апрел 28, 2022 22:57 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (941)

Фатҳ муборак сураси 10-13 - ояти карималарининг шарҳи

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал муборак Фатҳ сурасининг 10-ояти каримасининг қироатига қулоқ тутамиз:

«إِنَّ الَّذِینَ یُبایِعُونَکَ إِنَّما یُبایِعُونَ اللَّهَ یَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَیْدِیهِمْ فَمَنْ نَکَثَ فَإِنَّما یَنْکُثُ عَلى‏ نَفْسِهِ وَ مَنْ أَوْفى‏ بِما عاهَدَ عَلَیْهُ اللَّهَ فَسَیُؤْتِیهِ أَجْراً عَظِیماً»        

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (аҳдни) бузса, ўзига қарши бузади, холос. Ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур.

Аввалги кўрсатувларда Ислом пайғамбари билан Макка мушриклари ўртасидаги Ҳудайбия сулҳи ҳақида сўз юритилган эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ўрнатилишидан аввал бир саҳобасини мушриклар ҳузурига юбориб, мусулмонлар Маккага Аллоҳнинг Байтуллоҳини зиёрат қилиш учун борганликларини ва улар жанг қилиш ниятида эмасликларини билдиришди. Мушриклар Пайғамбарнинг саҳобаларини вақтинча ҳибсга олишди. Бу мусулмонлар орасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг вакили ўлдирилгани ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларини йиғиб, агар бу хабар рост бўлса, Мадинага қайтиш ўрнига мушрикларга қарши жанг қилишлари ҳақида улар билан аҳд қилдилар.

Бу байъат хабари мушрикларга етиб боргач, Пайғамбар алайҳиссаломнинг вакилини қўйиб юбордилар ва мусулмонлар билан жанг қилиш ўрнига улар билан сулҳ тузишга рози бўлдилар. Демак, мусулмонларнинг Пайғамбарга байъат қилиш масаласи Ислом тарихида муҳим ўрин тутади ва Қуръони каримнинг бошқа оятларида ҳам бу аҳд туфайли Аллоҳ таоло мусулмонлардан розилигини эълон қилган.

Бу ояти каримада яна шундай дейилади: Пайғамбарга байъат қилиш Аллоҳга байъатдир ва байъат пайтида икки томон қўл тутганида, пайғамбарга байъат қилганлар қўлларини , ким ҳамма нарсадан устун Аллоҳнинг қўлига қўйгандек бўладилар.

Ўз динига ёрдам бериш учун Аллоҳ билан аҳд қилган кишидан аҳдни бузиш кутилмаслиги аниқ. Албатта, қилса, иймонига путур етказган бўлади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳга иймон келтириш учун унинг динининг ёрдами ва душманларнинг фитна ва ҳийлаларига қарши диний раҳнамоларга содиқлик керак.

2. Аллоҳнинг раҳмати қўли Аллоҳнинг динига мададкор бўлган ва шу йўлда тургувчи кишиларгадир.

3. Аҳдга риоя қилиш диндорлик белгисидир ва аҳдни бузиш аслида ўз-ўзига хиёнатдир.

Энди муборак Фатҳ сурасининг 11-ояти каримасининг қироатига қулоқ тутамиз:

«سَیَقُولُ لَکَ الْمُخَلَّفُونَ مِنَ الْأَعْرابِ شَغَلَتْنا أَمْوالُنا وَ أَهْلُونا فَاسْتَغْفِرْ لَنا یَقُولُونَ بِأَلْسِنَتِهِمْ ما لَیْسَ فِی قُلُوبِهِمْ قُلْ فَمَنْ یَمْلِکُ لَکُمْ مِنَ اللَّهِ شَیْئاً إِنْ أَرادَ بِکُمْ ضَرًّا أَوْ أَرادَ بِکُمْ نَفْعاً بَلْ کانَ اللَّهُ بِما تَعْمَلُونَ خَبِیرا»        

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Ортда қолган аъробийлар сенга, молимиз ва аҳлимиз бизни машғул қилди, бизга истиғфор айт, дерлар. Улар қалбларида йўқ нарсани тиллари ила айтарлар. Сен: «Агар Аллоҳ сизга зарарни ирода қилса ёки сизга манфаатни ирода қилса, ким сизларни Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсадан (тўсишга) молик бўладир? Балки Аллоҳ қилган амалларингиздан хабардордир», деб айт.

Мусулмонлар Мадинадан Маккага жўнаб кетишиётган пайтда, Ислом пайғамбари Мадина атрофидаги қабилаларда яшовчи мусулмонларни уларга қўшилишга буюрдилар; Бироқ улардан баъзилари Макка мушриклари билан тўқнаш келишдан қўрқиб, Пайғамбаримиз билан бирга боришдан бош тортдилар.

Мусулмонлар Мадинага қайтганларида, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳамроҳ бўлмаганлар ўз гуноҳларини оқлаш учун Пайғамбарнинг хизматига келишди ва ҳаёт ташвишларини баҳона қилишди. Лекин Қуръон оятли карималари нозил бўлиб, уларнинг айтганлари қалбларида бор нарсадан фарқи борлигини билдириб,  уларни уялтирди.

Оятнинг давоми жиҳоддан қочиш ҳаётнинг омон қолишини кафолатламаслиги ҳақидаги муҳим фикрга урғу беради. Қанчадан-қанча жангга бориб, соғ-омон қайтганлар мавжуд, уйда қолиб, жонини йўқотаётганлар қанча.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Ижтимоий вазифаларнинг бузилишининг самарали омилларидан бири халқнинг диний заифлиги, маданиятининг пастлигидир. Шундай экан, истиқболли раҳбарлар ўзларининг муҳим қарорларида буни ҳисобга олишлари керак.

2. Дунёга ҳаддан ташқари боғлиқлик ва тобелик баъзи кишиларни жангда қатнашишдан, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан тўсади.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг золимлар учун қилган дуоси ва шафоатлари Аллоҳ томонидан қабул қилинади.

4. Зарар кўрсак ҳам Аллоҳнинг динини ва диний пешволарни ҳимоя қилиш зарур ва фарздир.

Энди муборак Фатҳ сурасининг 12 ва 13-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«بَلْ ظَنَنْتُمْ أَنْ لَنْ یَنْقَلِبَ الرَّسُولُ وَ الْمُؤْمِنُونَ إِلى‏ أَهْلِیهِمْ أَبَداً وَ زُیِّنَ ذلِکَ فِی قُلُوبِکُمْ وَ ظَنَنْتُمْ ظَنَّ السَّوْءِ وَ کُنْتُمْ قَوْماً بُورا»، «وَ مَنْ لَمْ یُؤْمِنْ بِاللَّهِ وَ رَسُولِهِ فَإِنَّا أَعْتَدْنا لِلْکافِرِینَ سَعِیراً» 

    Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Балки сизлар Расул ва мўминлар абадий ўз аҳлларига қайтиб келмаслар, деб гумон қилдингиз ва бу нарса қалбингизда зийнатланди, ёмон гумон қилдингиз ва ёмон қавм бўлдингиз. Ва ким Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирмаса, албатта, Биз кофирларга дўзахни тайёрлаганмиз.

Бу оятлар аввалги оятларни давом эттириб, баъзи кишиларнинг Пайғамбар ва мусулмонларга ҳармроҳлик қилишдан бош тортганликлари илдизига ишора қилиб, шундай дейилади: “бош тортишларининг асл сабаби молиявий ва оилавий ҳаётда бандликлари эмас, балки нотўғри тушунча эди. Уларда илоҳий ваъдаларга шубҳа пайдо бўлган. Мусулмонлар бу сафардан эсон-омон қайтмайдилар, деб ўйлаб, уларга ҳамроҳлик қилмадилар. Улар Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини бу сафарда ташлаб, уни душманлар қўлига топширади, деб ўйлашган, шунинг учун уларнинг ўз ҳаётларини хавф остига қўйишларига ҳеч қандай сабаб йўқдек эди. Бу нотўғри тушунча уларни Пайғамбар алайҳис-саломга ҳамроҳлик қилишдан ва у зотга байъат янгилашдан маҳрум қилиб, мусибатларга сабаб бўлди. Чунки бу иймоннинг заифлиги ва балки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофирлик белгиси бўлиб, аҳдни бузганларни қаттиқ жазога олиб келади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳ ва илоҳий раҳнамоларнинг амрларига қарши фақат дунё ҳисоби билан қарор қилмай, Аллоҳга таваккал қилиб иш тутайлик ва ҳеч нарсадан қўрқмайлик.

2. Аллоҳга ва Унинг ваъдаларига гумон қилиш у ёқда турсин, Аллоҳ таолонинг бандаларидан гумон қилиш ҳам катта гуноҳдир.

3. Баъзида шубҳалар ва ғайритабиий фикрлар инсонга шунчалик таъсир қиладики, улар уни Аллоҳ таолога итоацизликка олиб боради.

4. Оилага ҳаддан ташқари қарамлик диний вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилмаслиги керак, чунки бу ҳолда у бахцизлик ва инсоннинг ҳалокатига олиб келади.

Ушбу дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

     

     

Ёрлиқ