Нур томон йўл (953)
Муборак Қоф сураси 23-30 - ояти карималарининг шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Даставвал муборак Қоф сурасининг 23-26-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
«وَ قالَ قَرِینُهُ هذا ما لَدَیَّ عَتِیدٌ» «أَلْقِیا فِی جَهَنَّمَ کُلَّ کَفَّارٍ عَنِیدٍ»، «مَنَّاعٍ لِلْخَیْرِ مُعْتَدٍ مُرِیبٍ»، «الَّذِی جَعَلَ مَعَ اللَّهِ إِلهاً آخَرَ فَأَلْقِیاهُ فِی الْعَذابِ الشَّدِیدِ»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва унинг «яқини»: «Мана, бу мендаги тайёр нарса», деди. Ҳар бир қайсарни, кофирни жаҳаннамга ташланг! Яхшиликни ман қилувчини, тажовузкорни, шак келтирувчини! Аллоҳ билан бирга бошқани илоҳ қилиб олганни шиддатли азобга ташланг!
Аввалги дастурда доимо инсонлар билан бирга бўлган фаришталар ҳақида сўз борди; Бу дунёда унинг яхши ва ёмон ишларини ёзиб оладилар, қиёматда эса жаннат ёки дўзахга олиб борадилар.
Бу оятлар: “Фаришталар тайёрлаган амаллар дафтарига кўра, инсон ҳукм судида ҳозир бўлади ва унга кўра, Аллоҳ таоло куфр келтирган гуноҳкорларни солиҳлардан ажратиб, қилган амаллари учун жазолайди. Чунки улар ҳақиқатга ўжарлик ва қайсарлик билан Аллоҳга куфр келтирадилар, амалда эса ҳар бир яхшиликка тўсиқ қўядилар. Бундай кишилар илоҳий чегараларни бузадилар ва бошқаларни тўғри йўлни қабул қилишдан қайтарадилар. Улар Аллоҳдан ўзгаларни тарғиб қиладилар ва одамларни бошқа кучларга етаклайдилар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Агар куфр жоҳиллик туфайли бўлса, инсоннинг қайтишига умид бор. Аммо куфр ўжарлик ва мутаассиблик туфайли бўлса, у кундан-кунга шиддатлироқ ва чуқурроқ бўлиб боради ва бундай кишининг қайтиш эҳтимоли ақлдан йироқ ва даргумон.
2. Солиҳ амаллар аҳли бўлган ва бошқаларни яхшиликка чорловчи мўминлардан фарқли ўлароқ, инкор қилувчилар бошқаларни яхшилик қилишдан тўсадилар.
3. Дўзах жазосининг даражалари бор ва у куфр, ширк ва инсоний гуноҳларнинг миқдорига боғлиқ.
Энди муборак Қоф сурасининг 27-30-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
«قالَ قَرِینُهُ رَبَّنا ما أَطْغَیْتُهُ وَ لکِنْ کانَ فِی ضَلالٍ بَعِیدٍ»، «قالَ لا تَخْتَصِمُوا لَدَیَّ وَ قَدْ قَدَّمْتُ إِلَیْکُمْ بِالْوَعِیدِ»، «ما یُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَیَّ وَ ما أَنَا بِظَلاَّمٍ لِلْعَبِیدِ»، «یَوْمَ نَقُولُ لِجَهَنَّمَ هَلِ امْتَلَأْتِ وَ تَقُولُ هَلْ مِنْ مَزِیدٍ»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Унинг «яқини»: «Роббимиз, уни мен туғёнга кетгазганим йўқ, лекин унинг ўзи узоқ залолатда бўлди», дер. У зот: «Менинг ҳузуримда тортишманглар, сизларга азоб ваъдасини тақдим қилувдим. Менинг ҳузуримда гап ўзгармас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи эмасман», деди. «Бугун жаҳаннамга тўлдингми?» десак, у: « яна қўшимча борми?» дер.
Бу оятларда ёмон дўстлар, куфр пешволари каби инсонни дўзахга соладиган суҳбатдошлар, уларнинг бошида шайтон тургани ҳақида сўз боради.
Қиёматда одамлар ўзларининг тақдирларига дуч келганларида, гуноҳкорлар бир-бири билан, бузуқ раҳбарлари ва шайтон билан тортишиб, ҳар бири бир-бирини айблашга ҳаракат қилади. Гуноҳкорлар ўз етакчиларига, агар сиз бўлмаганингизда иймон келтирган бўлардик, дейишади ёки сизга эргашганимиз учун шу балога тушиб қолдик, дейишади. Албатта, бу баҳслар уларнинг жазосига таъсир қилмайди ва ундан ҳеч нарсани камайтирмайди.
Шайтон ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун айтади: Эй Аллоҳим, мен ҳеч кимни куфрга ва амрингга осий бўлишга мажбур қилганим йўқ, лекин улар ўзлари сенинг йўлингни унутиб, чуқур залолатга тушиб қолишди. Аммо дўзах аҳли уни айблаб, гуноҳларини оқлашга уринади.
Бу ерда Аллоҳ таолонинг чақируви уларнинг тортишувлари ва тўқнашувларини тугатади; ҳозир бу сўзларнинг вақти эмас; Ҳар кимнинг масъулияти аниқ ва у ўз айбига яраша жазосини олади, кам ҳам, кўп ҳам эмас. Ҳеч ким ҳеч қачон дўзахнинг сиғими чекланган ва катта гуноҳкорлар борлиги сабабли уларнинг навбати келмайди деб ўйламаслиги керак, лекин дўзах ҳозиргининг тили билан гуноҳкорларни ўзига чақиради ва сўрайди: Бундан ортиқми? !
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Биз ота-она ва опа-сингилларни танламаймиз; Аммо биз яхши ёки ёмон дўст ва ҳамроҳларни танлаймиз ва улар бизнинг тақдиримизга жуда таъсир қилади.
2. Қиёматда ҳеч ким ўз хатоларини ёмон дўстлар, бузуқ ва ноҳақ раҳбарлар ёки шайтонга юклаб, масъулиятидан қутула олмайди.
3. Аллоҳ одамларни ҳидоят қилишдан қочиб, уларга зулм қилмади. Шунингдек, золимларнинг жазосини камайтирмайди, чунки золимларнинг жазосини камайтириш яхшиларга ва мазлумларга нисбатан адолацизликка сабаб бўлади.
4. Гуноҳкорлар дўзахда Аллоҳнинг уларга қилган зулми эмас, балки ўзларига нисбатан қилган зулмлари туфайли жазоланадилар/ чунки Аллоҳ ҳеч қачон ҳеч кимга зулм қилмайди.
Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни буюк Оллоҳга ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.