулмонлар билан тўқнаш келиш ниятида эдилар, бироқ бу хавф Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёрдамлари ва мушриклар билан тинчлик шартномаси имзоланиши билан бартараф этилди.

Бу ояти карималарда шундай дейилади: Мусулмонларнинг тақдирини башорат қилган Мадиналик мунофиқлар ва Макка мушрикларининг ўзлари ҳам ёмон қисматга дучор бўлиб, дунё ва охиратда илоҳий ғазаб ва азобга дучор бўладилар.

Илоҳий қудрат ва ҳикматга таваккал қилиб, майдонга қадам қўйганлар илоҳий иноят ва ғамхўрликка эришадилар ва охир-оқибат ғалабага эришадилар. Аммо қўрқувдан уйда ўтириб, ўз душманларининг даҳшатидан ўзгаларни чўчитиб, одамларнинг иймонини сусайтирганларнинг охир-оқибат ёмон тақдири бўлади. Дарҳақиқат, бундай кишилар дунёси ва охиратини бузади.

Қизиғи шундаки, бу оятларда мўмина аёллар мўмин эркаклар билан / мушрик ва мунофиқ аёллар эса ўз эркаклари билан бирга туриб, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ишлардаги муҳим ўрни ва эркакларга таъсирини эслатиб турадилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Илоҳий ваъдаларга гумон қилиш мунофиқ ва мушрикларга хос хусусиятдир, бу ваъдаларнинг амалга ошишига ишонган ҳақиқий мўминларга эмас.

2. Мунофиқлар ва мушриклар бир хил фикрда бўлиб, ёмонлик ва эгриликда биргадирлар. Шунинг учун бу оятларда мунофиқларнинг тақдири мушриклар билан бирга тилга олинади; Ҳолбуки, мунофиқлар мўминлар орасида яшайдилар ва ташқи кўринишда мусулмон саналадилар.

3. Аёллар ахлоқий фазилатлар ёки иллатларга эга бўлишда эркаклар томонида бўлиб, улар каби ўз тақдири ва жамиятига таъсир қилади.

4. Оламнинг барча нарса ва ҳодисалари Аллоҳ таолонинг режаси ва амри остидадир ва ким Аллоҳ таолога қарши турса, унинг мағлубиятдан бошқа охири йўқ.

Якунда муборак Фатҳ сурасининг 8 ва 9-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«إِنَّا أَرْسَلْناکَ شاهِداً وَ مُبَشِّراً وَ نَذِیراً»، «لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَ رَسُولِهِ وَ تُعَزِّرُوهُ وَ تُوَقِّرُوهُ وَ تُسَبِّحُوهُ بُکْرَةً وَ أَصِیلا»

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз, у(дин)ни қўллаб қувватлашингиз, улуғлашингиз ҳамда У зотга эрта-ю кеч тасбиҳ айтишингиз учундир.

Олдинги оятларни давом эттириб, бу мисраларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг одамлар орасидаги мавқеини таъкидлаб, шундай дейилади: У жамиятда бўлаётган воқеаларнинг гувоҳи ва кузатувчисидир ва ундан ҳеч нарса яширин қолмас, агарчи баъзи нарсаларни била туриб ошкор қилмайди.

У кишиларни яхшиликка ва ёмонликдан сақланишга чорлайди, амалга ошажак яхшиликлардан башорат беради ва ёмонликлардан огоҳлантиради.

Шундай қилиб, мўминлар унинг сўзини қабул қилишлари кутилади. Шунингдек, Улар амалда унга дўст ва ҳамроҳ бўлиб, унинг буюк жамиятдаги ўрнини ҳисобга олишлари керак, токи ички мунофиқлар ва ташқи душманлар унга зарар етказишга журъат етмасинлар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Одамларга йўл-йўриқ ва таълим бериш учун хушхабар ва огоҳлантириш ўртасида мувозанатни сақлаш керак, шунда тингловчилар мағрур ёки ҳафсаласи пир бўлмайди.

2. Жамиятда дин тарғиботига масъул бўлганлар ўзга кишиларга хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатларида намуна бўлишлари лозим, ўзлари эса жамиятда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлишлари керак.

3. Аллоҳга иймон келтириш диннинг муқаддаслигини ва Аллоҳнинг пайғамбарини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни талаб қилади. Ўша зотни қадрлаш, унинг жамиятдаги ўрни улуғ бўлиши керак.

4. Мўмин киши ижтимоий фаолият ва ҳаракат майдонида ҳозир бўлишдан ташқари, ҳар куни эрталаб ва кечқурун, намозда ва ҳоказоларда Аллоҳни зикр қилади ва шу тариқа Аллоҳ билан муносабатларини мустаҳкамлайди.

Ушбу дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.