декабр 04, 2016 10:52 Asia/Tashkent

Носир Хусрав ҳаёти ва ижодиёти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам  буюк шоир ва адиб  Носир Хусравнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганизмиздек, Носир Хусрав олдин маълум муддат Ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати даврида расмий лавозимларда, яъни мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарган. Манбаларда берилган маълумотларга кўра, унинг Салжуқийлар салтанатида хизматда бўлганлиги хусусида ҳам айрим ишоралар сақланган. Бироқ Сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хисравнинг кўзини очди.

Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди. Жумладан, давлат хизматида ўтган йиллар унинг ҳаётий тажрибасини анча оширади. У бир тарафдан юқори табақалар ҳаёти, уларнинг мамлакат ва халқни бошқариш сиёсатидан воқиф бўлса, иккинчи томондан, оддий меҳнаткаш халқ турмуши, ҳунарманд, деҳқон ва бошқа касб эгаларининг жамиятдаги ўрнига оид бевосита кузатиш ва тажрибалари унинг асарларида акс этган.

Носир Хусрав 1045 йилда давлат хизматидан бўшаб, сафарга отланади. Унинг бу сафари етти йилга чўзилиб, 1052 йилгача давом этади. У Эрон, Арманистон, Озарбайжон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ диёрларидаги Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Мадина, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфаҳон ва бошқа бир қатор шаҳар ва вилоятларда бўлади. Мисрда икки йилдан ортиқ муқим яшайди. Сафар давомида Носир Хисрав ўз замонасининг кўплаб машҳур кишилари – шоирлар, олимлар, ҳокимлар билан учрашади.

Табиийки, бу узоқ сафар машаққатлардан ҳоли бўлмасдан, унга хатарли денгиз саёҳати, саҳроларни кесиб ўтиш, пулсизлик каби синовларга бардош беришга тўғри келади. Алломанинг сафар хотиралари унинг «Сафарнома» асарида акс этган. Ўша даврларда ислом динидаги икки асосий мазҳаб бўлган суннийлик ва шиалик ҳам ўз навбатида бир неча оқим ва фирқалардан иборат бўлган. Носир Хисрав шиа мазҳабидаги исмоилия оқимининг фаол тарафдори бўлди. У Мисрда бўлганида бу ерда давлат мафкураси даражасига кўтарилган исмоилия ғоялари баъзи жиҳатлари билан уни ўзига ром қилади.

Маълумотларга кўра, у фотимийлар тариқатига киради ва исмоилийлар маслагини қабул қилади. Фотимийлар бутун дунёни эгаллашни мақсад қилиб, уни 12 жазира (орол)га бўлган эдилар. Носир Хисрав Хуросон бўйича жазира бошлиғи – Ҳужжат этиб тайинланган. Баъзи тадқиқотчилар Носир Хисрав бундан олдин Ҳиндистонда бўлганда Мўлтон шаҳрида исмоилийлар жамоалари билан илк бор яқинлашгани, унинг ғарбий ўлкаларга сафар қилишдан кўзлаган асосий мақсдаларидан бири ҳам айни шу исмоилия таълимоти билан чуқурроқ танишиш бўлганлиги ҳақида фикрлар билдирганлар.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Носир Хусравнинг “Бургут” номли гўзал шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Бир кун бир қоядан учиб ҳавога,

Бир бургут тушганди ажаб савдога.

Очиқ қанотига назар ташлаб дер:

"Қанотим остида тоғу дарё, ер.

Авжга минсам,ўтиб, ҳатто қуёшдан,

Бохабар бўлурман дарё, тоғ- тошдан.

Дарё тагини ҳам кўради кўзим,

Барча жонивордан зийракман ўзим.

Алаф ичра қимир этса бир чибин,

Унинг қимирлаши аён мен учун".

Ғурур, манманликни авжга етказди,

Жафопеша тақдир зулмин ўтказди.

Пистирмадан овчи ўқ узди ногоҳ,

Қазо ҳукми ила бургутга, э воҳ.

Бургут қанотига қадалгани он.

Ҳаволаган бургут ер билан яксон.

Типирчилаб қолди, нақд ерда балиқ,

Сўнг бир оз тинчиди қаноти ёйиқ.

Деди:"Во ажабо, бу чўпу темир,

Бундай тез учмоқни қайдан олибдир?"

Ўз парини кўриб деди:" Давога-

Қайга борай, ўздан чиққан балога!"

Ҳужжат, манманликдан сен ҳам кет узоқ,

Ғурурланган бургут қисмати сабоқ.

                       ***

Булардан кечгилу ўзгани кўзла,

Улуғлар ишини ўргану сўзла,

Тавозу ҳам карам ҳамда қаноат,

Беозорлик ҳамда парҳезу тоат.

Агар ақлу ҳикмат сенга эрса ёр,

Улардан кеч бунга бўлгил харидор.

Улар келтиргайлар бошга ёмонлик,

Булар ато этгай ором, омонлик,

Вужудинга ўзинг хонсан, ўзинг шоҳ,

Ёмонлик етмасин ногоҳ, бўл огоҳ.

Мадад бер эзгулик одатга ҳар он,

Ёмонликдан узоқ бўл, бўлсанг инсон.

Гар шундай қилолсанг ўзинга хон сен,

Бўлмаса жинми, дев ёки нодонсен.

Тўнкарилган чархдан сенга бобма боб,

Нима етишса ҳам бўлмагил хуноб.

Жабру жафосидан тортма ғам алам.

Ғам емоқдан фойда тополмас одам.

Қанча айланмасин гарданда фалак,

Фақат ўз хоҳишин ўринлатажак.

У қачон бизнингча айлангани бор,

Чунки бизда мутлақ йўқдир ихтиёр.

Яхшиси ҳамавақт дилшод бўлайлик,

Аламу андўҳдан озод бўлайлик.

Дунёда ўткунчи ғам ҳам,шодлик ҳам,

Ғамдан сўнг шодликни кутади одам.

Насибамиз шундай  бўлса не чора,

Не чора, шундай сайр этса сайёра?

Носир Хисравнинг сафардан ватанига қайтиб келиши биланоқ, исмоилия таълимотини тарғиб қилиб бошлаган даъватчилик фаолияти сунний мазҳабидаги ҳукмдорларга ёқмади. Шу сабабли шоир қувғин ва таъқибларга учраб, бир қанча муддат Мозандарондек хилват ўлкада яшириниб юради. Бироқ ватанидан жудоликка тоқат қилолмай, тахминан 1060 йилда Бадахшонга келади ва Помир тоғлари орасида Юмғон қишлоғида паноҳ топади. Бу ерда у асосан ижодий иш билан машғул бўлади.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.