июн 10, 2022 06:15 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (947)

Ҳужурот муборак сураси 6-9 - ояти карималарининг шарҳи

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал  муборак Ҳужурот сурасининг 6-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:

«یا أَیُّهَا الَّذِینَ آمَنُوا إِنْ جاءَکُمْ فاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَیَّنُوا أَنْ تُصِیبُوا قَوْماً بِجَهالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلى‏ ما فَعَلْتُمْ نادِمِین»

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.

Биз бошқалардан эшитадиган янгиликлар икки хил: баъзи янгиликлар бизнинг ишимиз ва ҳаётимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва жамиятда ва атрофимиздаги муҳитда содир бўлаётган нарсаларни акс эттиради. Лекин баъзи янгиликлар ишимиз ва ҳаётимиз билан боғлиқ. Уларга асосланиб, биз нима қилишни ёки қандай муносабатда бўлишни ҳал қиламиз!

Бу ояти карима иккинчи тур ҳақида бўлиб, шундай дейилади: Бундай ҳолларда бирор қарор ёки ҳаракат қилишдан олдин хабарни айтаётган одам ростми ёки ёлғончими, ёки у берган янгилик шахсий ғаразларга асосланадими ёки ташқарида рўй берган воқеа ҳақида ҳикоя қиладими? текшириб кўринг.

Эшитган янгиликларга эътибор бермасак, ундан келиб чиқиб нотўғри қарор қабул қилишимиз мумкин, оқибатларини тузатиб бўлмайди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳга иймон келтиришнинг зарурати, инсон юзакилик ва шошқалоқликдан азият чекмаслиги учун амал ва қарорларда тафаккур ва тадаббур қилишдир. Шунинг учун мўмин тадқиқотчи ва ўрганувчи зот бўлиб, хурофотчи эмас.

2. Биз бошқалардан, ҳатто фосиқ ва гуноҳкор одамлардан эшитган хабарларни рад ҳам, қабул ҳам этмаслигимиз керак / балки яхшиллаб изланиб, текширишимиз лозим, чунки баъзида фосиқлар ҳам ҳақдир.

3. Айрим шахслар ва ахборот воситалари жамиятни кескинлаштириш ва зарар етказиш мақсадида халқ орасида ёлғон хабар ва миш-мишлар тарқатади. Шундай экан, бундай ижтимоий зарарларнинг олдини олиш учун диндорлар эшитганларини  текшириб кўришлари керак.

4. Нотўғри қарорлар ва ҳаракатлар надомат ва афсусланишга олиб келади. Албатта, кўп ҳолларда, бу пушаймонлик фойдасиз, чунки зарарни қоплаш мумкин эмас.

Энди муборак Ҳужурот сурасининг 7 ва 8-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«وَ اعْلَمُوا أَنَّ فِیکُمْ رَسُولَ اللَّهِ لَوْ یُطِیعُکُمْ فِی کَثِیرٍ مِنَ الْأَمْرِ لَعَنِتُّمْ وَ لکِنَّ اللَّهَ حَبَّبَ إِلَیْکُمُ الْإِیمانَ وَ زَیَّنَهُ فِی قُلُوبِکُمْ وَ کَرَّهَ إِلَیْکُمُ الْکُفْرَ وَ الْفُسُوقَ وَ الْعِصْیانَ أُولئِکَ هُمُ الرَّاشِدُونَ»، «فَضْلاً مِنَ اللَّهِ وَ نِعْمَةً وَ اللَّهُ عَلِیمٌ حَکِیم»‏

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Ва билингларки, албатта, ичларингизда Расулуллоҳ бордир. Агар У ишлардан кўпида сизга итоат қилса, албатта, қийинчиликка дучор бўлардингиз. Лекин, Аллоҳ сизларга иймонни маҳбуб қилди ва уни қалбларингизда зийнатлади ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. Ана ўшалар тўғриликда юрувчиларидир. Бу Аллоҳ томонидан фазл ва неъматдир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

Бу оятлар Аллоҳ таолонинг икки улуғ неъматига ишора қилади: бири инсонларни ҳидоят қилиш учун пайғамбарлар юбориш/ иккинчиси эса Аллоҳ таоло барча инсонларга жойлаб қўйган пок табиатдир. Пайғамбарлар ўзларининг мантиқий ва равшан сўзлари билан одамларга йўл-йўриқ кўрсатиб, хулқ-атвори ва гўзал одоблари билан улар учун мукаммал намунадирлар. Шунинг учун мўминлар пайғамбарларга итоат қиладилар.

Бошқа томондан, Аллоҳ таоло инсон табиатини шундай яратганки, улар яхши амалларни яхши кўрадилар, ёмон ишларни эса ёмон кўрадилар ва бундай амалдан зотан нафратланадилар. Масалан, бировнинг молини ўғирлаган ўғри ҳам ўғирликнинг хунуклигини юрагида билади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Агар пушаймонлик ва надомат қилишни истамасак, биз илоҳий элчиларнинг ўгитларига эргашишимиз керак, улардан бизнинг хоҳишимизга бўйсунишларини кутмаслигимиз керак. Чунки бундай кутиш нотўғри.

2. Инсонни яхшиликка чорловчи, ёмонликдан сақлайдиган динга мойиллик Аллоҳ таоло барча инсонлар фитратига жойлаб қўйган туғма нарсадир.

3. Инсоният жамиятининг ҳақиқий юксалиши илоҳий элчиларнинг олий таълимотларига амал қилиш, ахлоқий ва хулқ-атвор иллатларидан сақланишга боғлиқ.

4. Инсоннинг ҳақиқий зийнати унинг иймони ва руҳий ва ахлоқий комиллигидир, кийим-кечак, уй-жой ва гўзал ашёлар каби зоҳирий кўринишлар эмас.

Сўнгда муборак Ҳужурот сурасининг 9-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:

«وَ إِنْ طائِفَتانِ مِنَ الْمُؤْمِنِینَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَیْنَهُما فَإِنْ بَغَتْ إِحْداهُما عَلَى الْأُخْرى‏ فَقاتِلُوا الَّتِی تَبْغِی حَتَّى تَفِی‏ءَ إِلى‏ أَمْرِ اللَّهِ فَإِنْ فاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَیْنَهُما بِالْعَدْلِ وَ أَقْسِطُوا إِنَّ اللَّهَ یُحِبُّ الْمُقْسِطِینَ»

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир.

Бу оят яна бир ижтимоий зарарга ишора қилиб, шундай дейилади: Баъзида жамиятдаги шахслар ёки қабилалар ўртасида ва ҳар икки томон ғалаба қозониш учун низолар бўлади. Бошқа томондан, улар дўстлари ва қариндошларидан ёрдам сўрашади. Шу муносабат билан Қуръони каримда жамиятнинг бошқа аъзолари ҳам зиддиятга аралашиш ўрнига томонларни тинчлик ва муросага чорлашлари таранглик ва низолар тарқалишига олиб келмасликлари лозимлигига урғу беради.

Аммо икки томондан бири уруш ва можарони давом эттиришни талаб қилиб, адолат асосида тинчликни қабул қилишдан бош тортса, жамият фитна ва ундан каттароқ азоб-уқубатлардан азият чекмаслиги учун ҳар ким босқинчи гуруҳга қарши туриш ва уни ўз ўрнига қўйишга мажбурдир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Жамиятдаги ҳар бир инсон жамият хавфсизлиги учун жавобгардир. Шунинг учун жанжал пайтида бефарқлик қабул қилинмайди. Улар ўз диндошлари ўртасида тинчлик ва муроса ўрнатишлари керак, бироқ иштирок этган икки гуруҳдан бири тажовуз ва исённи давом эттирса, улар тажовузкорни қарши туриб, тинчликни сақлашлари лозим.

2. Ўз тажовузи билан жамият хавфсизлигини бузаётган қўзғолончи ва исёнчига бепарво муносабатда бўлиш жоиз эмас. Бундай одам мусулмон бўлса ҳам унинг қони муқаддас эмас.

3. Урушнинг икки томони ўртасида тинчлик ўрнатишда адолат қарор топиши ва мазлумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаслиги керак. Акс ҳолда, бундай тинчлик ва муросага келиш зиллат ва исноддир.

Ушбу дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

Ёрлиқ