Коронавирус Хитой бўйлаб қандай тарқалгани маълум бўлди
(last modified Wed, 26 Feb 2020 09:35:08 GMT )
феврал 26, 2020 14:35 Asia/Tashkent
  • Коронавирус Хитой бўйлаб қандай тарқалгани маълум бўлди

Хитой Фанлар академияси тропик ботаника боғи олимлари вируснинг одамдан одамга юқиши 2019 йилнинг ноябрида ёки декабри бошида бошланган, деган хулосага келишди.

Сўнгра вирус Ухандаги денгиз жонзотлари бозорига тушган ва у ердан бутун мамлакат бўйлаб тарқалган. Бу ҳақда Caixin нашри хабар берди.

Таъкидланишича, мутахассислар коронавируснинг GISAID EpiFlu маълумотлар базасидаги ва 4 та қитъадаги 12 та давлатдан йиғилган 93 та намунасининг геном маълумотларини ҳамда вирус тарқалиш манбалари ва унинг тарқалиши йўлларини таҳлил қилиб чиқишган.

Тадқиқот давомида олимлар коронавирус Хуанан бозорига бошқа ердан тушгани ва тез орада бозорда, сўнгра унинг ташқарисида тарқалганини аниқлашган.

Олимлар маълумотларига кўра, қандайдир бир “бошланғич бемор” бозорда кимнидир зарарлаган. Ёмон санитар шароитлар ҳукм сурган гавжум бозор эса вируснинг одамлар орасида тарқалиши учун қулай муҳит бўлган.

Мутахассислар, шунингдек, вирус камида уч йўналишда тарқалганини аниқлашган. Ухандаги бозорга алоқаси бўлган барча беморларда вируснинг H1 гаплотипи ва унинг ҳосилалари H2 ва H8-H12 аниқланган. Бозорга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган уханлик бошқа беморларда эса H3 гаплотипи аниқланган.

Тадқиқотда кўрсатилишича, вируснинг одамдан одамга юқиши 2019 йил ноябри охири ёки декабри бошида бошланиб, сўнгра бозорга тушгач тезлашиб кетган бўлиши мумкин.

Шунингдек, Хитойнинг 9 провинцияси ва 11 та мамлакатдаги вирусга чалиниш ҳолатлари бевосита Ухан билан боғлангани аниқланган. Бундан ташқари, Гуандун провинциясида вируснинг учта ўчоғи, Чунцин ва Тайванда 2 тадан ўчоғи аниқланган.

Шу билан бирга, АҚШ, Австралия, Франция ва Япониядаги беморлар вируснинг камида иккита ўчоғидан касалланишган.

Тадқиқотда умумий базада юқорида кўрсатилган давлатлардан бошқа давлатлардаги беморлардан олинган намуналар камлиги ва бу беморлардан кўпчилиги вирусни юқтиришнинг бир хил ўчоғига эгалиги таъкидлаб ўтилган: улар вирусни ё Уханда, ёки Уханда бўлган одамлардан, ёхуд Гуандун, Сингапур ёки бошқа жойда юқтириб олишган.