Нур томон йӯл-707
707-қисм."Анкабут" муборак сурасининг 14-18- ояти карималари
Суҳбатимиз ибтидосида “Анкабут” муборак сураси 14-15--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا نُوحًا إِلَىٰ قَوْمِهِ فَلَبِثَ فِيهِمْ أَلْفَ سَنَةٍ إِلَّا خَمْسِينَ عَامًا فَأَخَذَهُمُ الطُّوفَانُ وَهُمْ ظَالِمُونَ ﴿١٤﴾فَأَنجَيْنَاهُ وَأَصْحَابَ السَّفِينَةِ وَجَعَلْنَاهَا آيَةً لِّلْعَالَمِينَ ﴿١٥﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва, батаҳқиқ, биз Нуҳни қавмига Пайғамбар этиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди. (Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозусида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимда кишиларнинг умрлари узун бўлгани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, мазкур умрузоқлик оддий бир ҳол экани билинади.) (14) Бас, Биз унга ва кема соҳибларига нажот бердик ва у(кема)ни оламларга оят-белги қилдик. (15)
Бу ояти карималар ва бундан кейинги оятларда Нуҳ, Иброҳим ва Мусо алайҳимуссалом каби Илоҳий пайғамбарлар замонида яшаган олдинги қавмлар саргузаштига ишора қилиниб, уларнинг иймонлилик ёхуд саркашлик даражаси баён этилади.
Бу ояти карималарнинг гувоҳлик беришича Нуҳ алайҳиссалом яқин минг йил давомида одамларни динга даъват қилган бӯлсада, аммо жуда оз кишилар унга иймон келтиришди. Замондошларининг кӯпчилиги куфр йӯлидан қайтмади. Шу сабабли Аллоҳнинг изни билан сел ёмғири ва тӯфон кӯринишидаги Илоҳий азоб нозил бӯлди. Бу даҳшатли тӯфон натижасида келажак қавмларга ибрат бӯлсин учун барча мухолифлар ҳалок бӯлиб, муъминлар нажот топишди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Иймон ва куфр қавмларнинг шу дунёдаёқ ҳалок бӯлиши ёки нажот топишининг сабаби бӯлиши мумкин.
- Қуръони карим нуқтаи назаридан одамизод минг йиллар яшаб, узоқ умр кӯриши мумкин.
- Дин таблиғида сабр ва босиқлик ниҳоятда зарур. Халойиқнинг барчаси иймон келтиради, деб ӯйлаш тӯғри эмас.
Энди “Анкабут” муборак сураси 16-17-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَإِبْرَاهِيمَ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ اعْبُدُوا اللَّـهَ وَاتَّقُوهُ ۖ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ ﴿١٦﴾ إِنَّمَا تَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللَّـهِ أَوْثَانًا وَتَخْلُقُونَ إِفْكًا ۚ إِنَّ الَّذِينَ تَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللَّـهِ لَا يَمْلِكُونَ لَكُمْ رِزْقًا فَابْتَغُوا عِندَ اللَّـهِ الرِّزْقَ وَاعْبُدُوهُ وَاشْكُرُوا لَهُ ۖ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ ﴿١٧﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва Иброҳимни (юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга тақво қилинглар. Бундай қилишингиз, агар билсангиз, сиз учун яхшидир. (Иброҳим алайҳиссалом қавмларига илоҳий даъватни жуда содда қилиб тушунтирдилар. Аллоҳга ибодат қилинглар, бошқага эмас, Аллоҳдан қўрқинглар, бошқадан эмас, дедилар. Демак, қиладиган ҳар бир ишингиз Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлсин. Ҳар лаҳзада Аллоҳга тақво қилиб туринг. Ана шунда мақсадга эришасиз.) (16) Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қилмоқдасиз ва уйдирмалар тўқимоқдасиз, холос. Албатта, Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз сизга ризқ беришга молик эмаслар. Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар. Унга ибодат ва шукр қилинглар. Унгагина қайтарилурсиз», деди. (17)
Иброҳим алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан кейин одамларни бутпарастликдан қайтариб, уларни ягона Худо сари даъват этадиган иккинчи улулазм пайғамбар эди. Ул ҳазрат халойиқнинг бутпарастликка юз ӯгириши сабабларидан бири молиявий эҳтиёж эканлигини назарда тутиб, уларга қарати буюрар эди: камбағаллик ва эҳтиёж сабабли бутларга сиғинадиган бӯлсангиз, билиб қӯйинг, бу жонсиз жисмлар сизнинг эҳтиёжларингизни бажаришга қодир эмас.
Аммо Худога сиғиниб, унинг неъматларига шукрона қилсангиз, ҳам бу жонсиз жисмлар бандалигидан халос бӯласиз ва ҳам дунёда ризқ-рӯзингиз қӯлида бӯлган, ӯлимдан кейин ҳам сизни жазолаш ёхуд мукофотлаш ихтиёрида бӯлган зотга ибодат қилган бӯласиз.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Тақво ва гуноҳлардан парҳез қилмай туриб қилинган ибодат арзимасдир.
- Аллоҳдан ӯзгани ҳаётимизга таъсир кӯрсатади, дея ӯйловчилар бир қадар ширкка берилганлардир.
- Дин одамларни моддий жиҳатдан таъминланган бир тарзда яшаш учун ҳаракат қилишга даъват қилгани каби улардан Аллоҳ неъматларига шукрона қилиш ва ёлғиз Аллоҳга сиғинишни ҳам талаб қилади.
Энди “Анкабут” муборак сураси 18-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَإِن تُكَذِّبُوا فَقَدْ كَذَّبَ أُمَمٌ مِّن قَبْلِكُمْ ۖ وَمَا عَلَى الرَّسُولِ إِلَّا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ ﴿١٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Агар сизлар ёлғончи қилсангиз, бас, сиздан олдинги умматлар ҳам ёлғончи қилганлар. Пайғамбар зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ. (18)
Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти каримада ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом бутпарастларга қарата буюрадилар: мен одамларнинг ҳаммаси Худонинг динига иймон келтиради, деб ӯйламайман. Зеро, ӯтган қавмларнинг саргузаштидан маълумки, жуда кӯп одамлар пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган, уларнинг даъватларини қабул қилишмаган. Менинг ва барча Илоҳий пайғамбарларнинг вазифамиз Илоҳий даъватни одамларга етказишдир. Одамларнинг бу даъватни қабул қилиш-қилмаслигига мен масъул эмасман. Барча халойиқ кофир бӯлсалар ҳам мен айбдор эмасман.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Пайғамбарлар одамларни иймон келтиришга мажбур қилишмасди. Уларнинг вазифаси ҳидоятдир, мажбурлаш эмас.
- Мӯминлар барча одамлар уларга ӯхшаб иймон келтиради, деган хаёлда бӯлмасликлари керак. Улар ӯзларининг дин таблиғидан иборат вазифаларини бажаришлари керак. Кофирларнинг кофирлиги учун муминлар жавоб беришмайди.