ноябр 24, 2016 13:55 Asia/Tashkent

708-қисм."Анкабут" муборак сурасининг 19-23 -ояти карималари шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  “Анкабут” муборак сураси  19-20--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

أَوَلَمْ يَرَوْا كَيْفَ يُبْدِئُ اللَّـهُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ ۚ إِنَّ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّـهِ يَسِيرٌ ﴿١٩﴾ قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ بَدَأَ الْخَلْقَ ۚ ثُمَّ اللَّـهُ يُنشِئُ النَّشْأَةَ الْآخِرَةَ ۚ إِنَّ اللَّـهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ﴿٢٠﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ махлуқни аввал-бошдан қандай яратишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмайдиларми?! Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. (Ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло турли мавжудотларни йўқдан бор қилаётгани кўрилади. Дунёда пайдо бўлаётган ҳар бир янги нарсани Аллоҳ таоло яратаётгани аниқ. Буни тушуниб етмоқ лозим. Ўша янги пайдо бўлаётган махлуқотлардан, мавжудотлардан энг кичигини, энг соддасини, энг оддийини ҳам одамзот ярата олмайди. Барча инсонлар тўпланиб уринсалар ҳам, бу ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Бу ҳам тажрибадан ўтган ҳақиқат. Инсон энди шу ҳақиқатни тан олиши лозимки, ана ўша барча махлуқотларни йўқдан бор қилган зотга уларни қиёматда яна қайта тирилтириш жуда ҳам осон. Чунки йўқдан бор қилган зотга борни қайтариш ҳеч гап эмас.) (19) Сен: «Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (20) деб айт.

Ӯтган дастуримизда ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломнинг одамларни бутларга сиғиниш ва улардан ризқ-руз талаб қилиш ишидан қайтаргани ҳақида тӯхталган эдик.  Ана шу мавзуга бағишланган бу ва бундан кейинги ояти карималарда ҳазрат Иброҳим замонидаги ҳам,  ислом пайғамбари замонидаги мушриклар ҳам  бӯлмаган гап, дея инкор этадиган қиёмат куни ва охират ҳаёти ҳақида гап боради.

Бу ояти карималарда  "мушриклар  ақл-тафаккурларига мурожаат қилишса, инсонни бир маротаба яратган Аллоҳ учун иккинчи маротаба тирилтириш ҳам ҳеч гап эмаслигини англаб етишади" дейилган. Оятларнинг давомида мушриклар атрофларидаги мавжудотларга боқишсин, шунда бу оламнинг яратувчиси ҳамма ишга қодир эканлигини, инсонни қайта тирилтириш У улуғ зот учун ҳечам қийин иш эмаслигини  идрок этишади, дея таъкидланади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони карим инсонни борлиқ ҳақиқатларини англаши учун доимий тафаккур юритишга даъват этади.
  2. Борлиқ олам чексиз илм ва қудрат соҳиби бӯлган Аллоҳ таъолонинг мавжудотга  ҳаёт ва ӯлим бағишлаши мазҳаридир.
  3. Исломда асл ҳақиқатларни англаш учун саёҳат қилиш ва табиат мавжудотлари ҳақида тафаккур юритишга даъват этилган. Яратилиш оламини синчиклаб кузатган киши Аллоҳни яхшироқ идрок этади.

 Энди “Анкабут” муборак сураси 21-22-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

يُعَذِّبُ مَن يَشَاءُ وَيَرْحَمُ مَن يَشَاءُ ۖ وَإِلَيْهِ تُقْلَبُونَ ﴿٢١﴾ وَمَا أَنتُم بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ ۖ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ اللَّـهِ مِن وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ ﴿٢٢﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Кимни хоҳласа, азоблайдир, кимни хоҳласа, раҳм қиладир. Унгагина қайтарилурсизлар. (21) Сиз на ер юзида ва на кўкда У зотни ожиз қолдиргувчи эмассиз. Сизга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас», деб айт. (Cиз ер юзида ҳам, кўкда ҳам Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула олмайсиз. Унга қайтиб боришингиз, жазоингизни олишингиз турган гап.) (22)

Аллоҳнинг инсонга ӯлимидан кейин қайта ҳаёт бағишлаш қудрати ҳақидаги олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Дунё сай-ҳаракат ва экинни экиш даври, қиёмат эса сарҳисоб ва йиғиштириш айёмидир. Дунё экинзорига эккан зироатининг маҳсулини киши охират куни йиғиштириб олади. Қиймат куни дунёдаги барча ишларингиздан огоҳ бӯлган ва ана шу амалларингиз асосида сизга мукофот ёхуд жазо тайинлайдиган, лойиқ  деб билганларини авф айлаб, ӯз раҳматига оладиган ҳакам  ёлғиз Аллоҳ таъолодир.

Ҳеч ким дунё ва охиратда Илоҳий ҳокимият ҳудудларидан ташқарига чиқа оламан ёхуд Унинг қудрати қӯлидан қочиб ерга ёхуд осмонга яширинаман,  деб ӯйламасин. Чунки инсон қаерда бӯлмасин, У улуғ зот ҳокимияти назоратидадир. Фақат ер Худонинг ихтиёрида, агар фалакларга учиб, бошқа сайёраларга борсам, Аллоҳнинг назоратидан ташқарига чиқа оламан, дея ӯйламаслик керак. Зеро, бутун коинот ва ундаги барча нарсалар ёлғиз Парвардигорнинг мулкидир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг меҳр ва қаҳри ёнма-ёндир, токим яхшилар Унинг раҳматига умид боғлаб, ёмонлар ғазабидан қӯрқишсин.
  2. Аллоҳ ӯз бандаларига адолат ва ҳикмат юзасидан муносабат қилади, Ул зот ҳеч қачон бировга заррача бӯлсин зулмни раво кӯрмайди.
  3. Аҳли башарнинг  истак-иродаси гарчи у жуда ривожланган қуроллар ва улкан қудратнинг соҳиби бӯлсада,  Аллоҳнинг истак-иродаси устидан ғалаба қилолмайди.

Энди “Анкабут” муборак сураси  23-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَالَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِ اللَّـهِ وَلِقَائِهِ أُولَـٰئِكَ يَئِسُوا مِن رَّحْمَتِي وَأُولَـٰئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ ﴿٢٣﴾

Бу ояти  карима    қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳнинг оятларига ва Унга рўбарў бўлишга куфр келтирганлар, ана ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлдилар. Ана ўшаларнинг ўзларига аламли азоб бор. (Ҳа, бу дунёда фақат кофиргина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Чунки у ўзининг кофирлиги туфайли Аллоҳ билан бўлган алоқасини узади. ) (23)

Бундан олдинги оятларда Қуръони карим қиёмат куни бир гуруҳ одамлар Аллоҳнинг қаҳри, бошқа бир гуруҳи Унинг меҳр-мурувватига эришади, дея таъкидлаган эди.Бу ояти карима Аллоҳнинг раҳматидан умидини узган одамларга қарата буюради: борлиқ яратилиш тизимидаги Аллоҳнинг оят-белгиларини кӯрмасликка олган, ёки куфр юзасидан Қуръони карим оятларини ёлғонга чиқарган киши билиб қӯйсин, қиёмат куни у даҳшатли азобларга гирифтор бӯлажак. Зеро, у ҳам Аллоҳнинг яратувчанлик қудратини ва ҳам қиёмат кунини инкор қилган бӯлади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг раҳмати бепоёндир ва ҳар бир киши ӯзининг лаёқатига кӯра ундан баҳраманд бӯлиши мумкин. Аммо куфр ва инкор Илоҳий раҳматдан фойдаланиш йӯлини тӯсиб қӯяди. Масалан, улкан денгизда оғзи елимланган тӯп қанчалик сузиб юрсада, унинг ичига бир томчи ҳам сув кирмаслиги мумкин.
  2. Илоҳий раҳматдан фақатгина кофирлар маҳрум қолишади.