феврал 23, 2023 12:21 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (1006)

Муборак Мунофиқун сурасининг 1-6-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввалги дастурда Жума сураси тугаши билан бу дастурда Мунофиқун сураси ояти карималарини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз. Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган ва 11 оятдан иборат. Унинг оятларида асосий эътибор нифоқ ва мунофиқларнинг хусусиятларига қаратилган.

Аввал муборак Мунофиқун сурасининг 1 ва 2-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ

إِذَا جَاءَکَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّکَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ یَعْلَمُ إِنَّکَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ یَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِینَ لَکَاذِبُونَ، اتَّخَذُوا أَیْمَانَهُمْ جُنَّةً فَصَدُّوا عَنْ سَبِیلِ اللَّهِ إِنَّهُمْ سَاءَ مَا کَانُوا یَعْمَلُونَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

1-Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар. 2 - Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан бурдилар. Бас, албатта, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!

Пайғамбаримиз Маккада эканлар, у ҳазратга бўлган иймон мўминлар учун мушриклар томонидан қийноқ ва таъқиблар ва баъзи ижтимоий имтиёзлардан маҳрум бўлишдан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади. Шунинг учун мўминлар ўз иймонларини даъво қилишда ростгўй эдилар. Аммо Пайғамбаримиз ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилиб, мусулмонлар кучайгач, баъзи кишилар қалбларида Пайғамбарга иймон келтирмаган ҳолда, ижтимоий мавқеини сақлаб қолиш учун тил орқали Ислом ва иймонни ифода этишди. Натижада жамиятда мунофиқлар сони аста-секин ошиб борди. Шунинг учун ҳам Мадинада нозил бўлган сураларда мунофиқларнинг хусусиятлари зикр қилинган.

Мунофиқларнинг хусусиятларидан бири ўз мақсадларига эришиш учун диний муқаддас нарсаларни суиистеъмол қилишдир. Улар Мадинада масжид қуриб, унинг очилишига Расулуллоҳдан ҳозир бўлишларини сўраганларида, Аллоҳ таоло уни зарарли масжид деб атади, бу эса мусулмонлар орасида бўлиниш ва ихтилофни келтириб чиқаради. Бу оятлар ҳам мунофиқларнинг одамларни алдаб, ўзларини оқлаш учун Аллоҳ номига қасам ичишларига ишора қилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Мунофиқлик, инсон қалбида кофир, лекин тили ва қиёфаси билан иймон келтириши, деган амалий ёлғондир.

2. Ёғли тил ва хушомад қилиш мунофиқларнинг йўлидир. Шундай экан, биз ҳар қандай садоқат ва дўстлик изҳори, ҳамроҳлик ва мадад даъволаридан хурсанд бўлмаслик, хушомадгўйлардан доимо эҳтиёт бўлишимиз керак.

3. Кўп қасам ичадиган ва сўзларини катта урғу билан айтадиганлардан сақланинг, чунки улар одатда икки юзли ва ёлғончилардир.

4. Нутқнинг ҳақиқати бир нарса, лекин сўзловчининг гапга ишонишида ростлиги бошқа масала. Шундай экан, баъзан ҳақиқатни гапирадиган мунофиқлардан эҳтиёт бўлишимиз керак.

5. Мунофиқлар Аллоҳнинг йўлини тўсади ва Аллоҳнинг динининг тарқалишини ҳар қандай йўл билан тўсади, масалан: Зирор масжидини қуриш билан мусулмонлар бирлигини бузиш, жабҳани тарк этиш билан ҳарбий зарба бериш ва одамларни Аллоҳга ёрдам беришдан тўсиб иқтисодий зарба бериш.

Энди муборак Мунофиқун сурасининг 3 ва 4-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

ذَلِکَ بِأَنَّهُمْ آمَنُوا ثُمَّ کَفَرُوا فَطُبِعَ عَلَى قُلُوبِهِمْ فَهُمْ لَا یَفْقَهُونَ، وَإِذَا رَأَیْتَهُمْ تُعْجِبُکَ أَجْسَامُهُمْ وَإِنْ یَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ کَأَنَّهُمْ خُشُبٌ مُسَنَّدَةٌ یَحْسَبُونَ کُلَّ صَیْحَةٍ عَلَیْهِمْ هُمُ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى یُؤْفَکُونَ

Ояти карималар қуйидагича таржималар қилинган:

3 - Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди. Энди улар фаҳмламаслар. 4 - Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осурсан. Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни зиддиларига ҳисоблайдилар. Улар душмандирлар. Улардан ҳазир бўл. Аллоҳ уларга уруш очсин, ҳақдан қандоқ ўгирилурлар.

Бу ояти карималарда мунофиқларнинг қиёфаси ва ичи ўртасидаги фарқга ишора қилиб, шундай дейилади: Уларнинг ташқи кўриниши гўзал ва алдамчи, сўзлари эса жуда жозибали ва ёқимли бўлиб, ҳар бир тингловчини ўзига тортади. Аммо ботинларида куфр ва ширкга илиниб, иймон йўлидан узоқ ва илоҳий ҳидоятдан маҳрум бўладилар.

Улар қиёфаси одамларнинг кўзини тўлдирадиган руҳсиз мурдалар, лекин ичлари миясиз ва бўм-бўш, ўз ҳаётидан қўрқиб, ўзгаларнинг гапини ўзларига зарарли деб ҳисоблаб, уларга қарши чиқадиган қўрқоқ  одамлардир. Мунофиқлар фақат уларнинг сўзлари эшитилишини ва қабул қилинишини кутадилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбар ва у зотга тобе бўлганларга мунофиқларнинг гўзал қиёфаси ва чуқур сўзларига маҳлиё бўлмасликдан эҳтиёт бўлишни, гарчи улар зоҳиран дўст бўлсалар ҳам, қалбларида мўминларга душман эканини билишни буюради. Улар бу дунёда мўминларнинг лаънатига, охиратда эса илоҳий жазога лойиқдирлар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Ҳақни билган, лекин унга ишонмаган одам ҳақда қалбини қулфлаб, ҳақиқатни англашдан ўзини маҳрум қилган бўлади.

2. Мунофиқлар мўминлар орасида яшайдиган душманлардир. Улар ташқи душманлардан кўра хавфлироқ бўлган ички душманлардир, чунки улар номаълум ва уларни билиш осон эмас. Шунинг учун улар билан курашиш қийинроқ.

3. Бизда одамларнинг ичи билан танишиш имкони йўқ, лекин биз уларнинг ташқи кўринишига қаноат қилмаслик ва ташқи кўринишига алданмаслик керак. Улар ташқи кўриниши ва кўриниши жиҳатидан гўзал ва жозибали бўладими ёки иймонли, ҳаё ва одобли одамлар бўлиб кўринади. Бу одамлар фаолиятининг мезони.

Сўнгда муборак Мунофиқун сурасининг 5 ва 6-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

وَإِذَا قِیلَ لَهُمْ تَعَالَوْا یَسْتَغْفِرْ لَکُمْ رَسُولُ اللَّهِ لَوَّوْا رُءُوسَهُمْ وَرَأَیْتَهُمْ یَصُدُّونَ وَهُمْ مُسْتَکْبِرُونَ، سَوَاءٌ عَلَیْهِمْ أَسْتَغْفَرْتَ لَهُمْ أَمْ لَمْ تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ لَنْ یَغْفِرَ اللَّهُ لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا یَهْدِی الْقَوْمَ الْفَاسِقِینَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

5 - Ва агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтадир», дейилса, улар бошларини чайқарлар. Ва уларни мутакаббирлик ҳолида юз ўгираётганларини кўрарсан. 6 - Уларга истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми-улар учун бари бир. Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас. Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоятга бошламас. (Истиғфор айтиш - гуноҳнинг кечишини Аллоҳдан сўраш. Суранинг нозил бўлиши ҳақидаги ривоятларда келишича, мунофиқларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғончилиги фош бўлгандан сўнг кишилар унга: «Энди Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўра, у киши сенинг гуноҳларингни кечишини сўраб Аллоҳга дуо қилсалар, гуноҳларинг мағфират қилинса ажаб эмас», дейишганда, мутакаббирлик билан бош чайқаб, бормаган экан. Лекин оятнинг ҳукми ҳамма мунофиқлар учун бир.)

Тарихда айтиб ўтилганидек, Мадинанинг баъзи мунофиқлари Расулуллоҳ ва у зотнинг содиқ саҳобалари ҳақида ноўрин сўзларни айтишар, лекин Пайғамбаримиз ҳузурларида бу сўзларни инкор этиб, Пайғамбаримиз ва мўминлардан узр сўрашга тайёр эмас эдилар. Уларнинг бу хатти-ҳаракатининг илдизи ўзларини азиз ва улуғ, бошқаларни паст ва тубан деб биладиган такаббурлик ва манманлик эди.

Қилган ёмон ишларидан пушаймон бўлмаган, ўзини гуноҳкор деб билмайдиган кимсалар Аллоҳдан мағфират сўрамаслиги табиий. Ҳатто Расулуллоҳнинг мағфиратлари ҳам уларга таъсир қилмайди, Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бундай кишиларнинг аҳволини ўз ичига олмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Келинг, адашган ва гуноҳкор одамларни қутқаришга ҳаракат қилайлик ва уларга тавба қилишлари ва Аллоҳга қайтишлари учун йўл очайлик.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, ундан истиғфор айтиш билан Аллоҳнинг мағфират ва раҳматига йўл очайлик.

3. Кибр ва манманлик мунофиқларга хос хусусиятдир. Улар ўзларини нотўғри деб ҳисобламайдилар ва ўзидан бошқа ҳеч кимни ҳақ деб ҳисобламайдилар.

4. Кибрли бўлиш, ҳақ дейишдан бош тортиш инсонни Аллоҳнинг чексиз ҳидоят ва раҳматидан маҳрум қилади.

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

Ёрлиқ